Линклар

Дунё бўйлаб халқаро саломатлик куни кенг нишонланмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Ҳар йили беш миллион бола ёмон атроф муҳит келтириб чиқараётган касалликлардан нобуд бўлмоқда. Уларнинг аксар кўпчилиги ривожланаётган давлатларга тўғри келади. Бу давлатларда санитария-гигиена шароитлари ёмонлиги, шу жумладан сув ва ҳаво ифлослиги, ҳар хил ҳашаротларнинг кўпаяётгани ҳамда кимёвий моддалар ёш болалар орасида ич кетиш, малярия ва турли респиратор касалликларнинг кенг тарқалишига сабаб бўлаётир.

Дунё жамоатчилиги эътиборини шу муаммога жалб этиш мақсадида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бу йилги Саломатлик кунини "болалар учун соғлом муҳит" шиори остида ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Ташкилот вакили Грегори Хартл бу ҳақда шуларни айтади:

"Аслида, дунё бўйлаб Саломатлик кунини нишонлашдан мақсад инсонлар соғлигига таҳлика солаётган энг йирик муаммога жамоатчилик эътиборини қаратишдир. Бу йилги тадбирлар "болалар учун соғлом муҳит" шиори остида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки, экология ёмонлашуви билан боғлиқ ҳасталиклар туфайли дунё бўйлаб йилига беш миллион бола ҳаётдан эрта кўз юммоқда. Ушбу муаммо жамоатчилик эътиборидан четда қолар экан, ташкилотимиз болалар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида бу йил атроф муҳит бузилиши билан боғлиқ касалликлар ва уларнинг олдини олишга кўпроқ урғу беришга қарор қилди".

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хомийлигида ушбу кун муносабати билан дунёнинг турли мамлакатларида тадбир-анжуманлар ўтказилмоқда. Бироқ, ташкилот вакили Грегори Хартл болаларни ёмон атроф-муҳитдан асрашда биринчи навбатда ота-оналар ва ўқитувчиларнинг роли катта бўлиши кераклигини айтади.

"Албатта, бирон бир сана муносабати билан ҳар хил халқаро тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Бироқ, бизнинг бош мақсадимиз болаларга ўйин-кулги қилишлари, билим олишлари учун соғлом атроф-муҳитни яратиб, уларни салбий ташқи таъсирдан ҳимоялаш эканини ёддан чиқармаслигимиз керак. Буни аввалам бор катталар, ота-оналар тушунишлари зарур, деб ўйлайман".

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакилининг айтишича, бугунги кунда болалар ҳар қадамда ёмон атроф мухит таъсирига дуч келмоқдалар. "Улар орасида тушунтириш ишлари олиб бориш орқали бу хатар олдини олган бўламиз", - дейди Грегори Хартл. Айнан шу мақсадда Македониядаги "Врачлар соғлом атроф-муҳит учун" деб номланувчи нодавлат уюшмаси ташаббуси билан бошланғич мактабларда ўқувчилар учун махсус ўқув машғулотлари дарс жадвалига киритилди. Уюшма раҳбари Томика Ансевки бу ҳақда шуларни айтади:

"Биринчи босқичда уюшмамиз врачлари мактабларга бориб махсус дарслар берадилар. Дарсларнинг мавзуси жуда оддий, яъни соғлом турмуш тарзи, атроф-мухит таъсиридан қандай ҳимояланиш, санитария-гигиена қоидалари ва хоказо."

Македониядан фарқли ўлароқ, унга қўшни бўлган Албанияда ҳукумат расмийлари, ота-оналар эътиборини муаммога жалб этиш мақсадида Тирана бадиий академияси болалар суратлари кўргазмасини ташкиллаштирди. Болалар қўли билан яратилган ёмон атроф мухит ва унинг таъсири ҳақида маълумот берувчи бадиий асарлар кўргазмага қўйилди.

Сербияда эса аҳоли орасида Темир йўл экологик жиҳатдан энг тоза транспорт тури мавзусида тарғибот кампанияси олиб борилмоқда. Тадбир ташкилотчиларидан бири Жорже Сакичнинг айтишича, бугунги кунда Белград кўчалари ҳар хил заҳарли газларни ҳавога тарқатувчи эски автомашиналарга тўлиб кетган.

"Сербия сўнгги пайтларда автомашиналар ахлатхонасига айланиб улгурди. Эски автомашиналардан чиқаётган заҳарли газ хавони ифлослантирмоқда. Бу эса болалар орасида ҳар хил респиратор касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Шу боис темир йўлни экологик жиҳатдан тоза транспорт воситаси деб биламиз", - дейди тадбир ташкилотчиларидан бири Жорж Сакич.

Атроф мухит ёмонлашуви келтириб чиқараётган касалликларнинг олдини олса бўлади, - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Грегори Хартл. Бунинг йўлларидан бири ёмонлашган атроф мухит солаётган хатарлардан болаларни воқиф қилиш эканини айтади Хартл.
XS
SM
MD
LG