Линклар

Ироқ шимолида 18 курд жангчиси тасодифий зарбалар қурбони бўлди

  • Ҳурмат Бобожон

Ироқда ҳарбий ҳаракатлар жадаллашар экан, иттифоқчи кучлар орасидаги тасодифий отишмалар ҳоллари ҳам кўпаймоқда. Якшанба куни Ироқ шимолида ҳаракатланаётган курд ва АҚШ махсус қўшинлари Америка учқичларининг тасодифий ҳаво зарбасига учради. Оқибатда 18 курд жангчиси Америка ҳарбийларининг хато ҳатти-ҳаракатлари қурбони бўлди. Курд жангчилари билан бир сафда бораётган Озод Ироқ радиоси мухбири Сами Шореш бўлиб ўтган воқеани шундай тасвирлайди.

"Кеча, куппа-кундуз соат ўн иккилар чамаси Америка учқичлари курд жангчилари кетаётган автоколоннани ҳаводан ўққа тутди. Шундан сўнг, курд аскарлари автомашиналарни тарк эта бошлаганларида яна бир Америка учқичи уларга қарата ҳаводан зарба бера бошлади. Ҳаво ҳужумлари оқибатида жаъми 18 курд жангчиси ҳалок бўлди, 45га яқин ҳарбий жароҳат олди".

Жароҳатланганлар орасида Курдистон Демократик Партияси етакчиси Масуд Барзанининг укаси Важеҳ Барзани ҳам бор. Бўлиб ўтган воқеа курд жангчилари орасида қандай акс-садо берди? Воқеа шоҳиди бўлган Озод Ироқ радиоси мухбири бу ҳақда шуларни хабар қилади.

"Автоколонна таркибида бўлган курд жангчилари орасида америкаликларга нисбатан ёмон гаплар айтганлар ҳам бўлди. Бироқ, кеча Курдистон Демократик Партияси матбуот вакили Ҳўшёр Зебари матбуот анжуманида қилган чиқишида, бу ҳужумлар америкаликларнинг тасодифий ҳужуми бўлганини ва у Курдистон Демократик Партияси ва АҚШ кучлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига путур етказмаслигини қайд этди".

Америка ҳарбийларининг хато ҳатти-ҳаракатлари билан боғлиқ бу каби воқеа биринчи марта содир бўлаётгани йўқ.

Ироқда уруш ҳаракатларини кузатиб бораётган таҳлилчилар Америка ва Британия аскарлари рақиб ҳужумларидан кўра кўпроқ тасодифий ўзаро отишмалар қурбони бўлаётганликларини айтишмоқда. "Вашингтон пост" газетасининг ёзишича, ҳарбий ҳаракатларнинг ўн саккизинчи куни жанг майдонларида ҳалок бўлган 71 америка аскарининг 13 нафари ана шундай тасодифий ҳужумлар қурбони бўлган. Ўтган чоршанба Американинг Блэк Хоук ҳарбий вертолёти уриб туширилди. Айрим хабарларга кўра, бунга айнан иттифоқчиларнинг ердан қилган хато ҳужуми сабаб бўлган. Британияликлар эса Ироқда Америка ҳарбийларининг ноаниқ ҳаракатлари оқибати ўлароқ беш аскарини йўқотди. "Бу эса, дея ёзади "Вашингтон пост" газетаси, америкаликларнинг ҳарбий тактикасида 1991 йилги Кўрфаз уруши давридан буён жиддий ўзгариш рўй бермаганидан далолат бермоқда". Ироқда ўн икки йил олдин бўлиб ўтган ҳарбий ҳаракатлар давомида жаъми 148 АҚШ аскари нобуд бўлган ва уларнинг 35 нафари тасодифий ҳужум қурбони эди.

Сўнгги ўн йил давомида Америка ҳарбий техникаси анча такомиллашганига қарамай, нима сабабдан яна АҚШ ва Британия аскарлари тасодифий ҳужумлар қурбони бўлмоқдалар?

Германиялик ҳарбий таҳлилчи Роберт Умбах ҳаво кучлари ва қуруқлик қўшинлари ўртасида алоқа йўқлигини, уларнинг ҳаракатлари етарли даражада мувофиқлаштирилмаганини бунга сабаб қилиб кўрсатади.

"Агар Америка ҳаво кучлари ишлатаётган тунги кўриш мосламаларини душманники ёки бошқа ғарб давлатлариники билан солиштирадиган бўлсак, уларга тенг келадигани йўқ. Шундай экан, америка аскарларининг хато ҳатти ҳаракатларига ҳарбий техника сабаб бўляпти дейиш нотўғри. Бу каби тасодифий ҳужумлар олдин ҳам рўй берган. Ҳозирча, сўнгги тасодифий ҳужумлар сабаблари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ экан, бу ҳақда фақат таҳмин қилишга тўғри келади. Менимча, америка ва британия қўшинлари дуч келаётган муаммо ҳаво ва қуруқлик кучлари ўртасида мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг йўқлиги бўлса керак".

Немис ҳарбий таҳлилчиси америкалик аскарларнинг ноаниқ ҳатти-ҳаракатларига жангларнинг тарқоқ олиб борилаётганини иккинчи сабаб қилиб кўрсатади. "Айрим холларда, - дейди Франк Умбах, - қуруқлик қўшинларининг жабҳада илдамроқ кетиб қолаётгани пилотлар учун душманни аниқлашда бир мунча мураккабликларни юзага чиқармоқда".

Бу немис ҳарбий таҳлилчиси, Германиядаги халқаро алоқалар кенгаши мутахассиси Роберт Умбах фикрлари эди.

Немис таҳлилчиси таъкидлаганидек, Америка ҳарбий техникаси 1991 йилги Кўрфаз урушидан буён анча такомиллашди. АҚШ Мудофаа вазирлиги тасодифий ҳужумлар олдини олиш учун тунда кўриш, душманни аниқлаб беришга қодир жиҳозлар ишлаб чиқариш учун 175 миллион доллар ажратди. Мазкур техника учувчи ёки уни бошқараётган аскарга бир пасда ким душман ким дўст эканини аниқлаб беришга қодир. Бироқ, "Вашингтон пост" газетасининг, Америка ҳарбий мутахассислари фикрларига таяниб ёзишича, АҚШ пилотларининг шошқалоқликлари туфайли бундай ҳатоликлар юзага чиқмоқда. Кўрфаз уруши фахрийси Айван Оилрих учқичга ўрнатилган компьютерлашган мослама пилотга душаманни аниқлаш имконини беришини айтади. "Бироқ, - дейди америкалик ҳарбий, - бу бироз вақт талаб этади, яъни пилот нишоннинг йирик пландаги фотосуратини олганидан сўнг, ўт очиш тугмасини босиши керак. Шу ўринда, бошқа бир америка генерали учқични бошқараётган пилотларни ҳам тушуниш кераклигини айтади. "Чунки, улар тезда нишонни аниқлаб вақтида душманга зарба бермасалар ўзлари душман ҳужумига дуч келишлари ҳеч гап эмас", - дейди истеъфодаги Америка генерали Уилям Нэш.

Бироқ, таҳлилчиларга кўра, тасодифий фожеалар ҳали олдинда. Айнан Бағдодда бошланган кўча жанглари давомида кўплаб америка ва британия аскари тасодифий ҳужумлар қурбони бўлишлари ҳақида хавотирли фикрлар айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG