Линклар

Куба: 75 диссидент устидан суд жараёни тафсилотлари


Фарангис Саид

Хорижий ҳукуматлар ва инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотлари Кубадаги маҳкама жараёнини бир овоздан қораламоқдалар.

Куба раҳбари Фидел Кастрога мухолиф бўлган 75 одам устидан ўтказилган суд жараёнлари кўп ҳолларда бор-йўғи бир кун давом этди. Уларнинг қарийб ярмисига 15 йилдан 27 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди. Қолганлари тақдири шу ҳафта охирида суд ҳукми билан аниқланади. Яна тўрт кишига қўйилган айблар унчалик “жиддий” бўлмагани боис, суд уларни йиллар эмас, бир неча ойга озодликдан маҳрум этишга қарор қилди.

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Халқаро амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Кариб минтақасига оид масалалар билан шуғулланувчи ходимаси Пейж Уилхейт бу ҳақда ҳикоя қилади:

“18 мартдан бошлаб бир неча кун давомида Куба расмийлари оролнинг турли қисмларида оммавий тазйиқларни амалга оширдилар. Бу давр мобайнида қарийб 80 нафар кубалик диссидент, шу жумладан мустақил журналистлар, инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳукуматга мухолиф бўлган сиёсий ва бошқа гуруҳлар вакиллари ҳибсга олинди”.

Кубада бир неча йилдан буён мухолифат вакилларига тазйиқлар бироз камайган эди. Бироқ Фидел Кастро яқинда АҚШнинг Хаванадаги миссияси раҳбари Жеймс Кейсонни диссидентларга таянч кўрсатаётганликда айблади ва кўп ўтмай, аниқроғи 18 март куни ҳукуматга қарши ғояларга эга бўлганларни ҳибсга олиш бошланди. Фидел Кастро маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилиб, Кейсон Кубага қарши фаолият олиб бориш ҳақдаги буйруққа биноан Хаванага келганини айтди ва АҚШ ҳукумати Кейсон орқали кубалик диссидентларни молия билан таъминлаётгани ва бу билан Кастро режимини ағдаришни режалаштираётганини таъкидлади. АҚШ дипломати бундай айбларни инкор этди, аммо бунга қарамай, ҳибслар давом этди. Мана энди эса суд жараёни ўтказилмоқда.

Мексика, Канада, Швеция раҳбарлари Фидел Кастро ҳукуматини бундай судлов ўтказаётганлиги учун биринчи бўлиб танқид қилдилар. Уларга жаҳон ҳамжамиятининг кўплаб бошқа давлатлари қўшилди.

Хьюман Райтс Уотч ташкилоти ҳам маҳкама жараёнини қоралаб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарига вазиятга аралашишни сўраб, мурожаат қилди.

Халқаро амнистия ташкилоти ушбу иш юзасидан бир неча маълумотнома ҳамда расмий баёнот чиқарди. Бу ҳақда ташкилот вакиласи Пейж Уилхейт гапиради:

“Биз Куба расмийларига мурожаат қиляпмиз. Бироқ иш тафсилотлари шуни кўрсатяптики, ҳибсга олинганлар ва суд қилинганларнинг кўпчилиги сиёсий маҳбуслар бўлиши мумкин. Агар бу ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, маҳбуслар ҳеч қандай шартсиз дарҳол озод этилишлари керак. Агар уларга қўйилаётган айблар асосли бўлса, улар адолатли равишда суд қилинишлари лозим. Ҳозирга қадар суд адолатли бўлмаяпти”.

Фидел Кастро раҳбарлигидаги давлат социалистик мафкурадан воз кечмаган. Бироқ, сўнгги йилларда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият бироз яхшиланган эди. Мухолифат вакилларига нисбатан тазйиқлар давом этаётган, одамларнинг сиёсий сабабларга кўра жазоланиши ҳам учраётган бўлса-да, оммавий қамаш ва суд қилиш ҳоллари кузатилмаган эди. Март–апрел ойларидаги суд жараёнлари Кастро ҳукумати танқидчиларини ҳам ҳайрон қолдирди. Баъзилар фикрича, Фидел Кастро жаҳон ҳамжамияти диққати Ироққа қаратилганидан фойдаланиб, ўз душманларини йўқ қилмоқчи бўлди ва ўзининг бу қилмишлари Ироқ уруши соясида қолиб кетади, деб умид қилди.

Бундай тахминга Халқаро амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти ходимаси Пейж Уилхейт муносабати мана бундай бўлди:

“Халқаро ҳамжамият вакиллари дарров шу фикрга келдилар. Менимча, бу ишнинг ички сабаблари ҳам бўлиши керак. Ким билади, Куба ҳукумати қандай сабаб топди экан. Лекин энг муҳими шундаки, ишнинг бугунги кунгача амалга оширилиши инсон ҳуқуқлари халқаро мезонларига мутлақо зиддир. Буни тезда ўзгартириш лозим. Биз Куба расмийларини ишни қайта кўриб чиқишга даъват этамиз”.

Халқаро амнистия каби инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Куба ҳукуматига мурожаат қилишда давом этар эканлар, айни вақтда мустақил кубалик журналист Родригез Салюдес Фидел Кастро ва Кубанинг баъзи бошқа расмийларини адолатсиз айбловлар билан чиқиш, қийноқларни қўллаш, суд жараёнини ёпиқ эшиклар ортида ўтказишда айблаб, АҚШ судига берди. Бундай айблов “Хорижликларни қонунбузарликда айблаш ҳақдаги халқаро акт”га асосланган бўлиб, унга кўра, хорижий мамлакатлар фуқаролари муайян давлат қонунлари ёки АҚШ битимини бузган шахс ёки шахсларни судга беришлари мумкин. 1991 йилда қабул қилинган “Қийноқлар қурбонларини ҳимоя қилиш акти”га кўра ҳам, АҚШ суди инсон ҳуқуқларининг хорижий давлат ҳукумати ёки фуқароси томонидан поймол қилингани ҳолларини кўриб чиқади. Салюдес Фидел Кастрога қўйган айбларини мана шу ҳужжатга ҳам асослади.

Халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари, шу жумладан Куба-Америка миллий жамғармаси ижроия директори Жо Гарсиа Куба ҳукумати расмийларини судга бериш самара бериши мумкинлигига ишонади. “Инсониятга қарши жиноятлар жазоланиши керак”, дейди у ва Фидел Кастро режимига ҳар тарафдан босим кўрсатиш лозимлигини айтади.
XS
SM
MD
LG