Линклар

Бағдод касалхоналаридаги вазият.

  • Ҳасанжон

Ироқ пойтахти Бағдод учун жанглар душанба куни шиддатли тус ола бошлади. Олинган айрим хабарларда айтилишича, АҚШ танклари ва бошқа зирҳли машиналари Бағдод кўчаларида президент Саддам Ҳусайн тарафдорларига қақшатқич зарба бериб, президентлик саройлари, режим учун муҳим рамзий маъно касб этган жойларни қўлга киритганлар. Президент Саддам Ҳусайннинг улкан ҳайкали ҳам яксон қилинган.

Отишмалар ичида қолган Бағдоднинг беш миллион аҳолиси ҳозиргача электр, дори-дармон ва тоза ичимлик сувсиз кун кечирмоқда. Уруш ҳаракатларини жанг майдонидан туриб мунтаззам ёритиб келаётган журналистларга кўра, шаҳар касалхоналари яраланган ва тиббий ёрдамга муҳтож ироқликлар билан тўлиб тошган.

Бағдоддаги Кинди номли касалхонани бориб кўрган Халқаро Қизил Хоч қўмитаси вакиллари, у ердаги вазият оғир эканини, яраланган фуқаролар касалхонага тўхтовсиз келаётгани, жарроҳлар тинимсиз ишлаётганлари ва касалхонада зарурий дори-дармонлар тугаб бораётганини маълум қилдилар. Бағдод шаҳридаги Халқаро Қизил Хоч қўмитаси матбуот вакили Роланд Хюгенин-Бенжамин, АҚШ қўшинлари ва Саддам тарафдорлари ўртасидаги отишмалар авж олиб кетгани натижасида, бошқа касалхоналарни кўздан кечиришнинг имкони бўлмаганини айтди. Шаҳар маркази яқинидаги Кинди касалхонасида яраланган ва тан жароҳати олган фуқаролар кўплигидан, заҳирадаги оғриқ қолдирувчи дорилар тугаб бормоқда. Бундан ташқари Ироқ касалхоналарида бошқа зарурий тиббиёт ускуналари етишмайди. Сўнгги 24 соат ичида касалхоналарга юзлаб жароҳатланган фуқаролар олиб келинган. Хюгенин-Бенжамин, сўнгги икки кун давомида жаррроҳлар тинимсиз ишлаётганларини айтиб, Кинди касалхонасидаги вазиятнинг аянчли эканини таъкидлади. У сўзига қўшимча қилиб: “Яқин атрофда портлаш содир бўлаётганини бемалол эшитиш мумкин. Портлашдан деразалар зириллаб кетяпти. Тез ёрдам ва хусусий машиналар жуда кўп яраланган фуқароларни касалхоналарга олиб келяпти”,-деди.

Гувоҳлар айтганига асосланиб Франс Пресс ахборот агентлигининг билдиришича, Бағдоддаги аҳоли яшайдиган районга қанотли ракета тушиб портлагани натижасида, тинч аҳолидан тўққиз киши қурбон бўлган.

Халқаро Қизил Хоч вакиллари маълумотига кўра, ўтган жума куни жанглар шиддатли тус ола бошлаганидан бери касалхоналарга ҳар соатда тахминан, юзта жароҳат олган ироқлик олиб келина бошлаган. АҚШ расмийларига кўра, Бағдод жангида яраланган Ироқ ҳарбийлари сони бир неча мингни ташкил этади. Улар госпиталларда даволанмоқда.

АҚШ етакчилигида Ироқда олиб борилаётган уруш жараёнида тинч аҳолидан ҳозиргача қанча одам қурбон бўлгани ва яралангани ҳақида ҳеч ким аниқ маълумотга эга эмас. АҚШ кучлари Бағдодга кирганидан бери Ироқ ҳукумати талафотлар ҳақида маълумот эълон қилишни тўхтатди. Жанглар натижасида тинч аҳолидан неча киши қурбон бўлгани ёки жароҳатланган фуқароларни на касалхона шифокорлари ва на Қизил Хоч вакиллари рўйхатга ололмадилар.

Бағдод жанги давом этар экан, айни пайтда, Ғарбда урушдан кейинги Ироқни қайта тиклаш режалари муҳокама этилмоқда. Хусусан 8 апрел куни АҚШ президенти Жорж Буш ва Британия Бош вазири Тони Блэр Шимолий Ирландия пойтахти Белфастда учрашиб, бошқа масалалар қатори урушдан кейинги Ироқда БМТ қандай рол ўйнаши масаласини муҳокама қилдилар. Учрашувдан кейин АҚШ президенти Жорж Буш журналистларга Ироқда БМТ роли ҳақида гапириб: “Бу – озиқ-овқат, дори-дармонлар, инсонпарварлик ёрдамлари, турли хайрия-эҳсонларини ироқликларга етказиш демакдир”,-деди.

Кўпчилик кузатувчилар, Ироқ уруши тез фурсатда тугашини бу эса, ҳар куни балки, юзлаб гуноҳсиз одамлар қурбон бўлмаслигини англатишини башорат қилмоқдалар.
XS
SM
MD
LG