Линклар

logo-print

Ироқда Саддам ҳайкаллари қуламоқда, навбатни оҳири кимда?

  • Ҳурмат Бобожон

Америка танклари ҳеч қандай тўсиқларсиз Бағдод кўчалари бўйлаб ҳаракатланмоқда. Мамлакатда бошбошдоқлик ҳукмрон. Пойтахтликлар Саддам портретларини тепкилаб, ҳукуматга қарашли бинолардан қўлларига илган нарсани олиб кетмоқдалар.

Чоршанба куни барча жаҳон телеканаллари қатори, "Ал-Жазира" араб телеканали ҳам Бағдоддаги айни манзарани намойиш этди. Илгарилари Саддамни кўкларга кўтарган ироқликлар, энди диктатор ҳайкалларини топтамоқдалар, унинг портретларини ёқмоқдалар.

Бироқ, ироқликлардан фарқли ўлароқ, бошқа араб дунёси Бағдоддаги чоршанба кунги воқеаларни хавотирланиш билан қарши олди. "Ал-Жазира" бошловчиси бу борадаги арабларнинг умумий кайфиятига тўхталар экан, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлнинг бир неча ой олдинги маърузасини тилга олади. Колин Пауэл ўша чиқишида Ироқда Саддам режимининг қулаши билан, Яқин Шарқда кескин ўзгаришлар даври бошланади, деган эди.

Пауэл нимани назарда тутиб бу ҳақда гапирди? Ироқда Саддам ҳайкаллари қулатилаётган экан, энди навбат Яқин Шарқ давлатларидаги бошқа ҳайкалларгами? Бу ва бошқа саволлар кўпчилик арабларни ташвишлантирмоқда ва айни мавзу қатор араб оммавий ахборот воситаларида ҳам кескин мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бугунги суҳбатдошимиз Лондонда чиқадиган "Ал-Хаят" умумараб газетасининг Москвадаги шўба мудири Жалол ал-Машта. Асли ироқлик бўлган араб журналисти ал-Машта чоршанба кунги Бағдод воқеалари араб дунёсида турлича қабул қилинганини айтади.

"Бу ерда аралаш хиссиётларни кузатиш мумкин. Ироқликларнинг жиддий қаршиликларисиз Бағдоднинг ишғол этилиши икки кун олдин ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмаган эди. Айнан ана шу ҳолат кўпчилик арабларни таажжублантирмоқда. Иккинчи томондан, Ироқ режими кўп йиллар давомида Саддам шахсиятига асослангани ва унинг араб дунёсида дўстлари бўлмагани ҳаммага маълум. Шундай экан, Ироқда уруш кам талафотлар билан якунига етаётганидан кўпчилик араблар ҳурсанд. Бироқ, араб дунёсини Америка оккупациясининг қайси нуқтада тўхташи ва у бошқа араб давлатларига ҳам ёйилмасмикан, деган савол ўйлантирмоқда. АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ҳали Ироқда ҳарбий ҳаракатлар якунланмасданоқ, Сурияга таҳдид қилаётгани шундан далолат бермоқда".

Бу Лондонда чиқадиган "Ал-Хаят" умумараб газетасининг Москвадаги шўбаси мудири Жалол ал-Машта фикрлари эди.

"Вашингтон пост" газетасининг ёзишича, кўплаб араблар Бағдоднинг қулашини Ғарбий соҳилдаги Исроил оккупацияси билан қиёслашмоқда. Қоҳирадаги китоб дўконларининг бирида Бағдоддаги воқеаларни телевизор орқали кузатиб турган Шабан Маҳмуд, Американинг мақсади Исроилни Ироқдан ҳимоя этиш ва минтақа қазилма бойликларига эга бўлишидир, дейди. "Бағдодда ўйин-кулги қилаётганларнинг бари америка жосуслари, улар нималар қилаётганликларини ўзлари билишмайди", - дейди бошқа бир мисрлик фуқаро. Қоҳирада чиқадиган "Ал-Аҳрам" ҳафтаномаси муҳаррири Хани Шукралла бағдодликларнинг Саддам портретларини тепаётгани акс этган тасвирларга изоҳ берар экан, "бу иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас, улар ҳозир Саддамни қарғаб, унинг суратларини тепкиламоқдалар, бироқ эрта-индин улар Буш портретини ҳам тепкиламайдилар, деб ким айта олади", - дейди.

Бироқ, "Ал-Хаят" умумараб газетаси журналисти Жалол ал-Машта бағдодликларнинг кайфияти самимийлигига ишонишини айтади.

"Албатта. Ироқда кўплар яқин-яқинларгача, "яшасин Саддам!", - дея Ироқ раҳбарини олқишлаб келишган бўлсалар, ҳозир улар "яшасин Буш", - дея АҚШ раҳбарига ҳамду санолар айтмоқдалар. Албатта, ҳар икки ҳолатда ҳам мутлақ самимият бўлмаслиги мумкин. Лекин, шахсан мен ироқлик сифатида, кўплаб Ироқ аҳли, шу жумладан Саддамга яқин одамлар ҳам сўнгги воқеалардан енгил тортаётганликларига ишончим комил. Чунки, яккапартиявий диктатор режимларида ҳеч қачон одамлар, ҳатто давлат одамлари ҳам ҳукуматга садоқатли бўлмаган".
XS
SM
MD
LG