Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:26

Афғонистонда мамлакатни тиклаш ишлари давом этмоқда


Фарангис Саид

Мир Муҳаммад Фарҳанг Афғонистонда қайта тиклаш ишлари режага кўра амалга оширилаётганини таъкидлайди. Афғонистон Қайта тиклаш ишлари вазири Фарҳанг Ўтиш даври ҳукумати эришган муваффақиятлар мисоли сифатида 3 миллион бола мактабда ўқиётгани, 2 миллион қочқинга бошпана берилгани, янги миллий валюта муомалага киритилгани, одамлар иш билан таъминланганини айтиб ўтади:

“Мамлакатни қайта тиклаш учун масъул шахс сифатида мен кўплаб соҳалар, айниқса сиёсатдаги ўзгаришлардан мамнунман. Янги Лўя Жирга тузилди, янги Конституция лойиҳасини тайёрлаш учун махсус комиссия таъсис этилди. Конституция яқинда тайёр бўлади”.

Шундай дер экан, Мир Муҳаммад Фарҳанг айни вақтда иқтисодни қайта тиклаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳали кўплаб муаммолар мавжудлигини эътироф этади.

Албатта, 23 йиллик уруш натижасида мамлакат алоқа, ирригация, электр қуввати тизимларига ниҳоятда катта зарар етган. Уларни қайта тиклаш билан бир қаторда таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида ҳам кенг кўламли ишлар олиб бориш лозим. Бундан ташқари, энг асосийси - одамлар хавфсизлигини таъминлаш керак.

Халқаро ҳамжамият Афғонистонга 4,5 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратишни ваъда қилган. Улардан 1 миллиард 800 миллиони 2002 йилда Кобулга етиб келиши кўзда тутилган эди. Бироқ Фарҳангнинг билдиришича, ваъда қилинган ёрдамнинг 30 фоизигина Афғонистон ҳукуматига берилди. Қолган қисмини донор-давлатлар Афғонистонда фаолият олиб бораётган Ғарб нодавлат ташкилотлари ва инсонпарварлик агентликларига беришга қарор қилдилар. Фарҳанг фикрича, Ғарб давлатлари бу билан Афғонистон янги ҳукуматига ишониш мумкин эмас, деб ҳисоблаётганларини намойиш қилдилар.

Озод Европа-Озодлик радиоси мухбири Фарангис Нажибулла билан суҳбатда бўлган Афғонистон Марказий банки раҳбари Анвар ул-Ҳақ Аҳадий бу борада мана бундай фикр билдиради:

“Кўпларда ажратилаётган маблағ керак бўлмаган маслаҳатчиларга берилмоқда, қоғозбозлик натижасида йўқ бўлиб кетмоқда, деган фикр шаклланяпти. Хорижий давлатлар бизга маблағни қайси мақсадда ишлатаётганларини айтмайдилар. Ҳолбуки, маҳаллий мутахассислар ҳам хорижликлар ишини бажара оладилар”.

Кобулда фаолият олиб бораётган бир ташкилотнинг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Эҳсонулло Ориёнзай Афғонистон ҳукумати ўз олдида турган муаммоларни ҳал этиш учун етарли тажрибага эга эмас, деган фикрда:

“Сўнгги 16 ой давомида мамлакатда олиб борилаётган қайта қуриш ишлари мени қониқтирмаяпти. Хорижий ёрдам етиб келганидан кейин телекоммуникация тизимини тиклаш, гидроэлектр станцияларини ва йўлларни қуриш ишлари авж олади, деб умид қилган эдик. Лекин бундай ўзгаришлар йўқ”.

Афғонистон ҳукумати хорижий сармояларни жалб этишга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, хавфсизликнинг мамлакат миқёсида таъминланмагани инвесторлар ташвишига сабаб бўлаётир.

Ҳамид Карзай ҳукумати қўшни давлатлар билан биргаликда Туркманистон газини Афғонистон ҳудуди орқали Покистон ва Ҳиндистонга олиб ўтиш имконини берадиган транс-афғон қувури режаси устида ишламоқда. Агар ушбу 3 миллиард долларлик лойиҳа амалга оширилса, 10 минг афғонистонлик иш билан таъминланади. Афғонистон эса газ транспортировкаси учун йилига 300 миллион АҚШ доллари фойда кўради. Бироқ, режанинг амалга ошиши учун ҳам хорижий ёрдам керак.

Афғонистондаги бугунги ўзгаришлар 2001 йил 11 сентябр воқеалари оқибатидир. Бироқ ҳозирги кунда АҚШ эътибори Ироққа қаратилгани Ҳамид Карзайни хавотирга солмоқда. АҚШ Ироқ уруши бошланганидан сўнг Афғонистонда жойлаштирилган аскарлар сонини камайтирмагани расмий Кобулга Вашингтон Афғонистонни унутмайди, деб умид қилишга имкон берди. Бундан ташқари АҚШ Конгресси яқинда Афғонистонга 3,3 миллиард долларлик ёрдам пакетини ажратиш ҳақда қарор қабул қилди.
XS
SM
MD
LG