Линклар

Жаҳон иқтисодиёти: у қачон ўса бошлайди?


Фарангис Саид

Иқтисодиёти энг тараққий этган етти давлат вакиллари Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки расмийлари билан биргаликда 12-13 апрел кунлари жаҳон иқтисодиётига оид масалаларни муҳокама қилар эканлар, эътиборни жаҳон бозорларидаги вазиятни қайси йўллар билан яхшилаш мумкинлигига қаратдилар.

Учрашув якунида Еттилик гуруҳи томонидан чиқарилган баёнотда жаҳон иқтисодиётидаги муаммоларга Ироқ атрофидаги ноаниқ вазият сабаб бўлгани қайд этилади ва бундан буён иқтисодда юксалиш кузатилиши айтилади.

АҚШнинг “Лиман Бразерс” молиявий компанияси бош иқтисодчиси Этан Харрис Ироқ урушининг жаҳон иқтисодига таъсирини баҳолаш мумкинми, деган саволга мана бундай жавоб берди:

“Уруш таъсирини бир жиҳатдан баҳолаш осон бўлса, бошқа жиҳатдан жуда қийин. Энг осони – урушнинг муайян давлатлар бюджетига қандай таъсир қилганини аниқлашдир. Ироқ уруши натижасида АҚШ бюджетида камомат пайдо бўлиши шубҳасиз”.

Шундай дер экан, америкалик иқтисодчи, урушдан сўнг Ироқда жойлатириладиган тинчликни сақловчи қўшинлар учун ҳам АҚШ бюджетидан маблағ ажратилади, бу эса камоматни янада оширади”, деб башорат қилади. Нефтнинг жаҳон бозоридаги нархи масаласига тўхталар экан Этан Харрис бир баррел нефтнинг нархи 10 долларга ошса, бу АҚШ иқтисодиётининг ярим фоизга ўсишига олиб келади, деб ҳисоб-китоб қилади.

12-13 апрел кунлари Вашингтонда жаҳон иқтисодиётига оид масалаларни муҳокама қилган Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки расмийлари ҳам асосий эътиборни глобал иқтисодий жараёнларда муҳим рол ўйнайдиган омил - Ироқ келажаги масаласига қаратдилар.

Халқаро ҳамжамиятнинг баъзи аъзолари, хусусан Ироқ янги ҳукуматини фақат АҚШ белгилашига қарши чиқаётган давлатлар ушбу ҳукуматнинг қонуний бўлиши юзасидан шубҳаланмоқдалар. Шунга қарамай, улар Ироқнинг янги ҳукуматига ёрдам бериш кераклигини якдиллик билан таъкидлашмоқда.

Кузатувчилар фикрича, Жаҳон банки ҳамда Халқаро валюта жамғармасига энг кўп молия ажратувчи АҚШ ҳукумати ушбу тузилмалар учрашуви олдидан уларга жиддий босим ўтказиб, Ироқни қайта қуриш мақсадида алоҳида ёрдам кўрсатишни талаб қилган.

Жаҳон банки президенти Жеймс Волфенсон Ироққа бериладиган грантлар ва кредитлар Банкнинг асосий мақсади – жаҳондаги камбағалликка қарши курашга салбий таъсир қилмаслиги кераклигини айтиб ўтди. Банк раҳбарияти фикрича, Ироқдаги иқтисодий вазият аянчли бўлса-да, мамлакат жаҳоннинг камбағал мамлакатлари рўйхатига кирмаган, чунки нефт туфайли Ироқнинг иқтисодий потенциали жуда катта ҳисобланади. Шу сабабдан Жеймс Волфенсон масалага аниқлик киритишга ҳаракат қилиб:

“Ҳозирда Ироқни қайта қуришга керак бўлган 20 миллиард долларлик маблағ нефт эвазига берилади ёки бу маблағни бошқа сармоядор ажратади. Бу молия бизнинг банк ҳисобидан берилмайди”, - деб айтди.

Аммо халқаро нодавлат ташкилотлари ва инсонпарварлик агентликлари бундай ёндашувни танқид қилдилар. Улар фикрича, Волфенсон баёнотларига қарамай, Банк Ироққа маблағ ажаратади, бу эса камбағал давлатларга берилиши мумкин бўлган маблағни камайтиради. “Бунинг ўрнига АҚШнинг ўзи Ироқни молия билан таъминласин”, - дейишмоқда баъзи фаоллар.

Уларнинг кўпчилиги молиявий саммит бўлиб ўтаётган бино олдида тўпландилар ва норозилик билдирдилар. Уларнинг фикрини умумийлаштириб, “урушни Ироққа қарши эмас, балки қашшоқликка қарши олиб бориш керак”, деб иҳозлаш мумкин.

Жаҳон банки эса қашшоқликка қарши курашаётганини таъкидлар экан, бунинг далили сифатида 90-йиллар давомида жаҳон иқтисодиётида кузатилган ўзгаришлар ҳақда маълумот тарқатди. Унга кўра, жаҳон бўйлаб кунига 1 АҚШ долларига яшаётган, яъни Жаҳон банки мезонларига кўра, камбағал ҳисобланган одамлар сони анча камайган. Бу асосан Хитой ва Ҳиндистонда кузатилган. Бироқ Африка мамлакатларида камбағаллар сони 241 миллион одамдан 315 миллионгача ошган.

Ўтган ҳафта якунида Вашингтонда бўлиб ўтган учрашувда Жаҳон банки ҳамда Халқаро валюта жамғармаси вакиллари камбағаллар сонини камайтиришга қаратилган ишларни давом эттиришни ваъда қилар эканлар, бу мақсадда ажратилаётган маблағ оширилиши ҳақда ҳеч нарса демадилар.

Молиявий тузилмалар танқидчилари бунга эътибор қаратиб, Ироқ урушига тайёргарликнинг ўзи жаҳон иқтисодиётига 75 милиарддан 100 миллиард долларгача зиён етказгани, Ироқни қайта қуришга эса бундан ҳам кўпроқ маблағ сарфланишини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG