Линклар

Навбатдаги нишон Суриями?

  • Ҳурмат Бобожон

Вашингтон Ироқдаги ҳарбий мувоффақиятларидан сўнг Сурияга босимни кучайтирар экан, кўплаб таҳлилчилар энди Сурия АҚШ учун нишон бўлса керак, деган таҳминларни ўртага ташламоқдалар. Вашингтон расмийларининг Дамашққа нисбатан сўнгги кунларда қилаётган огоҳлантирувлари ҳам шундан далолат бераётганга ўхшайди. Сурия Саддам Хусайн ва унинг ҳамкорларига бош пана бераётгани ҳақидаги баёнотлар бирданига Вашингтоннинг уч расмийси томонидан янгради. Америка расмийларининг бундай иддаоларига якшанба куни Саддам Хусайннинг ўгай укаси Ватбан Иброҳим Сурияга қочиб ўтаётган пайтда ушлангани сабаб бўлди.

Дастлаб, АҚШ президенти Жорж Буш якшанба куни Оқ уйда журналистлар олдида қилган чиқишида, Ироқ бошига тушган кулфат бошқа "жаҳолат ўқлари", жумладан Эрон ва Шимолий Корея бошига ҳам тушиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бушнинг таъкидлашича, оммавий қирғин қуролларининг тарқалиши Вашингтонни жиддий хавотирга солмоқда. Оқ уй раҳбари бошқа "жаҳолат ўқлари" қатори Сурияни ҳам тилга олар экан, Дамашқ расмийларини Вашингтон билан ҳамкорлик қилишга ва Ироқнинг собиқ расмийларига бош пана бермасликка чақирди.

"Сурия оммавий қирғин қуролига эга эканига бизда шубҳа йўқ. Биз ҳозир Ироқда эканмиз, Суриядан ҳамкорликни кутмоқдамиз. Ва умид қиламанки, биз бу ҳамкорликка эга бўламиз", - деб қайд этди АҚШ президенти Жорж Буш.

Суриянинг Америка Қўшма Штатларидаги элчиси муовини Имад Мустафо Буш баёнотига муносабат билдирар экан, унинг давлати Ироқ расмийларига бош пана бераётгани борасидаги айбловларни рад этди. Сурия дипломати ироқликларнинг Сурияга қочиб ўтаётганида АҚШ қўшинларини айблаб, "бунга Ироқ-Сурия чегарасида назорат ўрнатиш масъулиятини зиммасига олган АҚШ ҳарбийлари жавобгар", - деб таъкидлади.

Олдинроқ, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл ҳамда Мудофаа вазири Доналд Рамсфелдлар ҳам Сурия Ироқнинг собиқ режими аъзоларини ўз панохига олаётганини баён қилишган.

Вашингтон расмийларининг бундай баёнотлари дархол Франциянинг кескин эътирозига сабаб бўлди. Яқин Шарқ давлатлари бўйлаб сафар қилаётган Франция ташқи ишлар вазири Доминик де Вилпэн ҳозир Сурияга босим қилиш мавруди эмаслигини, ундан кўра жаҳон ҳамжамияти эътибори Ироқни қайта тиклаш ва Яқин Шарқда тинчлик жараёнларига қаратилиши кераклигини таъкидлади.

Франциянинг бундай мурожаатига Араб Лигаси бош котиби Амр Мусса ҳам қўшилди. Қоҳирада журналистлар олдида чиқиш қилган Мусса АҚШнинг Сурияга нисбатан таҳдидлари Яқин Шарқда вазиятни издан чиқаришдан бошқа нарсага олиб келмаслигини қайд этди.

Ўз навбатида Пентагон раҳбари Рамсфелд Вашингтоннинг хавотирларига жиддий сабаблар борилигини таъкидламоқда. Унинг сўзларига кўра, Ироқ қўшинлари орасида бир қанча Сурия фуқаролари борлиги аниқлангани Дамашқ Ироқни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётганидан далолат бермоқда.

"Бир неча автобусларда Суриядан Ироққа одамлар ўтаётганини кузатяпмиз. Уларнинг айримларини тўхтатиб қолдик, айримларини ортга қайтариб юбордик, айримларини эса ҳарбий жиноятчи сифатида ҳибсга олдик", - деди Пентагон раҳбари.

Рамсфелднинг таъкидлашича, коалиция кучлари Бағдодда Ироқ томонида курашган хорижий қўшинлар билан юзма-юз келганлар. Улар орасида бир қатор сурияликлар ҳам бўлган. Ўтган якшанба куни эса АҚШ ҳарбийлари Бағдод касалхонасини қўриқлаётган Америка аксарини отиб ўлдирган қуролли шахсни ушлаганларида, унинг ёнида Сурия паспорти топилган. АҚШ ҳарбий қўмондонлигининг маълум қилишича, Суриядан Ироққа ўтган жаъми 59 қуролланган шахс қўлга олинган. Улар ёнидан топилган Америка аскарларини ўлдириш учун мукофот тариқасида берилган 630 минг долларлик пул мусодара этилган.

Вашингтон Ироқдаги ҳарбий мувоффақиятларидан сўнг Сурияга босимни кучайтираётгани, энди навбат Эрон ва Сурияга келса керак, бу борада Вашингтон бир неча давлат рўйхатини ишлаб чиққан деган гумонлар пайдо бўлишига сабаб бўлди. Британияда чиқадиган "Гардиен" газетасида АҚШ учун навбатдаги нишон бўлиши мумкин давлатлар орасида Сурия, Эрон, Ливия, Шимолий Корея, Куба давлатлари тилга олинади. Бироқ, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэл ўтган жума куни қилган чиқишида Ироқ урушидан кейин Вашингтоннинг ҳеч бир давлатга ҳужум қилиш нияти йўқлигини баён қилди ва ҳеч қандай қора рўйхат йўқлигини таъкидлади. Ва айни гапни Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу ҳам айтди. Душанба куни Баҳрайнда журналистлар олидида чиқиш қилган Строу: "Сурия жавоб бериши керак бўлган муҳим саволлар талайгина. Шу пайтгача Сурия рўйхатда иккинчи давлат экани ҳақида айтиб келинди. Мен бунга аниқлик киритиб шуни айтамоқчиманки, асло ундай эмас. Қўлимизда ҳозирча бошқа рўйхат йўқ", - деб айтди.

Бироқ, АҚШ раҳбари Жорж Буш якшанба кунги чиқишида Ироқ тақдири кимёвий, биологик қуролларни яшириб, террорчиларни қўллаб-қувватлаётган бошқа давлатларга сабоқ бўлишига Вашингтон умид қилишини қайд этиб ўтди.
XS
SM
MD
LG