Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:25

Ироқда оммавий қирғин қуролларини топиш Америка учун сиёсий жихатдан муҳим


Саддам режими қулаган ва Ироқда ҳарбий ҳаракатлар оҳирлаб бораётган бир пайтда, иттифоқчи кучлар Ироқда оммавий қирғин қуролларини топишга бор кучларини сафарбар этмоқдалар. Чунки, Ироққа қарши уруш бошланишига ҳам, БМТ Хавфсизлик Кенгашида 1441 резолюциянинг қабул қилинишига ҳам айнан Саддам Хусайн ҳукумати оммавий қирғин қуролларига эга, деган гумонлар сабабчи бўлган эди. Бағдод ҳукуматини, агар у БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари билан етарли ҳамкорлик қилмаган тақдирда "жиддий оқибатлар"дан огоҳ этувчи ўша 1441 резолюциянинг қабул қилинганидан буён тўрт ойдан ошиқроқ вақт ўтибдики, Ироқда ҳозирча на кимёвий-биологик қуроллар ва на ядровий қуроллар топилди.


Ироқдаги Америка ҳарбийларининг эса Саддам Хусайн қуролларини топиш иштиёқлари ҳали сўниб улгурмаган кўринади. Яқинда улар Ироқ жанубидаги артиллерия қуроллари заводи яқинига кўмиб қўйилган 11та контейнерни топганликларини маълум қилишди. Америкалик мутахассислар фикрича, бу топилмалар Ироқда кўчма кимёвий ва биологик лабороториялар борлигидан дарак бермоқда. Шунга қарамай, ҳозирча бу контенерлар Ироқда оммавий қирғин қуроллари бўлган, дейиш учун асос бўла олмайди.

12 апрел куни ихтиёрий равишда Британия кучларига таслим бўлган Ироқнинг олий мартабали расмийси Амир ас-Саади Ироқда ҳеч қачон оммавий қирғин қуроллари бўлмаганини ва уларни қидириш бефойда эканини маълум қилди. Саддам Хусайн ҳукуматида ядровий масалаларга бош-қош бўлиб келган генерал Саади Германиянинг "Цэ-Де-Эф" телеканалига берган интервьюсида: "Мен Ироқнинг ўтмишдаги ядровий дастурлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлган собиқ ҳукумат расмийси сифатида олдинлари ҳам фақат ҳақиқатни айтганман ва ҳозир ҳам ҳақиқатни айтаман. Мана кўрасизлар урушдан кейин ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди", - деб таъкидлади.

Бироқ, Жорж Буш раҳбарлигидаги АҚШ маъмурияти ҳам, Тони Блэр етакчилигидаги Британия ҳукумати ҳам Саддам Хусайн оммавий қирғин қуролларига эга бўлганига шубҳасизлигини таъкидлаб, қандай бўлмасин уларни топишга ҳаракат қилмоқдалар.


Душанба куни Оқ уй матбуот вакили Ари Флэйшер журналистларнинг: "Буш ва Блэрлар ҳақ бўлганларини исботлаш учун Ироқда қандай миқдорда қурол топилиши керак?", - деган саволларига жавобан: "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюциясида ҳар қандай миқдор таъқиқланади, қайтариб айтаман ҳар қандай миқдор. Ва биз Ироқда қидираётган нарса албатта бор. Биз уни топамиз ва дунё ҳамжамиятини бундан хабардор этамиз", - деб айтди.

Вашингтондаги стратегик тадқиқотлар марказининг ҳарбий масалалар бўйича мутахассиси Энтони Гордесман ҳозирда коалиция кучлари учун Ироқда йирик миқдорда оммавий қирғин қуролларини топиш сиёсий жиҳатдан муҳим масала эканини айтади. Бироқ, таҳлилчи ўша қуроллар Ироқда яхлит холда топилишига шубха билдиради. Оммавий қирғин қуролар борлигидан далолат берувчи ашёларни топиш билан араб ва мусулмон дунёсини ишонтириш қийин, эканини айтар экан америкалик таҳлилчи, бунинг учун жиддий далилий исбот кераклиги ҳақида гапиради. "Урушга қарши бўлган давлатлар ҳам бунга эътироз билдиришлари табиий, чунки улар АҚШ ва Британиянинг Ироқ урушидан муддаоси асло оммавий қирғин қуроллари бўлмаганига, Вашингтон ва Лондоннининг асосий мақсади Яқин Шарқ устидан назорат ўрнатиш ва минтақанинг нефт заҳираларига эга бўлиш эканига ишонадилар",- дейди Гордесман. "Яқин Шарқ аҳолисини насия гаплар билан ишонтириб бўлмайди. Шундай экан, Ироқ оммавий қирғин қуролларга эга экани ҳақда Америка Қўшма Штатлари ишонарли далиллар топишлари лозим. Менимча урушга қарши бўлганлар фикрини ўзгартира олишга қодир бундай далилий ашёларни Ироқда топишнинг иложи бўлмаса керак".

Яна бир вашингтонлик таҳлилчи Кристофер Преббл масала моҳиятини оммавий қирғин қуроллари ташкил этмаслигини айтади. Вашингтондаги Кэйто тадқиқотлар институтининг ташқи сиёсат масалалари бўйича бўлими раҳбари Преббл Саддам Хусайн оммавий қирғин қуролига эга бўлганига шубҳа билдирмаса-да, Буш ва Блэрларни урушга ундаган бошқа омилларни сабаб қилиб келтиради.

"Куч ишлатилишини оқловчи ягона омил бу ерда Американинг ҳаётий муҳим манфаатларидир. Агар Ироқда хокимият ўзгаришларига фақат оммавий қирғин қуроллари сабаб бўлганда эди, Америка бошқа бир қатор давлатларни ҳам нишонга оллган бўларди", - дейди Кристофер Преббл.

АҚШ ва Британияни Ироққа қарши уруш бошлашига ундаган яна бир омил Саддам Хусайннинг Ал-Қаида террор тармоғи билан алоқада бўлгани ҳақидаги иддаолардир. Бироқ, бу борада ҳам ҳалигача етарли исботлар келтирилмаган. Америкалик таҳлилчи Преббл Ироқ шимолида ўрнашган Ансар ул-Ислам гуруҳи каби Ал-Қайда ташкилоти билан алоқада бўлган гуруҳлар қолдиқлари ҳали ҳам Ироқда борлигига ишонади. Шу боисдан Америка ва Британияни Ироқдаги оммавий қирғин қуролларининг террорчилар қўлига тушиб қолиши эхтимоли кўпроқ ташвишлантириши кераклигини айтади Кристофер Преббл.

"Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор деб таҳмин қилса бўлади. Шундай экан бу қуроллар террорчилар қўлига тушиб улугурмасданоқ америка ва британия аскарлари уларни топишлари керак", - дейди америкалик таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG