Линклар

logo-print

Ироқ туфайли АҚШ ва Россия муносабатлари ёмонлашадими?


Фарангис Саид

Ироқ келажаги муҳокама қилинар экан, АҚШ ва Британия расмийлари бу масалада бошқа давлатлар таянчини қозонишга уринмоқдалар. Вашингтон ва Лондон ўз тарафига биринчи навбатда Россия, Франция ва Германияни оғдиришга ҳаракат қилиши лозимлиги шубҳасиз. Чунки айнан шу уч давлат АҚШ ва Британиянинг Ироқда уруш бошлаш режасига азалдан қаршилик билдириб келган. Ҳозирда эса улар Ироқ келажаги фақат АҚШ ва Британия томонидан белгиланишига қарши чиқмоқдалар.

Россия ва Франция – БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоларидир. Кузатувчилар фикрича, айнан шу сабабдан Вашингтон ва Лондон бу икки мамлакат билан музокаралар олиб бориб, муросага эришишга ҳаракат қилади. Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Строу сешанба куни Қатардаги АҚШ Марказий қўмондонлигида қилган чиқиши давомида бу масалага алоҳида тўхталди:

“БМТ Хавфсизлик кенгашининг барча аъзолари, айниқса вето ҳуқуқига эга бўлган давлатлар масъулиятни сезишлари лозим. Улар ўйин ўйнамай, Ироқдаги воқеликни тан олишлари ва олға силжишлари, яъни Ироқ халқи манфаатларини кўзлаб, қарор қабул қилишлари керак”.

“Тинчлик лагери”, деб аталаётган учлик, яъни Россия, Франция ва Германия Ироқ келажагини БМТ Хавфсизлик кенгаши ҳал этиши кераклигини таъкидламоқдалар.

Россия президенти Владимир Путин ўз мамлакати позициясини мана бундай ифодалади:

“Ўйлашимча, шу кунга қадар халқаро барқарорлик ва хавфсизлик пойдевори бўлиб келган кўп томонлама халқаро ҳамкорликни кучайтириш ниҳоятда муҳимдир”.

Шундай дер экан, Россия раҳбари жаҳон сиёсатини фақат АҚШ белгилашига қарши чиқиб, халқаро ҳамжамият кўп қутбли бўлиши лозимлигини таъкидламоқда. Кузатувчилар фикрича, Путиннинг бундай қатъий позицияси ва Вашингтон билан сўнгги пайтларда таранглашган муносабатлари Россияга салбий таъсир қилиши мумкин.

Бундан ташқари, Россия Саддам Ҳусайн ҳукуматига қурол-аслаҳа сотганининг ошкор бўлгани Кремлни ўз ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқишга мажбур қилади, дейишмоқда кузатувчилар. Ироқда жанглар олиб борган АҚШ аскарлари ироқликлар Россияда ишлаб чиқарилган ракеталар ва бошқа технологиядан фойдаланаётганлари ҳақда хабар бердилар. Кремл эса Саддамга қурол-аслаҳа сотганини инкор этди ва Россия заводларида ишлаб чиқарилган қурол Ироққа учинчи мамлакатлар орқали етиб борганини таъкидлади.

Ўтган ҳафтада АҚШ аскарлари Бағдодда Россиядан Ироқ ҳукуматига юборилган мактубни топиб олдилар. Мактубда Россиянинг қурол-аслаҳа ишлаб чиқарадиган ширкати Ироқ ҳукуматига қурол-аслаҳа сотиб олиш ҳақдаги кўп миллион долларлик шартнома таклиф қилган.

Шундан кўп ўтмай, Британиянинг “Дейли Телеграф” газетаси Россия разведка хизмати қўлга киритилган маълумотларни Ироқ разведкачилари билан ўртоқлашганини ёзди.

АҚШнинг “Сан Франциско Кроникл” газетаси ўтган кузда, БМТда Ироқ масаласи муҳокама қилинаётган даврда Россия разведкачилари ироқлик ҳамкасблари учун тренинг ўтказганларини таъкидлади.

Россия ташқи разведка хизмати барча маълумотларни инкор этди.

Москвада жойлашган Карнеги маркази директори Роберт Нурик Озодлик радиосига берган интервьюсида бу хусусида мана бундай фикр билдирди:

“Қурол-аслаҳани сотиш ва разведка маълумотлари билан ўртоқлашиш ҳақдаги матбуотда чиқаётган айбловлар жудда жиддийдир. Агар улар исботланса, бу бомбанинг портлаши билан баробар бўлади. У икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни батамом ёмонлаштириб юборади”.

Баъзи кузатувчилар фикрича, Россия Ироқ қарзларидан воз кечиш орқали АҚШ билан муносабатларини яхшилаши мумкин. Ўтган ҳафта Пентагон Кремлга айнан шуни таклиф этди. Владимир Путин эса бу масала июн ойида Францияда Саккизлик гуруҳи вакиллари ҳамда Париж клубига аъзо кредитор давлатлар томонидан муҳокама қилиниши кераклигини таъкидлади.

Ироқнинг Россияга қарзи қарийб 8 миллиард долларга тенгдир.

Москвада жойлашган Халқаро тадқиқотлар институти директори муовини Андрей Загорский Россия Ироқ қарзининг ҳеч бўлмаса бир қисмидан воз кечиши тўғри бўлади, деб ҳисоблайди:

“Менимча, Москва Ироқнинг янги ҳукумати қарзнинг ҳаммасини ёки ҳеч бўлмаса бир қисмини тўлашига умид қилмаяпти. Чунки Саддам Ҳусайнга қарз берилаётиганида, Россия сиёсатчилари қарз қайтармаслигини яхши тушунганлар. Шу боис агар музокаралар натижасида Ироқ янги ҳукумати Россияга қарзнинг бир қисмини беришга рози бўлса, бу Россия учун ютуқ бўлади”.

Мутахассислар бу масалани муҳокама қилар эканлар, айни вақтда АҚШ президенти Жорж Буш апрел охирида Санкт-Петербургда Путин билан учрашишни режалаштирмоқда.
XS
SM
MD
LG