Линклар

Ироқ расмийлари масҳарабозлик билан кун кўрадиларми?


Фарангис Саид

АҚШ ҳарбийлари Саддам Ҳусайн ҳукумати расмийларини қидиришда давом этар эканлар, улардан бири – собиқ Ахборот вазири Муҳаммад Саид Ас-Саҳафга бўлган қизиқиш камаймаяпти. АҚШ танклари Бағдодда, Ахборот вазирлиги биносидан бир неча метр нарида бўлганида ҳам Ас-Саҳаф “биз америкаликлар устидан ғалаба қозонамиз”, дейишда давом этди ва бу билан ғарбликлар орасида реал воқеликни қаршилай олмайдиган одам сифатида танилди.

17 апрел - пайшанба куни Саддам Ҳусайннинг ўгай укаси Барзан Иброҳим Хасан Ал-Тикритий қўлга олинди. АҚШ ҳарбийларининг таъкидлашларича, 20 йилдан кўпроқ муддат давомида Саддам Ҳусайн билан ишлаган Ал-Тикритий АҚШ ҳарбийларини собиқ режимга оид маълумот билан таъминлаётир. Америкаликлар Ал-Тикритий уларга Саддам Ҳусайн қаердалигини айтиши ва оммавий қирғин қуроллари ҳақдаги маълумотларни ошкор этишига умид қилмоқдалар.

18 апрел - жума куни Баас партияси минтақавий раиси, Саддам ҳукуматида Нефт вазири ҳамда Кадрлар бўлими бошлиғи бўлган Самир Абд Ал-Азиз Ал-Нажим қўлга туширилди. Уни Мосул шаҳри яқинида курдлар асирга олганлар ва АҚШ қўшинларига топширганлар.

АҚШ қўшинлари томонидан қўлга туширилган яна икки расмий – Саддам Ҳусайннинг яна бир ўгай укаси Ватбан Иброҳим Хасан Ал-Тикритий ҳамда Илм-фан масалалари бўйича маслаҳатчиси Амир Маҳмуд Ас-Саадийдир.

Саддам Ҳусайн ҳукумати расмийлари бирин-кетин қўлга туширилар эканлар, ҳали асирга олинмаган бир одам тақдири кўпларни қизиқтирмоқда. Ироқ расмийларидан энг яхши танилгани – собиқ Ахборот вазири Муҳаммад Саид Ас-Саҳаф экани шубҳасиз. Бу шахс ўзининг оптимизми, ҳушчақчақлиги ва хазилкашлиги билан ироқликлар, сўнгра эса ўзининг реал воқеликни тан ололмаслиги билан ғарбликлар орасида танилди.

Апрел бошида АҚШ қўшинлари Бағдод аэропортига яқинлашаётганида, Ас-Саҳаф журналистлар учун матбуот анжумани ўтказди ва унда мана бундай деди:

“Бу мутлақо асоссиз, бу ёлғон... Саддам аэропорти... Бу жиннилик-ку!”.

Ҳар доим кулгани, ҳазил-мутойиба қилгани учун Ас-Саҳафга “Қизиқчи Али” лақаби берилган.

8 апрел куни АҚШ танклари Бағдодда Саддам саройларига йўл олганларида ҳам Ас-Саҳаф хушчақчақлигини йўқотмади:

“Биз босқинчиларни йўқ қиламиз. Ироқ улар учун қабристонга айланади”.

Бағдод АҚШ қўшинлари қўлига ўтганидан сўнг Ас-Саҳаф кўринмай қолди. Бироқ унинг шахсияти тадбиркорларга катта фойда келтираётган кўринади. Бир ширкат Ас-Саҳаф қўғирчоғини чиқарди ва унга “Ёлғон ахборот вазири”, деб ном берди. Қўғирчоқ вазирнинг машҳур бўлиб қолган гапларини такрорлайди.

Интернет орқали савдо олиб борадиган “eBay” компанияси Ас-Саҳаф суратлари туширилган идиш ҳамда собиқ вазирнинг гаплари ва чиқишлари ёзилган дисклар сота бошлади.

“Rivals Digital Media” ширкати эса Ас-Саҳаф расмлари туширилган майкалар сотмоқда.

Ширкат ходимаси Элизабет Райан бу ҳақда мана бундай маълумот беради:

“Биз бундай майкалардан 5 мингтасини сотдик. Матбуот собиқ вазир шахсиятига қизиқиш билдирганидан сўнг бутун жаҳон бўйлаб унга, сўнгра биз чиқараётган майкаларга қизиқиш кучайди. Британия матбуоти, CNN, Жанубий Африкада жойлашган икки радиостанция, Ҳиндистон, Франция оммавий ахборот воситалари – буларнинг бари бизнинг маҳсулот билан қизиқмоқда. Sky News ва BBC ўз ходимлари учун ҳазил сифатида биз чиқараётган майкаларни сотиб олди”, - дейди “Rivals Digital Media” ширкати ходимаси Элизабет Райан.

Нафақат Ироқда, балки Ғарбда ҳам ниҳоятда машҳур бўлиб кетган Ас-Саҳаф аслида қандай одам? Ҳақиқатан ҳам хушчақчақ ва софдилми? АҚШ ҳукумати Саддам ҳукуматининг энг биринчи бўлиб қўлга туширилиши керак бўлган 55 расмийси рўйхатига Ас-Саҳафни киритмаган.

Озод Ироқ радиоси ходими, 60-йилларда Ироқнинг радиостанцияларидан бирида Ас-Саҳаф билан бирга ишлаган Комрон ал-Карадагий уни мана бундай эслайди:

“У қўлида таёқ олиб юрарди. Таёқ одамларни калтаклаш учун керак бўлган. У радионинг бош директори бўлганидан сўнг, кўпларни ўша таёқ билан урган. Мен ўша вақтда радионинг рус хизматида ишлардим. Баъзида ҳовлида одамларнинг бақиргани эшитиларди деразадан қараганимизда, Ас-Саҳаф бировнинг кетидан қуваётгани ва уни калтаклаётганини кўрардик”.

Ас-Саҳафнинг ҳозирда қаердалиги номаълум. Эрон газеталаридан бири собиқ вазир жонига суиқасд қилгани ҳақда хабар берди. АҚШ ҳарбийлари бу маълумотни тасдиқлайдиган далиллар йўқлигини таъкидлаб, айни вақтда Ас-Саҳафни қўлга туширишга шошмаётганларини билдирдилар.

Баъзилар эса Муҳаммад Саид Ас-Саҳаф қизиқчи артист сифатида янги ҳаёт бошлаши мумкинлигини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG