Линклар

Вашингтон яқин фурсатда Яқин Шарқ тинчлик дастурини эълон қилиш ниятида.

  • Ҳасанжон

Ироқда уруш ҳаракатлари буткул тугамаган бўлсада, АҚШ дипломатлари Исроил ва фаластинликлар ўртасида тинчлик ўрнатиш мақсадида янги Яқин Шарқ тинчлик дастурини олға суриш ниятидалар.

Бироқ, араблар ва исроилликлар ўртасида барқарор тинчлик ўрнатиш - Ироқ лидери Саддам Ҳусайн режимини ҳокимиятдан ағдаришдан кўра анча мушкулга ўхшайди.

Маълумки, собиқ АҚШ президенти Бил Клинтон маъмурияти ҳокимиятдаги сўнгги кунларни Яқин Шарқ тинчлик жараёнини сақлаб қолиш учун сарфлаган эди. Бундан фарқли ўлароқ ҳозирги Оқ Уй маъмурияти Яқин Шарқ борасида БМТ, Европа Иттифоқи ва Россия билан бирга иш олиб бормоқда. Мазкур тўртлик янги Яқин Шарқ тинчлик дастурини биргаликда ишлаб чиқди ва у яқин фурсатда Вашингтон расмийлари томонидан эълон қилиниши кутилмоқда. Дастурда 2005 йилга қадар мустақил Фаластин давлати эълон қилиниши кўзда тутилган.

АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл сешанба куни шу ҳақда гапириб: “Бу жуда оғир жараён бўлади. Агар ҳар икки томон бир бирининг эҳтиёжини тушунган ҳолда дастурга риоя қилиб масалага жиддий ёндашса, ўйлайманки, албатта муваффақиятга эришилади”,-деди.

Кузатувчилар фикрича, янги тинчлик дастури, Яқин Шарқ тинчлик жараёни тарихида янги саҳифани очади. Маълумки, Исроил ва Фаластинликлар ўртасида эришилган Осло шартномаси 2000 йил куз фаслида батамом муваффақиятсизликка учради.

Натан Браун Жорж Вашингтон университетида Яқин Шарқ бўйича мутахассис бўлиб ишлайди. У Озод Европа – Озодлик радиосига берган интервюсида: “Биз икки йил олдин тўхтаб қолган эмас, балки янги тинчлик жараёни олдида турган бўлишимиз мумкин. Мазкур жараён бошланишидан олдин кўп иш амалга оширилиши лозим. Биз янги йўл бошида турганимиз йўқ, бироқ бу йўлни кўра оладиган жойда турибмиз”,-деди.

Янги тинчлик дастури эълон қилинишидан олдин бир қатор мураккаб вазият юзага келиши мумкин. Масалан, ўтган якшанба куни Фаластин лидери Ясир Арафат Бош вазир Маҳмуд Аббос тақдим этган ислоҳотчи вазирлар рўйҳатини рад этди. Бош вазир Фаластин ички ишлар вазирини назорат қилишни истайди. Тинчлик дастурига кўра, Фаластин ички ишлар вазири фаластинлик жангари гуруҳларни тугатиши керак. Исроил ҳукумати Яссир Арафатни бу вазифанинг уддасидан чиқа олмаганида айблаган.

Шунга қарамай, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл келаси ҳафталар ичида Фаластин ҳукуматининг янги аъзолари рўйхати тасдиқланиши ҳамда Исроил ва фаластинликлар ўртасида тинчлик жараёни масаласи муҳокама этилиши учун имконият пайдо бўлишига умид билдирди.

Буш маъмурияти ҳозиргача Яқин Шарқ тинчлик жараёнига қаршилик кўрсатиб, бунинг ўрнига фаластинликлар орасида ислоҳотлар ўтказиш, Арофатдан истеъфога чиқишни талаб қилиш орқали эътиборни режимни ўзгартириш масаласига қаратди. Буш ва унинг муҳим маслаҳатчилари Ироқ урушига араблар ва исроилликлар ўртасида тинчлик ўрнатилиши йўлидаги каттароқ уринишнинг бир қисми сифатида қарайдилар.

Маълумки, фаластинликларнинг асосий таянчи деб қаралаётган Сурия Исроил давлатчилигига қаттиқ қаршилик қилиб келган. Сўнгги ҳафталар ичида Вашингтон расмийлари Сурияни кўп соҳада, жумладан террорни қўллаб-қувватлаш учун Ироқ расмийларига бошпана бераётганидан то оммавий қирғин қуролларини қўлга киритишга уринаётганигача айблаб, Сурия ҳукуматига босим кўрсатмоқда.

Вашингтонда жойлашган Херитаж жамғармаси тахлилчиси Ариел Кохен Вашингтон расмийлари фикрини қуйидагича ифодалади: “Менимча, Сурияга босим кўрсатишдан маъно бор. Нега? Токи тинчлик жараёнига қарши бўлган Сурия каби қўшни араб давлати бор экан фаластинликларнинг Исроил билан муаммоларни хал этиш имконияти анча камаяди”.

Шу ўринда, агар Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги янги Яқин шарқ тинчлик жараёни кўпчилик тахмин қилганидек муваффақиятсизликка учраса нима бўлади?,-деган савол туғилади. Кохен Вашингтондаги айрим расмийлар фикрини ифода этиб, бундай вазиятда – Яқин шарқдаги терроризм ва тинчлик жараёнига қарши бўлган манъбаларни йўқ қилиш асосий мақсад бўлади, деб мазкур саволга жавоб берди.

Бунга уруш йўли орқали эришиши шарт эмас. Кохенга кўра, бунинг энг яхши йўли – бу гал Сурия ва Эронда режим ўзгаришини амалга оширишдир.
XS
SM
MD
LG