Линклар

logo-print

Хитой, Гонконг ва Сингапур ҳукуматлари ғайриоддий пневмонияга қарши янги чоралар кўра бошладилар.


Хитойда Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Пекин ҳокими Коммунистлар партиясидаги лавозимларидан бўшатилдилар. Маълумотларга кўра, расмийлар номаълум вирусдан нобуд бўлганлар сонини камайтириб кўрсатганлар.
“Ўткир респиратор синдроми”, деб аталаётган касаллик ўтган йил ноябр ойида Хитойнинг Гуандун вилоятида тарқала бошлаган эди. Ўшандан буён Хитойда номаълум вирусдан 79 одам нобуд бўлди. Ҳаммаси бўлиб касалликка 1800дан зиёд одам чалинди.
Гонконг расмийлари бир кунда 12 одам вафот этганидан сўнг вирусга қарши қўлланилаётган дорилар таъсирини қайта ўрганиб чиқажакларини маълум қилдилар. Гонконгда ҳаммаси бўлиб қарийб 1360 одам ғайриоддий пневмонияга чалинди. 81 бемор нобуд бўлди.
Қурбонлар сони 14га етган Сингапурда расмийлар озиқ-овқат бозорларини ёпишга қарор қилдилар. Касалликка чалинганларнинг сўнгги уч нафари айнан озиқ-овқат бозорида ишлаган.
Шу кунга қадар “ўткир респиратор синдроми”дан жаҳон бўйлаб қарийб 200 одам нобуд бўлди. Уларнинг аксарияти Осиё мамлакатлари фуқароларидир.
XS
SM
MD
LG