Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:54

Ироқнинг АҚШлик бошқарувчиси Бағдодга келди.


Вашингтон томонидан Ироқни қайта тиклашга мутасадди этиб тайинланган истеъфодаги АҚШ генерали Жей Гарнернинг Ироққа сафари давом этмоқда. Ироқни Қайта қуриш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш идораси бошлиғи Жей Гарнер душанба куни АҚШ аскарлари ҳамроҳлигида Бағдоддаги касалхона, сув тозалаш ва электр станцияларини бориб кўрди. Бундан маҳаллий аҳолининг кўпчилиги бехабар қолди. Бағдодга келган заҳоти Гарнер: “Инсон ҳаётида бошқаларга, бошқа халқларга ёрдам бера олишдан ҳам яхши кун бўлиши мумкинми? Бизнинг мақсадимиз ироқликларга ёрдам беришдир”,-деб сафари мақсадини қисқача ифодалади.

64 ёшдаги АҚШ генерали 1991 йилги Кўрфаз урушида Саддам Ҳусайн ҳарбийларидан ҳимоя қилиш мақсадида мамлакат шимолидаги курдларга инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш ишларига раҳбарлик қилган. Гарнер 1996 йилдан бери мудофаа масалалари бўйича хусусий маслаҳат гуруҳига раҳбар бўлиб келди. Ветнам уруши ветерани генерал Жей Гарнер асосан ҳаво ҳужумидан мудофаа масалалари бўйича мутахассис. У 1991 йилги Кўрфаз урушида Исроилни Ироқнинг “Скад” русумидаги ракеталар ҳужумидан мудофаа қилишда Исроилга жойлаштирилган “Патриот” ракеталари батареясини бошқарган.

Айрим мутахассислар АҚШ генерали Жей Гарнернинг ҳарбий соҳада ва фуқаролик жамиятида олиб борган фаолияти тажрибалари урушдан кейинги Ироқни қайта тиклаш ишларида самара беришига ишонадилар.
Бағдоддаги электр станциясини бориб кўрганидан кейин Гарнер: “Мен электр станциясида ироқлик инженерлар билан сўзлашдим. Улар АҚШ инженерларининг бироз ёрдами билан катта ишларни қилишмоқда. Уларга керак бўлган энг асосий нарса - асбоб ускуналардир”,-деди.

Урушдан кейинги Ироқ бошқарувчиси АҚШ генерали Жей Гернер, асосий вазифа – аҳолини имкон қадар қисқа фурсатда электр ва тоза ичимлик суви билан таъминлаш эканини айтди. Гарнер: “Мен бу ерга ғалаба тантанасини нишонлаш мақсадида келмаганман. Мен бу ерга инсонпарварлик ёрдамини етказиш, мамлакатни қайта қуриш ишлари, атроф-муҳит ва ироқликларга ёрдам бериш учун келганман”,-деди.

Гарнернинг Ироққа қайтиши, иккинчи жаҳон урушидан кейин АҚШ генерали Дуглас МакАртурнинг Японияга келиб мамлакат бошқарувини ўз назоратига олганини эслатади. Бироқ, генерал Гарнер, Ироққа раҳбарлик қилиш ниятида эмаслигини айтади. У сўзига қўшимча қилиб: “Ироқнинг янги раҳбари ироқлик бўлиши керак. Мен ҳеч нарсани бошқармайман”,-деди.

Гарнер Бағдоддаги минг ўринли Ярмук касалхонасига бориб, урушнинг сўнгги кунларида яраланган ироқликлар билан тўлиб-тошган касалхонадаги вазиятни кўрди ва шифокорлар билан суҳбатлашди. АҚШ генерали уларга, “биз ёрдам берамиз, аммо бунинг учун бироз вақт керак”, - деди.

Гарнер раҳбар бўлган Ироқни Қайта қуриш ва инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш идораси Ироқнинг 24 миллионлик аҳолисига фавқулодда ёрдам келтириш, шунингдек, мамлакат инфраструктурасини қайта тиклаш ва муваққат ҳукумат ташкил этиш ишларини назорат қилади. Ташрифи давомида Жей Гарнерга 20 нафар ёрдамчиси ҳамроҳлик қилди. Келаси ҳафтада улар сони 450ка етиши кутилмоқда. Гарнер, гарчи Ироқни қачон тарк этишини аниқ айтмаган бўлсада, асосий мақсад – Ироқни ироқликларга қайтариш эканини таъкидлади.

Сешанба куни Жей Гарнер шимолий Ироқдаги асосан курдлар яшайдиган Сулаймония шаҳрига борди. Гарнерни Курдистон Ватанпарварлар Иттифоқи партияси етакчиси Жалол Талабани илиқ қарши олди. Гарнер дастлаб Бағдоддан Арбил шаҳрига самолётда, сўнг Арбилдан АҚШ махсус кучлари билан бирга вертолетда Сулаймонияга учиб борди. Сешанба куни Сулаймония шаҳридаги университет талабалари Жей Гарнерни гуллар билан гулдирос қарсаклар остида кутиб олдилар. Улар: “Биз келажагимизни сизга ишонамиз” каби шиорларни кўтардилар. Университетдаги араб тили профессори Хива Абдулла: “Америкаликлар бу ерда бўлса, биз кимёвий қуроллар ҳужуми ва геноциддан қўрқмаймиз. Мен курд фарзанди сифатида, курдлар бундан буён Саддам Ҳусайн режими давридагидан кўра ёмонроқ ҳаёт кечирадилар деб ўйламайман”,-деди.
XS
SM
MD
LG