Линклар

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади

  • Ҳурмат Бобожон

Ниҳоят, Хитой расмийлари мамлакатдаги ғаройиб касаллик билан боғлиқ вазият назорат остида эмаслигини тан олдилар. Маълум бўлишича, ўтган хафта охирига келиб пойтахт Пекинда "Ўткир респиратор синдроми" билан боғлиқ яна 109та янги холат қайд этилган. Бу эса, бир кун олдинги рақамлардан кескин фарқ қилади. Шундай қилиб, Пекинда хавфли вирусга чалинганлар сони 448 кишига етди. 13 кишининг ўлими эса шу пайтгача жамоатчиликдан сир тутиб келинди.

Хитойда эълон қилинган янги маълумотлар, "Ўткир респиратор синдроми" билан боғлиқ мамлакатдаги вазият эпидемик бўҳрон даражасига етганини кўрсатмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари фикрича, агар Хитой ҳукумати хавфли вирус тарқалиши олдини олиш учун вақтида чора кўриб, бунинг учун зарурий маблағларни ажратганда эди, рақамлар бу қадар аянчли бўлмасди.

"Умид қиламизки, Хитой ҳукумати, айниқса имкониятлари чекланган вилоятларга зарурий маблағларни ажратади. Ҳукуматнинг мамлакатдаги эпидемик вазиятни тушуниб етгани бизни қувонтирмоқда. Эндиги қадам касалликка қарши зарурий чоралар бўлиши керак. Токи, касаллик тарқалишини олдини олиш учун ҳукумат керакли маблағларни ажратмас экан, "Ўткир респиратор синдроми" билан боғлиқ рақамлар ўсишда давом этаверади", - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Хитойдаги вакили Хэнк Бекедам.

Гап шундаки, ғаройиб касалликнинг тарқалиши айнан Хитойнинг қашшоқ вилоятларига тўғри келмоқда. Бекедамнинг таъкидлашича, бунга сабаб вирус ўчоғи ҳисобланган Гуандунг вилояти ва Хитойнинг бошқа шунга ўхшаш қашшоқ вилоятларида касалликка чалинган беморларнинг даволанишга маблағлари етмаётганида. Хитой касалхоналари беморларга лиқ тўла, койкалар сони етишмаётган бир пайтда аҳолининг қуйи қатламлари эътибордан четда қолмоқда. Шу боисдан Хитой ҳукумати мамлакатдаги ҳарбий госпиталларни беморлар ихтиёрига беришга қарор қилди.

"Беморлар мурожаат қилишлари мумкин бўлган касалхоналар рўйхатига ҳарбий госпиталларнинг ҳам қўшиб қўйилгани бизни қувонтирмоқда. Шунга қарамай, касаллик билан боғлиқ ҳали биз билмаган холатлар ҳали анча", - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Хитойдаги вакили Хэнк Бекедам.

Хитой ҳукумати мамлакатда "Ўткир респиратор синдроми" тарқалиши олдини олиш борасида жуда кеч ҳаракат бошлади. Хатто, яқин ойларгача Пекин Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти гуруҳига Гуандунг вилоятига боришларига ва вазият билан танишишларига йўл қўймай келди. "Агар Хитой вақтида халқаро кузатувчиларга мамлакатдаги эпидемик вазият билан танишишларига рухсат берганда эди, бунақа аянчли аҳвол бўлмаган бўларди", - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили.

Британияда чиқадиган "Таймс" газетаси Хитойдаги вазиятни 1986 йили СССРда рўй берган Чернобил фожеаси билан боғлиқ холатга қиёслайди. Олдинига сукунат, кейин эса хира маълумотлар ва ниҳоят, вазият жар ёқасига келиб қолганда ҳукумат расмийлари бўҳрон кўламини эътироф эта бошлайдилар. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бир неча бор огоҳлантиришларига қарамай, Пекин расмийлари сўнгги кунларгача мамлакатдаги эпидемик вазият ҳақидаги тўғри маълумотларни халқаро ҳамжамиятдан яшириб келди. Ниҳоят, касаллик илк бор Хитойнинг Гуандунг вилоятида пайдо бўлган кундан беш ой ўтиб Пекин раҳбарияти вазият кўламини тан олди. Пекин мэри ва Хитой Соғлиқни сақлаш вазири эса эпидемия тарқалгани ҳақидаги маълумотларни аҳолидан яширганликлари учун эгаллаб утрган лавозимларидан четлаштирилди. Кузатувчилар фикрича, агар вазият ҳарбий госпиталларгача бориб етмаганида эди, Хитойда сукунат ҳалигача давом этган, Пекин ҳукумати бунақа очиқ сиёсатга қўл урмаган бўларди. Чунки ҳақиқатнинг аҳолидан сир тутилиши эпидемиянинг ўзиданда хавфли.
XS
SM
MD
LG