Линклар

logo-print

Франция Ироққа қарши жорий этилган санкцияларни дарҳол бекор қилиш ҳақида таклиф киритди.


Акрам Файзулло

Ироқ урушига қаршилик кўрсатган давлатлардан бири Франция Ироққа қарши жорий этилган иқтисодий санкцияларни бекор қилиш ҳақида таклиф киритди.

Сешанба куни Франциянинг БМТдаги элчиси Жан-Марк де Ла Саблиэр БМТ Хавфсизлик Кенгашига халқаро инспекторлар ўз фаолиятини Ироқдаги Америка ҳарбийлари билан мувофиқлаштиришини ҳам таклиф қилди.

Франция элчисига кўра, пировардида Ироқ қуролсизлангани БМТ инспекторлари томонидан тасдиқланиши керак. Аммо айни пайтда, де Ла Саблиэр ироқликларнинг турмуш шароитларини яхшилаш учун иқтисодий санкцияларни бекор қилиш лозимлигини таъкидлади: “Иқтисодий санкцияларни бекор қилиш ҳақида дарҳол қарор қабул қилиш зарур”, - деди де Ла Саблиэр.

АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонти ўзининг БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги ҳамкасблари билан санкцияларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилишини қайд этди: “Ироқда шарт-шароитлар кескин даражада ўзгаргани туфайли, санкцияларни тезда бекор қилиш керак. Биз бу масалани Франция ва бошқа давлатлар билан кўриб чиқамиз”, - деди Негропонти.

Ироқ урушига қаршилик кўрсатган давлатлардан яна бири Россия ҳам Франция таклифини муҳокама қилишга тайëр эканини маълум қилди. Аммо Россиянинг БМТдаги элчиси Сергей Лавров санкцияларни бутунлай бекор қилишдан олдин БМТ инспекторлари ўз ишларини ниҳоясига етказиш учун Ироққа қайтишлари кераклигини қайд этди: “Бизнингча, Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқ қилинганини фақат БМТ инспекторлари мустақил равишда тасдиқлай оладилар”, деди Лавров. У қўшимча қилиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатларнинг аксарияти ушбу фикрга қўшилишини тилга олди.

Қўшма Штатларнинг энг яқин иттифоқдоши Британия ҳам БМТ инспекторлари Ироққа қайтиб бориши кераклигини билдирди. Британиянинг БМТдаги элчиси Жеремэ Гринсток ҳозирча БМТ инспекторлари Ироққа қайтишлари учун хавфсизлик шароитлари талабга жавоб бермаслигини, аммо вазият тузалгандан кейин улар ўз ишларини давом эттиришлари лозимлигини айтди.

Аммо АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонти Вашингтон БМТ инспекторларига эҳтиëж сезмаëтганини қайд этди: “Ҳозирча коалиция кучлари Ироқда оммавий қирғин қуролларини қидириш ишлари билан шуғулланмоқда”, - деди Негропонти.

Шу кунгача Ироқда бирорта ҳам таъқиқланган қурол топилгани йўқ.

БМТ инспекцияси бошлиғи Ханс Бликс агар Хавфсизлик кенгаши кўрсатма берса, инспекторлар икки ҳафта ичида Ироққа қайтишлари мумкинлигини баëн қилди. Халқаро Атом энергияси агентлигининг бошлиғи Муҳаммад эл-Барадей ҳам БМТ инспекторлари Ироқда текширув ишларини тезда қайта бошлаши керак, деб ҳисоблайди. Бликс ва эл-Барадейга кўра, Ироқда оммавий қирғин қуроллари йўқ қилингани БМТ инспекторлари томонидан тасдиқланиши лозим.

Дипломатлар фикрича, БМТ Хавфсизлик кенгаши аъзолари Ироққа оид яна бошқа масалалар ҳусусида келишолмаëтгани туфайли, санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги келишувга эришиш учун камида бир ой керак бўлади.

Франция, Россия ва бошқа давлатлар урушдан кейинги Ироқда БМТга каттароқ рол берилишини талаб қилмоқдалар. Лекин ҳозирча Қўшма Штатлар БМТга бундай рол беришни эп кўрмаяпти.
XS
SM
MD
LG