Линклар

logo-print

Ироқ уруши Жорж Буш баёнотлари ёмон ёзилгани боис бошландими?


Фарангис Саид

АҚШ қўшинлари Ироқ урушида ҳарбий ғалаба қозондилар. Бироқ, ҳарбий ғалаба сиёсий ғалабани англатмаслиги мумкин. Чунки АҚШ уруш сабаби сифатида Ироқда оммавий қирғин қуролларининг мавжудлигини кўрсатиб келган эди.

Жорий йилнинг 28 январ куни Ироққа қарши уруш бошлаш кераклигини асослашга ҳаракат қилган АҚШ президенти Жорж Буш мана бундай деган эди:

“Разведка хизмати маълумотларига кўра, Саддам Ҳусайн 500 тонна зарин моддаси ҳамда асабни фалаж қилувчи газ ишлаб чиқариш учун етарли кимёвий материалларга эга. Бу ҳажмдаги кимёвий маҳсулот минглаб одамлар ўлимигиа сабаб бўлиши мумкин. Саддам Ҳусайн бу материаллар бўйича ҳисобот бермади. Уларни йўқ қилганини ҳам исботламади”.

Уруш тугади, Ироқ ҳудуди АҚШ қўшинлари назоратига ўтди, аммо оммавий қирғин қуроллари Ироқда топилмади. Шу сабабдан ҳозирда кўплар урушни бошлаш тўғримиди, деган саволни ўртага ташламоқдалар. Бу эса АҚШ ва Британиянинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузига сезиларли зарба бўлиши мумкин. Ваҳоланки, расмий Вашингтон ва Лондон урушни БМТ Хавфсизлик кенгаши рухсатисиз бошлагани уларнинг жаҳон саҳнасидаги обрўсига катта путур етказиб бўлган эди.

Бундай вазиятда ўзини оқлашга ҳаракат қилаётган АҚШ президенти Жорж Буш Ироқдаги ҳарбийларга оммавий қирғин қуролларини қидиришда давом этишни буюрди. Унинг бундай ҳаракатларига баъзи давлатлар яна шубҳа билан қарамоқдалар. Чунки Франция, Россия, Германия ва урушга азалдан қарши чиққан бошқа давлатлар эндиликда БМТ қурол-аслаҳа инспекторлари Ироққа қайтишлари ва у ерда оммавий қирғин қуроллари топилган тақдирда, бу ҳодисанинг қонунийлигини таъминлашлари лозим, демоқдалар.

Инспекторлар раҳбари Ханс Бликс Ироққа икки ҳафтадан сўнг қайтишга розилигини билдирди. Бироқ, баъзи кузатувчилар фикрича, Буш ва унинг маъмурияти жаноб Бликсни унча ёқтирмайдиган кўринади. Чунки Ханс Бликс инспекциялар фаолияти давомида ишини виждонли равишда бажарди ва тарафкашлик қилмай, объектив ва ҳаққоний маълумот берди.

22 апрел - сешанба куни эса Ханс Бликс БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлиси олдидан чиқиш қилиб, АҚШ разведка хизматининг Ироқ оммавий қирғин қуроллари ҳақдаги маълумотларини ишонарсиз, деб ҳисоблашини билдирди:

“Менимча, барча режалар учун асос бўлган разведка маълумотларининг асоссиз экани жуда ташвишли ҳолдир”.

Бликснинг фикрича, АҚШ разведка маълумотлари соҳталаштирилган. Шундай дер экан, БМТ бош инспектори маълумотларни АҚШ разведка хизмати соҳталаштирган, деб ҳисобламаётгани, бироқ уларнинг соҳталаштирилгани шубҳасиз эканини таъкидлади. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэллнинг ўша маълумотларга асосланиб БМТ Хавфсизлик кенгашида қилган чиқишини Бликс танқид қилмади. Аксинча, Бликснинг фикрича, Пауэлл бу маълумотлар ҳаққонийлигига ишонган.

Ҳозирда эса Ханс Бликс БМТ инспекторлари Ироққа қайтишлари керак, деб ҳисобламоқда. Бироқ улар АҚШнинг Ироқда жойлаштирилган ҳарбийларидан мустақил равишда ишлашлари лозим. Буни эса БМТ Хавфсизлик кенгаши кафолатлаши керак, демоқда Ханс Бликс.

Кузатувчилар фикрича, инспекторларнинг Ироққа қайтишлари оммавий қирғин қуролларини қидириш жараёнини қонунийлаштиради. Ироқда бундай турдаги қуроллар борми, деган саволга ҳам ана ўшанда жавоб берилади.

Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг Европа дастури директори Саймон Серфати Ироққа оид разведка маълумотларини асосли, деб ҳисоблайди. Улар бир неча йил аввал қўлга киритилган, бироқ АҚШ ҳукумати Ироққа қарши урушни 2001 йил 11 сентябр ҳодисаларидан сўнг бошлашга қарор қилди, дейди Серфати ва бунга мана бундай тушунтириш беради:

“11 сентябрдан олдин ишончли ва асосли кўринмаган далилларнинг маъноси 11 сентябрдан сўнг ўзгарди. Ҳужум остида бўлган давлатнинг ҳисоб-китоблари ўзгариши табиий. Илгари ҳам мавжуд бўлган далиллар 11 сентябр ёки 2003 йил февралдан сўнг жуда асосли ва кучли бўлиб кўрина бошлади”.

Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг яна бир ходими, қурол-аслаҳа бўйича мутахассис Энтони Кордсмэн фикрича эса, Ироқда биологик ва кимёвий қуроллар мавжудлиги ҳақдаги маълумотни асосли далиллар, деб бўлмайди:

“Менимча, президент Буш ўз баёнотларида Ироқ қайси турдаги қуроллар бўйича ҳисобот бергану қайсиларини ҳисоботларга киритмаганини адаштириб юборган. Менимча, муаммо - разведка маълумотларининг нотўғрилигида эмас, балки Буш баёнотлари матнларининг ёмон ёзилганидадир”.

Кордсмен фикрича, президент Буш ҳам, унинг баёнотлари ва чиқишларини ёзадиган кишилар ҳам бировни айблашдан олдин, фактларни яхшилаб текшириб кўришлари лозим. Айниқса, гап уруш ва тинчлик ҳақида кетаётида.
XS
SM
MD
LG