Линклар

МАРКАЗИЙ ОСИЁГА ПОРТЛОВЧИ МОДДАЛАР ҚАЕРДАН КЕЛТИРИЛЯПТИ?


Абдуллоҳ Эргаш

Америка Қўшма Штатлари давлат департамент куни - кеча бир ҳужжатни эълон қилди. Унда АҚШ фуқароларига Ўзбекистонга сафар қилишдан олдин ўз хавфсизлиги тўғрисида ўйлаб кўриш тавсия қилинади. АҚШ давлат департаменти ўз фуқароларини Ўзбекистонда террорчилик ҳаракатлари содир этилиши мумкинлигидан огоҳлантиради. Бу тавсиянома эълон қилинганидан бир неча кун ўтгач, Россия оммавий ахборот воситалари, хусусан “Время МН” газетаси, Тошкент меҳмонхоналарининг бирида 30 килограмм портловчи модда топилганлиги ҳақида хабар тарқатдилар.

Бу тўғрида аввалги эшиттиришларимиздаги лавҳаларнинг бирида маълумот бериб, Тошкент расмийлари бу хабарни рад этганликларини айтган эдик. Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Абдуқаххор Тўхтаев Россия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарни, Ўзбекистон пойтахтида 4 - 5 май кунлари ўтиши кутилаётган Европа қайта тиклаш ва тараққиёт банки бошқарувчилари кенгашининг ўтказилмай қолиши учун бошланган иғво , деб баҳолаган эди.

Бироқ, “Время МН” газетаси Сиёсат бўлими бошлиғи Юрий Панеев:
“16 ва 14 килограм портловчи модда топилганлиги тўғрисидаги маълумот ишончли манбадан олинган,” деб билдирди.

Кейинги пайтда шунга ўхшаган хабарлар матбуотда тез - тез пайдо бўлиб қолмоқда. “Вечерний Бишкек” газетаси Қирғизистон пойтахтида 30 килограмм портловчи модда мусодара этилганлиги, Қозоғистон матбуоти эса 30 килограмм аммонит моддаси билан 120 детонатор қўлга туширилганлиги ҳақида ёзди.

Эътибор берган бўлсангиз, хабарларнинг ҳар бирида 30 килодан портловчи модда топилганлиги айтилмоқда. Хўш, улар қаердан келиб қолди Марказий Осиёга ? Қайси террорчилик ташкилотлари олиб киряпти, уларни ?

Саволлар кўп, жавоблар ҳам оз эмас.

“Юрейшанет” интернет нашрининг кузатувчиларга таяниб ёзишича, Тошкентда топилган портловчи модда, агар у чиндан ҳам топилган бўлса, Чеченистондан келтирилган бўлиши мумкин. Ўзбекистонлик сиёсатшунос Беҳзод Мираҳмедовга кўра, бу Ўзбекистон исломий ҳаракатининг иши. Портловчи моддалар бўйича қозоғистонлик мутахассис Олег Кучин эса “Қозоғистонда ҳам, Қирғизистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам топилган модда четдан келтирилмаган, Марказий Осиёда бундай портловчи моддалар сероб ,” деб фикр билдиради. Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг ахборот ва таҳлил бўлими бошлиғи Жолдошбек Бусурманкулов шунга ўхшаш фикр билдиради. Унинг айтишича, Бишкекда топилган портловчи модда бундан бир неча йил олдин тоғ - кон комбинатларидан бирининг омборидан ўғирланган:

“Бу модда Совет Иттифоқи даврида ўғирланган экан. 1987 йили комбинат ишчиларидан бир нечтаси портловчи моддани ўғирлаганлар ва уни сотиш учун қулай имконият қидирганлар. Орадан 16 йил ўтиб, ўша моддани сотишаётганда жиноятчилар қўлга олинди,” дейди Жолдошбек Бусурманкулов.

“Марказий Осиё давлатларидаги тоғ - кон комбинатлари ва шахталардан портловчи моддаларни ўғирлаш одатий ҳолга айланиб қолган, “ дейишмоқда баъзи бир кузатувчилар. Уларнинг айтишларича, Қозоғистон ва Қирғизистонда портловчи моддаларнинг қора бозори мавжуд. “Бу бозорда бир килограмм аммонитнинг нарҳи 60 - 140 АҚШ доллари атрофидадир,” деб ёзади “Юрайшенет” интернет газетаси.

Қирғизистон ички ишлар вазирлигининг ахборот ва таҳлил бўлими бошлиғи Жолдошбек Бусурманқуловнинг айтишича, бундай ҳолат яқин кунларгача кузатилган бўлиши мумкин. Аммо кейинги пайтда, портловчи моддалар олди - сотдисига нисбатан қаттиқ кураш бошланган:

“Яқинда янги Чегара бошқармаси ташкил этилди. Мудофаа вазирлиги қурол - яроғ омборлари муҳофазасини кучайтирди. Ҳукумат томонидан ҳам бир қатор чора - тадбирлар ишлаб чиқилди. Мана шуларни ҳисобга олсак, айни пайтда бизда портловчи моддалар савдосининг бўлиши мумкин эмас. Бўлимимиз бу борада таҳлил ўтказиб, шундай хулосага келди,” дейди Жолдошбек Бусурманкулов.

Кузатувчиларга кўра, Марказий Осиёда ҳали - бери портловчи моддаларни ўғирлаш ва сотишга барҳам бериб бўлмайди. Чунки, қашшоқлик одамларни ўғирликка ундамоқда. Портловчи моддаларни сотиб олувчилар ҳам анчагина.
XS
SM
MD
LG