Линклар

КЎЧКИ

  • Сарвар Усмон

Бир кишининг ўлими фожеа, кўпчиликнинг ўлими статистика.

Бу гапнинг кимдан чиққанлигини ҳозир эслолмаяпман, бироқ шаккоклик анқиб турадиган бу фикрда, афсуски, жон йўқ эмас. Узоқдаги одамларнинг ўлими негадир, кўп ҳам таъсир қилавермайди. Танаси бошқа дард билмасми?!

Ўш вилояти Ўзган туманидаги Қоратариқ қишлоғида 20 апрел куни юз берган, 38 одамнинг ёстиғини қуритган даҳшатли фожеадан омон қолганлар йиғлаяптилар. Аёллар 1 ярим миллион куб метрли лою тупроқ остида қолиб кетган овулдошлари, яқинлари, кимдир онаси, кимдир боласига аза тутмоқда. Аёллар саннайдилар, эркаклар даҳшатни эслашга куч топадилар.

Қишлоқдан юқорироқдаги адирлик куппа-кундуз куни, соат учларда кўчди. Озодлик радиосига интервю берган йигитнинг уйи, уйдаги ота-онаси кўчки остида қолиб кетди.

Бу йигитнинг уйида фожеа юз берган дақиқаларда ҳаммаси бўлиб 8 киши бор эди. Омон қолгани 3 киши, кўчки остида қолгани 5 киши. Қишлоқни босиб қолган лою тупроқнинг ҳажми 1 ярим миллион куб метр, дедик. Хўш, бу ҳажмни қандай тасаввур қилиш мумкин? Балки қишлоқ кўчалари бўйлаб ўсиб ётган баландлиги 20 метрли тераклар ҳам кўринмай қолганини айтсак, тасаввур қилиш осонроқ бўлар даҳшатнинг кўламини? Қишлоқ бўйлаб 38 киши мана шундай улкан юкнинг остида қолиб кетди.

Қўлимизда кўчки остида қолганлар рўйхати. Қодировлар оиласидан беш киши, Нуржоновлар оиласидан беш киши... Узоқ ўқиш мумкин бу даҳшатли рўйхатни.

Хўш, нима учун қоратариқликлар ғафлатда қолдилар? Ҳукумат қаёққа қараб турган эди? Фожеанинг олдини нега олмади?

Маҳаллий маъмурият вакили Зулумбай Тажибаевга кўра, 1996 йили қишлоқ аҳли қаттиқ огоҳлантирилган, 8 оилага бу ердан кўчиб, бошқа жойга уй солиб олишлари учун 16 мингдан 24 минг сўмгача пул ажратилган. (24 минг қирғиз сўми қарийб 500 доллар бўлади) Кўчиши керак бўлган хонадонлардан иккитасигина кўчган, қолганларидан тушунтириш хати олинган.
"Ҳатто, кўчки арафасида, 18 апрел куни ҳам, қишлоқда яна бир мажлис ўтказилди, унга икки депутат ҳам қатнашди", дейди Зулимбай Тажибаев.

Кутилаётган хавф шу қадар аниқ экан, куч ишлатиш салоҳиятига эга идоралар яна бир марта куч ишлатиб қўйсалар асакалари кетармиди, деган мулоҳаза пайдо бўлади беиҳтиёр.

Душанба куни республика Бош вазири Николай Танаев овулга бориб тирик қолганлардан ҳол сўради, ҳамдардлик билдирди.

23 апрел куни фожеа юз берган жойга мамлакат президенти Асқар Ақаев ҳам учиб борди.

Умуман, Қирғизистоннинг жанубий минтақаларидаги аҳвол хотиржамлик учун имкон берадиган кўринмайди. Кейинги икки-уч ҳафта давомида тинимсиз ёққан ёмғир республика бўйлаб яна бир неча туманда кўчки хавфини пайдо қилди.

Қирғизистон республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили Анарқул Айталиев, республика бўйлаб хавфли зоналарнинг барчаси ҳисобга олинганлиги, улар доимий назорат остида эканлигини билдирди.

Бироқ, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Турсунбек Акун табиий офатларнинг олдини олиш бўйича аниқ сиёсати, конкрет дастури йўқ, деб ҳукуматни айблайди.

Кўчки хавфи бор минтақалардан бири Мойлисой шаҳри атрофларидир. Бу ерларга 20 асрнинг 40-60 йилларида қарийб 2 миллион куб метр уран чиқиндилари кўмилган. Қоратариқ фожеаси арафасида Мойлисойга бутун дунёдан олимлар йиғилиб, радиоактив чиқиндилар сақланаётган ҳудудларни текшириб кўрдилар. Олимларнинг хулосалари тепса-тебранмас кишиниям қўрқитадиган даражада. "Чиқиндиларнинг радиоактивлик даражаси шу қадар юқорики,- дейилади олимлар имзолаган якуний ҳужжатда, агар улар қўзғолиб кетгудек бўлса,- оқибатнинг қай даражада ҳалокатли бўлишини аниқ айтиш қийин".

Агар ер кўчиши ёки сел туфайли радиоактив чиқиндилар жойидан жилса, тўппа-тўғри Мойлисой дарёсига тушади. Ундан нари эса - бутун Фарғона водийси.
XS
SM
MD
LG