Линклар

“Қозоқгейт”: Экксон Мобил Астана расмийларига пора берганми?


Фарангис Саид

Бундан 25 йил олдин АҚШ раҳбарияти хорижий давлатлар ҳукуматларидаги коррупция ва порахўрликни текшириш амалиётини қўллай бошлаган. Сўнгги пайтларда “Қозоқгейт” номи остида ривожланиб бораётган Қозоғистон расмийлари орасидаги порахўрлик ҳақдаги иш, мутахассислар эътирофича, 25 йиллик тарихдаги энг йирик ходисадир.

Унга кўра, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, унинг оила аъзолари ва бошқа расмийларнинг Швейцария банкларидаги ҳисобларига 78 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ тушган. Бу пулларни АҚШ ва Европа нефт компаниялари Қозоғистон расмийларига нефт соҳасида фаолият олиб бориш бўйича имтиёзли шартномалар эвазига тўлаганлар. АҚШ ҳукумати Экксон Мобил компанияси ҳам шу ишга аралашгани ёки аралашмаганини текширмоқда. Айбловлар Мобил Ойл корпорациясининг истеъфодаги раҳбари ҳамда бир Нью-Йорклик тадбиркорга қўйилган. Ҳозирда ҳам давом этаётган тергов бу қонунбузарликда бутун бошли Экксон Мобил компанияси қатнашганми ёки уни фақат компания ходимининг ўзи қилганми, деган саволга жавоб топиши керак.

Бу ниҳоятда мушкул масала. Чунки АҚШ ҳукумати айбловларни фақат Қозоғистон ҳукумати ёрдамида текшириши мумкин. Қозоғистон ҳукумати эса...

Келинг, бу хусусида Астана расмийси баёнотини тинглайлик:

“Америка Қўшма Штатлари мамлакатимиз раҳбарини бу ишларда айбламаяпти. Порахўрлик ҳақдаги маълумотлар фақат мухолифатга қарашли интернет сайтларида чиқарилмоқда. Уларда очиқдан-очиқ ёлғон гапирилади. Шу ҳолос. Расмий айблар ҳеч қачон қилинмаган”, - дейди Қозоғистон президентининг сиёсий-ижтимоий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ермуҳаммад Ертисбаев.

Озодлик радиоси мухбирининг Астана расмийлари орасидаги коррупцияга оид мақолалар нафақат Қозоғистон мухолифатига қарашли матбуотда, балки АҚШ ва Ғарбий Европа ахборот воситаларида ҳам чоп этилаётгани ҳақдаги сўзларига жавобан Ермуҳаммад Ертисбаев “Америкада сўз эркинлиги бор, улар истаганини ёзаверадилар”, - деб айтди.

Швейцария ҳукумати АҚШ Адлия вазирлигини баъзи банкларда катта миқдордаги шубҳали маблағлар пайдо бўлаётганидан огоҳлантирган. Сўнг АҚШ терговчилари текширувни бошлаб юборганлар. Ҳаммаси бўлиб улар қўлига тўрт Швейцария банкидаги 30 ҳисобга оид маълумот келиб тушган.

Нью-Йоркда жойлашган “Меркатор” тижорат банки раиси Жеймс Гиффенга 2 апрел куни порахўрлик схемасини ишлаб чиққанлик ва воситачилик қилганлик айблари қўйилди. Маълумотларга кўра, 90-йилларда Қозоғистон президенти маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Гиффен Қозоғистон расмийларига пора берган хорижлик тадбиркорларга воситачилик қилган ва бундан ўзи ҳам катта фойда олган.

Жеймс Гиффен билан биргаликда судда прокурорлар саволларига жавоб бераётган яна бир одам - Мобил корпорациясининг собиқ раҳбари, ҳозирда истеъфода бўлган Брайан Уилямсдир. Тергов маълумотларига кўра, 1996 йилда у Мобил корпорацияси томонидан Қозоғистоннинг Тенгиз нефт конининг 25 фоиз акцияларини сотиб олишда асосий рол ўйнаган ва бунинг учун Гиффендан 2 миллион доллар пора олган. 4 апрел куни прокурорлар Экксон Мобилнинг бу ишдаги ролини текишираётганларини маълум қилдилар.

Қозоғистон ҳукуматининг мазкур иш хусусидаги позицияси эса мана бундай:

“Қозоқғейт дейсизми? Мен буни билмайман. Айбовлар Қозоғистон раҳбарининг хорижий банкларда маблағи борлиги ҳақидадир. Ўтган йилда Бош вазир расман чиқиш қилиб, гап нимада эканини батафсил тушунтирган эди. Мамлакат раҳбарияти маҳфий қарор қабул қилган. Мазкур қарорга кўра, Мобил корпорациясига сотилган акциялардан олинган 25 фоиз фойда, яъни 1 миллиард долларни хорижий банкдаги маҳфий ҳисобга ўтказишга келишилган. Акс ҳолда бу маблағ ижтимоий мақсадларда исроф қилинган бўларди”, - деди Қозоғистон президенти маслаҳатчиси Ермуҳаммад Ертисбаев.

Қозоғистон ҳукуматидаги порахўрлик, тўғрироғи порахўрлик ҳақдаги айбловлар ва тахминлар республиканинг халқаро ҳамжамиятдаги нуфузига салбий таъсир қилиши шубҳасиз. Хўш, Астана расмийлари бу вазиятда нима қилмоқдалар?

Алматида жойлашган Сиёсий тадқиқотлар агентлиги директори Ерлан Карин фикри мана бундай:

“Қозоқгейт ишининг давом этиши Қозоғистон раҳбарияти олиб бораётган сиёсатга таъсир қилаётир. Хусусан, расмий Астана Россия билан яқинлашишга қаратилган сиёсатни жадаллаштирди. Бунга Нурсултон Назарбоев ва Владимир Путин ўртасидаги учрашувлар сўнгги пайтларда анча кўпайгани мисол бўла олади”.

Шундай дер экан, мутахассис “Қозоқгейт” иши давом этиб, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари ва сўз эркинлигига оид вазият яхшиланмас экан, мамлакат боши берк кўчага кириб қолиши мумкинлигини айтади.

“Астана раҳбариятига ишончини йўқотган Ғарб давлатлари республикани ажратиб қўядилар. Айни вақтда улар инсон ҳуқуқлари ва демократияга оид талабларини кучайтиришда давом этадилар,” - дейди Қозоғистондаги Сиёсий тадқиқотлар агентлиги директори Ерлан Карин.
XS
SM
MD
LG