Линклар

logo-print

Фаластиннинг янги ҳукуматини тузишга келишилди.


Акрам Файзулло

Фаластин раҳбари Ясир Арафат ва Бош вазир Маҳмуд Аббос ўртасида ҳукуматни тузиш масаласи бўйича зиддият барҳам топди.

Чоршанба куни Маҳмуд Аббос Ясир Арафатнинг талабига кўра унга содиқ бўлган бир неча расмийни янги ҳукумат таркибига киритишга мажбур бўлди. Айни пайтда, Арафат хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи Муҳаммад Даҳланнинг ҳукумат аъзоси бўлишига кўнди. Муҳаммад Даҳлан Қўшма Штатлар ва Исроил ҳукуматлари томонидан Хамас ва Фаластиннинг бошқа жангари гуруҳларига қарши кураша оладиган расмий сифатида кўрилмоқда.

Дастлаб Арафат Даҳланнинг янги ҳукуматга таклиф қилинганига қарши чиқди. Бироқ 10 кун давом этган музокаралардан кейин Арафат Бош вазир Маҳмуд Аббоснинг ички ишлар вазири вазифасини ҳам бажаришига, ҳамда Муҳаммад Даҳланнинг хавфсизлик ишларига жавобгар бўлишига рози бўлди. Ғазо ҳудудида Фаластин хавфсизлик кучларининг бошлиғи бўлган Муҳаммад Даҳлан ўтган йили Арафат билан келиша олмаганидан сўнгра ушбу лавозимдан истеъфо берган эди. Айрим кузатувчилар сиëсий масалаларда таъсир ўтказиш имконига эга бўлган Муҳаммад Даҳлан Арафат ҳокимиятига таҳдид солиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Чоршанба куни Фаластин ҳукуматидаги режалаштириш ва Халқаро ҳамкорлик ишлари бўйича вазири Набил Шаат Арафат ва Маҳмуд Аббос янги кабинетни ташкил қилиш масаласида муросага эришганларини баëн қилди. У, шунингдек, парламент бир ҳафта ичида янги ҳукуматга ишонч овозини беришини маълум қилди.

Фаластиннинг янги ҳукумати зўравонлик ҳаракатларини тўхтата олиши-олмаслиги номаълумлигича қолмақда. Исроил полициясининг билдиришича, чоршанба куни Тел Авив яқинидаги темир йўл бекатида фаластинлик худкуш бомба портлатган. Мазкур портлаш оқибатида бир исроиллик нобуд бўлди ва камида 9 киши яраланди. Фаластиннинг Ал-Ақса жангари гуруҳи ушбу ҳужумни уюштиргани ҳақида даъво қилди.

Исроил Бош вазири маслаҳатчиси Дор Голд Фаластиннинг янги ҳукумати бундай зўравонликларга барҳам бериши тўғрисида умид билдирди: “Исроил ҳудди шундай ҳужумларга учраши ҳақида кўплаб огоҳлантиришлар олмоқда. Биз келаси ҳафтада қасамëдга келтириладиган Фаластиннинг янги ҳукумати бундай ҳужумлар такрорланмаслиги учун жиддий чора-тадбирлар кўришига умид қиламиз”, - деди Дор Голд.

Расмий Вашингтон Фаластиннинг янги ҳукумати тузилганини мамнуният билан қабул қилди. Оқ Уй матбуот вакили Ари Флейшер Буш маъмурияти янги ҳукумат Фаластин парламентида бир овоздан тасдиқланишига умид қилаëтганини маълум қилди. Унга кўра, шундан кейин Қўшма Штатлар тинчлик режасини қўллаб-қувватлайди.

Британия Бош вазири Тони Блэр ҳам Фаластиннинг янги ҳукумати ташкил қилинганини ижобий баҳолади: “Биз Абу Мазен бошчилигидаги Фаластин ҳукумати тузилиши ҳусусида келишиб олинганидан хурсанд бўлдик. Мана энди Яқин Шарқда ижобий натижаларга эришиш учун имконият пайдо бўлди”, - деди Тони Блэр.

Исроил ва Қўшма Штатлар Яқин Шарқ тинчлик режасини илгари суриш учун Фаластиннинг янги ҳукумати ташкил қилинишини шарт қилиб қўйган эди. Маълумотларга кўра, АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Исроил ва Фаластин ўртасида тинчлик жараëнини қўллаб-қувватлаш учун яқинда Иордания, Миср, Саудия Арабистони ва Сурияга сафар қилади.

АҚШ, БМТ, Европа Иттифоқи ва Россия томонидан ишлаб чиқилган Яқин Шарқ тинчлик режаси икки томонни барча келишмовчиликларга ечим топиш учун муроса қилишга ва уч йил ичида мустақил Фаластин давлатини ташкил қилишга чақиради.

Мазкур тинчлик режасининг биринчи босқичида Фаластин ҳукуматидан зўравонликка чек қўйиш учун дарҳол жиддий чоралар кўриши талаб этилади. Исроил ҳукумати эса, ўтган икки йил давомида Фаластин ҳудудларида яшовчи исроилликларни ҳимоя қилиш учун ўрнатилган постларни йўқ қилиши керак.
XS
SM
MD
LG