Линклар

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг сўнгги ҳисоботи.

  • Ҳасанжон

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Европа тикланиш ва тараққиёт банки куни кеча эълон қилган маълумотга кўра, собиқ социалистик давлатларда иқтисодий ўсиш суръати дунёнинг бошқа минтақалари, жумладан, АҚШ ва Европа иттифоқига қараганда анча юқори бўлмоқда.

22 апрел куни Банк эълон қилган ҳисоботда, 2002 йилда дунё иқтисодиёти тахминан 3 фоиз ўсган бир пайтда, собиқ социалистик давлатлар иқтисодиёти ўртача 3.7 фоизга ўсгани билдирилган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бош иқтисодчиси Виллем Буитер, агар дунёдаги энг йирик иқтисодиётга эга бўлган АҚШ, Германия ва Японияда иқтисодий ўсиш сусайгани ҳисобга олинса, социалистик давлатлар иқтисодиётининг ўсиши аҳамиятга моликдир: “Глобал иқтисодиёт сустлиги минтақага салбий таъсир этаётганига қарамай, собиқ социалистик давлатларда сезиларли иқтисодий ўсиш кузатилди. Бу давлатларда жорий 2003 йилда ҳам иқтисодий ўсиш юз бериши кутилмоқда”.

Буитерга кўра, 2003 йилда Шарқий Европа ва собиқ Совет Иттифоқи давлатларида иқтисодий ўсиш 4 фоизни ташкил этади. Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Бош иқтисодчисига кўра, иқтисодий ўсишга турли омиллар сабаб бўлади. Масалан, Шарқий Европада иқтисодий ўсиш асосан, минтақа давлатларининг Европа Иттифоқига қўшилиши арафасида уларга ётқизиладиган хорижий сармоялар ҳисобига бўлади. Нефт ва газ қазиб чиқарувчи собиқ Совет Иттифоқи давлатлари, жумладан Россияда иқтисодий ўсиш, асосан, нефт нархининг юқорилиги ҳисобига бўлади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки маълумотига кўра, 2003 йилда Қозоғистонда иқтисодий ўсиш 6.5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Соғлом муҳит ўз навбатида Кавказ ва Марказий Осиёдаги қўшни давлатларда ҳам иқтисодий ўсишга ёрдам беради. Масалан, 2003 йилда Тожикистон иқтисоди 6 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Мутахассислар фикрича, энергия ишлаб чиқарувчи давлатлар учун энг катта хавф - дунё бозорларида нефт нархининг кескин пасайиб кетишидир. Жорий йил бошида Ироқ уруши таҳдиди сабабли нефт нархи салкам рекорд даражада қимматлашди. Бироқ, Ироқ нефти жаҳон бозорларига чиққанидан сўнг, нефт нархи пасайиши кутилмоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Бош иқтисодчиси Виллем Буитер, иқтисодий ўсиш статистикаси - “сиёсий ислоҳотлар ва иқтисодий ўсиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ”, деган банк фалсафасини яққол ифода этишини алоҳида таъкидлади. Буитер Ўзбекистон, Беларус ва Туркманистонни мамлакатда сиёсий ўзгаришлар юз бермагани сабабли ҳали ҳам ислоҳотлар олиб бораётган давлатларга мисол сифатида кўрсатди: “Ўзбекистон ҳукумати ислоҳотлар олиб боролмагани учун яна бир бор ҳақ тўлашини кутяпмиз. 2003 йилда республика иқтисодиёти 2.5 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу мамлакат потенциалига нисбатан жуда паст кўрсаткичдир. Ислоҳотлар ўтказилмаётган яна бир давлат яъни Беларусда ҳам жорий йилда мўжиза юз беришини кутмаяпмиз. Умуман ислоҳотлар ўтказилмаган Туркманистонда эса аҳоли ҳаёти фақат мамлакатнинг газ экспортига қарам бўлиб қолавериши кутилмоқда”,-деди Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бош иқтисодчиси Виллем Буиттер. У сўзига қўшимча қилиб, Болқон давлатлари ва Молдовада сўнгги пайтда амалга оширилган сиёсий ислоҳотлар иқтисодий вазиятнинг яхшиланишига олиб келганини, бу бошқа давлатлар учун ўрнак бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Буитерга кўра, Болқон давлатлари интеграциялашиш орқали инвестиция муҳитини яхшилашлари мумкин.

Шу ўринда банк ҳақида қисқача маълумот. Европа тикланиш ва тараққиёт банки собиқ социалистик давлатларда демократия ва бозор иқтисодиётига асосланган тизимни шакллантириш мақсадида 90 йиллар бошида ташкил этилган. АҚШ - Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ягона энг йирик ҳиссадори ҳисобланади. Европа Иттиофқи ва бошқа ўтиш даври мамлакатлари ҳам банк ҳиссадорларидир.
XS
SM
MD
LG