Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:16

Шимолий Корея ядровий дастурдан воз кечадими?


Фарангис Саид

АҚШ ва Шимолий Корея расмийлари Хитой вакиллари воситачалигида Пекинда уч кун давомида Пхенян ядровий дастурини муҳокама қилдилар. Тарафлар учрашув натижаларини турлича баҳолашмоқда. Бунинг сабаби – унда қатнашган тарафларнинг мақсади ва умидлари турлича бўлганида, дейишмоқда кузатувчилар.

Расмий баёнотларда сўзлашувларнинг асосий мақсади сифатида Шимолий Корея ядровий дастурига чек қўйиш кўрсатилди. Бироқ, музокаралар давомида қилинган чиқишларга кўра, Пекинга борган америкалик сиёсатчилар билан уларнинг кореялик ҳамкасблари режалари бир-биридан фарқ қилган.

Хитой Ташқи ишлар вазири Лиу Цзинхао сўнгги олти ой давомида биринчи бор ўтказилган музокаралар катта ижобий жараённинг бошланиши, деб қайд этди:

“Барча тарафлар масаланинг тинч йўл билан ҳал этилиши истагини намойиш қилдилар. Улар бир-бирлари позицияларини ўрганиб чиқиб, сўнг дипломатик алоқаларни жадаллаштиришга келишиб олдилар”.

Хитой расмийсининг бундай оптимистик баёноти АҚШ вакили фикридан кескин фарқ қилди. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл Вашингтон Пхеняннинг дўқ-пуписаларига мувофиқ жавоб қайтаражагини таъкидлади:

“Шимолий Корея делегацияси Пекиндаги музокараларни АҚШ ва унинг шериклари Пхенян дўқ-пўписаларидан ҳайиққани, қўрққани ёки бундан ҳам даҳшатли оқибатлар бўлишидан хавотирлангани боис олиб борди ва эндиликда муросага тайёр, деб ўйламаслиги керак”.

Бундай кескин баёнотига қарамай, Пауэлл Вашингтон Пхенян билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Пхеняннинг позицияси эса кутилгандек бўлди. Бу учрашувда ҳам, илгариги учрашувлар каби, Шимолий Корея расмийлари ўзларига ҳос бўлган ўйинни давом эттирдилар ва бир-бирига зид бўлган баёнотлар қилдилар. Кузатувчилар фикрича, бу Пхенян учун одатий дипломатик тактика бўлиб, у бошқа давлатни аста-секин ўз тарафига оғдиришга ҳаракат қилади. “Баъзиларга жумбоқ бўлиб кўринган сиёсат аслида яхши ишлаб чиқилган ва барча манфаатларнинг таъминланишини кўзлаган дипломатик стратегиядир”, дейишмоқда мутахассислар.

Германиянинг Трир университети ходими, Корея бўйича мутахассис Себастян Харниш Пхеняннинг Пекин музокараларидан мақсадларини мана бундай тушунтиради:

“Пхенян режими ҳозирда ядровий бомбага эгалик қилмаса-да, АҚШ ва бошқа давлатларни бунга ишонтиришга муваффақ бўлди. Шимолий Кореянинг сўнгги ойлар давомидаги ҳаракатларини бир кўздан кечирсангиз, у АҚШнинг потенциал ҳарбий ҳужумидан ўзини ҳимоя қилишга уринганини тушунасиз. У ҳатто АҚШга ўзининг ҳарбий қудратини намойиш қилди”, - дейди мутахассис.

Пхеняннинг Пекин музокараларидан кўзлаган иккинчи мақсади, Харниш фикрича, ўзини “яхши давлат” сифатида намойиш қилишдан иборат бўлди. Вашингтон расмийлари эса Пхеняндаги ҳамкасбларини айнан шундай – яхши давлат сифатида эътироф этаётганларини намойиш қилдилар. Себастян Харнишнинг фикрича, бу ҳам турли тарафлар олиб бораётган ўйиннинг бир қисмидир.

“АҚШнинг Пекиндаги музокаралардан кўзлаган мақсадига келсак, у Шимолий Корея ядровий дастури хусусида жуда кескин ва қатъий фикрда эканини намойиш қилишга интилди. Айни вақтда Қўшма Штатлар бошқа мамлакатларга Шимолий Корея билан музокаралар олиб бориш ниҳоятда қийинлигини исботламоқчи бўлди. Бу орқали Вашингтон бошқа давлатларни Шимолий Кореяга нисбатан кескинроқ чоралар кўриш кераклигига ишонтиришга уринди”, - деб фикр билдирди Себастян Харниш.

Пхенян ва Вашингтон ўз ўйинларини давом эттирар эканлар, Хитой Шимолий Кореяга ёнилғи етказишни вақтинча тўхтатишга қарор қилганини маълум қилди. Шимолий Кореяни азалдан қўллаб-қувватлаб келган Россия агар Пхенян ядровий дастурини давом эттирса, у билан муносабатларини қайта кўриб чиқишидан огоҳлантирди. Хитой ва Россиядан фарқли ўлароқ, масалага ҳамон сабр-тоқат билан ёндашаётган Жанубий Корея ҳукумати эса 27 апрел куни ушбу масалани муҳокама қилиш учун Пхенянга ўз вакилларини юбормоқда.
XS
SM
MD
LG