Линклар

АҚШ - Франция муносабатларидаги таранглик.

  • Ҳасанжон

Шу ҳафтада телевидение мухбири билан суҳбати чоғида АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлга, Франциянинг Ироқ урушига қаршилик кўрсатгани салъбий оқибатларга эга бўлиши мумкинми?,-деб савол берилди. Пауэл қисқа қилиб “Ҳа” деб жавоб қайтарди.

Ушбу “Ҳа” жавоби Парижда қаттиқ акс-садо берди. Айрим расмийлар, фақат Францияни Ироқ урушига қарши бўлган деб кўрсатиш адолатсиз эканини чунки мазкур урушга очиқдан-очиқ қарши бўлган Германия ва Россия танқид қилинмаганини айтдилар. 15 апрелда Президент Жак Ширак АҚШ президенти Жорж Буш билан телефон орқали сўзлашганидан сўнг, расмийлар Франция-Америка муносабатлари илиқлаша бошлаганини айтдилар. Таржима билан жаъми 20 дақиқа давом этган ўша суҳбатни француз расмийлари “ижобий” деб баҳоладилар. Оқ Уй матбуот котиби Ари Флейшер эса суҳбатни “бизнесга ўхшаган” деб таърифлади.

Чоршанба куни Ари Флейшер янги Франция-Америка ўртасидаги муносабатлар қийинчиликларини кичрайтириб кўрсатишга уринди. Флейшер, президент Буш икки давлат халқлари умумий қадриятларга эга эканига ишонишини ва давлатлар ўртасидаги иттифоқ давом этишини билдирди. Айни пайтда, Флейшер Франциянинг урушга моънелик қилгани Франция-Америка муносабатларининг таранглашишига сабаб бўлганини, бу эса қаршиликнинг салъбий натижаси эканини айтди.

Бошқа салъбий оқибатлар шу ҳафта бошида Бушнинг Хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Кондолизза Райс ўринбосари Стефен Хадлей бошчилигида Оқ Уйда ўтган юқори даражали йиғилишда муҳокама этилди. Учрашувда Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлиги расмийлари ҳамда АҚШ Вице президенти Дик Чейни ҳам қатнашди. Йиғилишда муҳокама этилган эҳтимолий чоралардан бири - НАТОнинг сиёсий органи ҳисобланган Шимолий Атлантика Кенгашининг айрим халқаро учрашувларини Франция иштирокисиз ўтказиш масаласи бўлди.

Айрим француз қузатувчиларига кўра, 9 апрелда Ироқ уруши тугаганидан бери икки давлат ўртасидаги муносабатлар ривожланиб бормоқда. Франциянинг Халқаро алоқалар институти тахлилчиси Этийен де Дуранд Озод Европа - Озодлик радиосига берган интервюсида бу ҳақда шундай деди: “Биз икки мамлакат алоқалари ривожланиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу якуний ҳулоса чиқаришни қийинлаштиради. Чунки, икки томонда қарама-қаршилик бор. Менимча, уруш бошланишидан олдинги вазиятга солиштирганда Франция томони вазиятни юмшатишга ҳаракат қилиб келмоқда. Шунга қарамай, узоқ муддат ҳақида гапирадиган бўлсак, менимча, АҚШ санкциялар жорий этади, жазо чорасини кўради”.

Де Дурандга кўра, жазо чоралари кўпчилик кутганидек бизнес ёки иқтисодий соҳада бўлмайди. Чунки, Франция Европа Иттифоқига аъзо давлат. Шу сабабли Иттифоқнинг бошқа аъзолари, жумладан АҚШга яқин иттифоқчи бўлган Британияга ҳам зарар етказмаган ҳолда фақат Франциянинг ўзига қарши иқтисодий санкция жорий этиш жуда қийин.

Франциядаги Стратегик тадқиқотлар жамғармаси тахлилчиси Бруно Таиртре АҚШ ўз жозо чораларини ҳарбий соҳада амалга оширишига ишонади. Таиртре бунда АҚШ Мудофаа вазирлигининг фуқаро раҳбариятини шундай айблади: “Пентагон – Пентагон деганда мен унинг фуқаро раҳбариятини назарда тутяпман –Ироқ урушига қарши бўлгани учун Францияга каттароқ зарар етказиш йўлларини излаётганига ишончим комил. Билишимча, Пентагон ва француз ҳарбийлари ўртасидаги алоқаларни минимум даражага тушириш истаги бор”. Бироқ Таиртре жазо чоралари узоқ муддатли бўлишига ишонмайди. Унга кўра, ҳарбий ва бошқа соҳадаги ҳамкорлик ҳар икки давлатга манфаат келтиради.

Ҳам де Дуранд ҳам Таиртре, Франция сўнгги икки ҳафта мобайнида Ироққа қарши жорий этилган иқтисодий санкцияларни тўхтатишга рози бўлиш орқали етарли муроса қилганига ишонадилар. АҚШ эса санкциялар бутунлай бекор қилинишини истайди. Франциянинг айрим юқори лавозимли расмийлари, тинчликни сақловчи кучлар сифатида НАТО қўшинлари Ироққа киритилиши масаласини муҳокама этишга тайёрликларини билдирдилар. Француз расмийлари буни “прагматик” ёндашув деб таърифладилар. Президент Ширак эса 15 апрел куни АҚШ президенти Жорж Буш билан телефон суҳбати чоғида Франция Ироқни қайта тиклаш масаласига “прагматик нуқтаи назардан” ёндашишини ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG