Линклар

Энди ким Ироқ нефтини назорат қилади?


Акрам Файзулло

Узоқ йиллар давомида Саддам Ҳусайн Ироқ халқини назорат қилиш, армияни мустаҳкамлаш, ўзини ва яқинлари бой қилиш учун мамлакат нефтидан фойдаланиб келди.
Саддам Ҳусайн ҳам охири ҳокимиятдан четлаштирилди. АҚШ ва Британия ҳукуматларига кўра, энди мамлакат нефти Ироқ халқининг фаровон ҳаëтга эришиши йўлида қўлланиши керак.
Аммо бунга қандай эришилиши ҳозирча номаълум. Чунки Ироқда бирор бир ҳусусий нефт компанияси йўқ ва нефт ишлаб чиқаришни қайта бошлаш учун ташқи сармояга катта эҳтиëж сезилмоқда.
Вашингтондаги стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Роберт Айбелга кўра, ироқликлар ташқи сармоясиз нефт ишлаб чиқаришни қайта бошлаш имконсиз эканини яхши биладилар.
“Ироқда нефт ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун мамлакатга 35-40 миллиард доллар керак. Ироқликларда бунча пул йўқ. Шунинг учун, Ироққа ҳусусий сармоялар ва хорижий нефт компанияларини жалб қилиш зарур”, - деди Роберт Айбел.
Бироқ таҳлилчининг фикрича, бундай ҳолатда, чет элликлар Ироқ нефтини назорат қилишмоқда, деган қарашлар пайдо бўлади. Роберт Айбелга кўра, Ироқнинг янги ҳукумати халқ турмушини яхшилаш мақсадида, хорижий нефт компаниялари билан савдолашиш имкониятига эга бўлиши керак.
“Ироқ нефтининг сифати жуда яхши, мамлакатда нефт ишлаб чиқариш арзонга тушади ва нефтни жаҳон бозорларига жўнатиш қулайдир. Шунинг учун, ташқи сармоя шартлари ҳусусида олиб бориладиган музокаралар қаттиқ тортишувларга сабаб бўлиши мумкин”, - деди Роберт Айбел.
Лекин Ироқ нефтини ким назорат қилади, деган савол ҳануз жавобсиз қолмоқда. Айрим кузатувчиларга кўра, одатда нефт соҳасидан тушадиган даромадни назорат қилувчи ҳукуматларда коррупция кенг тарқалган бўлади.
Жорж Вашингтон университети профессори Натан Брауннинг қайд этишича, Ироқ Саудия Арабистони ва Кувайтдан фарқли равишда қироллик бўлмагани боис, мамлакат сиëсий жиҳатдан кенг имкониятларга эга.
“Форс кўрфазидаги айрим давлатларда қироллик оиласига мансуб амалдорлар нефтдан олинаëтган даромадни бевосита назорат қилишади. Бу давлатларга қараганда ироқликлар қулайроқ сиëсий имкониятга эгалар. Ироқда нефтдан олинган даромад давлат иҳтиëрида бўлди. Бироқ вақт ўтиши билан мамлакат бадном бўлди. Лекин Ироқда нефтдан кўрилган даромад маълум бир оиланинг ҳусусий мулки эмас эди”, - деди профессор Натан Браун.
Унинг фикрича, эндиликда Ироқ нефти халқ фойдасига қулланишини таъминлаш учун Бағдод ҳукуматининг хорижий нефт компаниялари билан тузадиган келишувлари демократик усуллар орқали сайланадиган парламент томонидан тасдиқланиши керак.
Профессор Натан Брауннинг қайд этишича, хорижий нефт компаниялари ироқликларни алдамаслигини назорат қилувчи ва кафолатловчи муассасаларни яратиш зарур. Аммо америкалик мутахассис Ироқда бундай тузилмаларни вужудга келтириш осон эмаслигини ҳам урғулайди.
XS
SM
MD
LG