Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:46

Президент Каримов Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар қийноққа солинаëтганини тан оладиган ва қоралайдиган бўлди.


Акрам Файзулло

Европа Тикланиш ва тараққиëт банки 4-5 май кунлари Тошкентда ўзининг йиллик учрашувини ўтказишга тайëрланмоқда. Мазкур банк раиси Жан Лемиернинг маълум қилишича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ушбу йиллик учрашувга бир баëнот йўллаб, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар қийноққа солинаëтганини тан олади ва қоралайди.

Биз Лемиер билан телефон орқали боғланиб, ундан президент Каримовнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар қийноққа солинаëтганини эътироф этишига нима сабаб бўлди, деб сўрадик. Сухбатдошим жавоби шундай бўлди:

“БМТ ҳисоботидан сўнг, яқинда Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки ҳам Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатлар борасида ўз ҳисоботини эълон қилди. Мазкур ҳисоботнинг Ўзбекистонга оид қисмида, мамлакатдаги қатор муаммолар, ҳусусан инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги ва қийноқлар ҳақида жиддий хавотирланиш билдирилди. Айни ҳисоботда, шунингдек, иқтисодий соҳада, жумладан конвертация, савдо ва сармоя масалалари тўғрисида тўхталиб ўтилган. Биз Европа Тикланиш ва Тараққиëт банкининг Тошкент учрашуви давомида президент Каримовдан юқорида тилга олинган муаммолар ҳал этилиши ҳақида жавоб олишни кутаяпмиз”, - деди Жан Лемиер.

Европа Тикланиш ва тараққиëт банки раисига кўра, Каримов, банк йиғилиши очилишида қиладиган маърузасида Ўзбекистон БМТнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги тавсияларини амалда бажаришини ҳам маълум қилади:

“Биз бу борада ҳам ижобий жавобни кутаяпмиз ва бу дастлабки қадам бўлади. Шундан сўнгра Ўзбекистон ҳукуматининг ўз ваъдаларини бажаришини мониторинг қилиб бориш халқаро ташкилотларга ва авваламбор БМТга боғлиқ бўлади”, - деди Жан Лемиер.

Маълумки, Ўзбекистондаги иқтисодий қийинчиликлар оқибатида аҳолининг каттагина қисми қашшоқликда кун кечирмоқда. Аҳоли орасида ишсизлик тобора кенгаймоқда. Европа Тикланиш ва тараққиëт банки раиси Лемиер бу ҳусусда шундай дейди:

“Ўзбекистон ва бошқа айрим қўшни мамлакатларда қашшоқлик жиддий муаммо бўлиб қолаяпти. Ўзбекистон ҳукумати вазиятни яхшилаш, аниқроқ қилиб айтганда, минтақадаги давлатлар билан савдо алоқаларини ривожлантириш, ташқи сармояни жалб қилиш ва янги иш жойларини яратиш учун зарур чора-тадбирлар кўриши лозим. Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки қашшоқликни камайтириш учун мамлакатда кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳани ва бошқа соҳалардаги бир неча лойиҳаларни молия билан таъминламоқда”, - деди Жан Лемиер.

У Европа Тикланиш ва тараққиëт банки таклифига биноан, Тошкент учрашуви доирасида Марказий Осиë давлат раҳбарлари Грузия президенти Эдуард Шеварднадзе билан савдо алоқаларини ривожлантириш тўғрисида музокаралар олиб боришларини маълум қилди.

Жан Лемиер, яқин келажакда Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар бўлишини кутаяпсиз, деган саволга қуйидагича жавоб берди:

“Биз Ўзбекистонда матбуот эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий соҳалар бўйича ўзгаришлар бўлишини кутаяпмиз. Биз, шунингдек, савдо алоқаларини ривожлантириш учун Марказий Осиë давлатлари ўртасида яхшироқ муносабатлар ўрнатилишини кутаяпмиз”, - деди Жан Лемиер.

Аммо инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Human Rights Watch ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили Матилда Богнер Ўзбекистон ҳукумати ўз ваъдаларини амалда бажариши ҳусусида шубҳаланиш билдирди:

“Мен Европа Тикланиш ва Тараққиëт банкининг Тошкент учрашуви давомида бериладиган ваъдаларни ижобий баҳолайман. Аммо мазкур банк ва халқаро ҳамжамият ушбу учрашувдан кейин Ўзбекистонда қандай ўзгаришлар бўлиши масаласига бефарқ бўлиб қолмаслиги керак. Чунки, Ўзбекистон ҳукумати ўзи берган ваъдаларни бажармаслиги мумкин. Ўзбекистон раҳбарияти банк учрашуви туфайли халқаро ҳамжамиятнинг диққат-эътибори Тошкентга қаратилишини яхши билади. Шунинг учун, Ўзбекистон ҳукумати ваъдалар бериш орқали халқаро ҳамжамиятда яхши таассурот қолдиришга уриниши мумкин. Лекин агар ваъдалар амалда бажарилмаса, улар шунчаки қуруқ гап бўлиб қолади”, - деди Матилда Богнер.

Ўзбекистон халқаро аксил-террор кампанияда Қўшма Штатлар иттифоқдошига айланди. Бунинг эвазига Вашингтон Ўзбекистонга молиявий ëрдамини оширди. Айни пайтда, АҚШ раҳбарияти Ўзбекистон ҳукуматидан мамлакатда сиëсий ва иқтисодий ислоҳотларни тезлаштиришни талаб қилмоқда. Сўнгги пайтларда бир неча сиëсий маҳбуслар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари Ўзбекистон қамоқхоналаридан озод этилди, бир неча инсон ҳуқуқлари ташкилоти расман рўйхатдан ўтди. Аммо Human Rights Watch ташкилотининг вакили Матилда Богнер бу етарли эмаслигини қайд этди:

“Мен қамоқдан яқинда озод этилган инсон ҳуқуқлари фаолларидан фақат бир кишини биламан ва биз, албатта, бундан мамнунмиз. Аммо бошқа инсон ҳуқуқлари фаоллари қамоқда ўтиришибди. Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ва иқтисодий вазиятни яхшилаш ҳақида кўплаб ваъдалар берди. Лекин бу ваъдаларнинг бирортаси ҳам тўлиқ бажарилгани йўқ. Шу боис, биз ҳукуматнинг гапига эмас, балки амалда қиладиган ишларига қараб баҳо берамиз” – деди Матилда Богнер.

У қўшимча қилиб, ҳозир Ўзбекистонда совет давридагига қараганда фуқаролик жамияти эркинлиги анча камлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG