Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:09

Бекор бўлган қўшфуқаролик


22 апрел куни Туркманистон президенти имзолаган фармон 1993 йилда Россия ва Туркманистон ўртасидаги икки фуқаролик тўғрисидаги битимни бекор қилди .Икки фуқароликка эга бўлган Туркманлар олдимиздаги икки ой ичида ë Россия ëки Туркманистон фуқаролигини танлаши керак, акс ҳолда улар автоматик тарзда фақат Туркманистон фуқароси сифатида қолдирадилар.

Туркманистонда бу фармон имзоланиши билан кузатилган энг биринчи ҳолат Ашхобаддаги квартиралар нархи тушиб кетгани бўлди, деб ëзади "Озодлик" мухбири Фарангиз Нажибулоҳ. 22 апрелгача, яъни қўш фуқаролик битими бекор қилингунча 9 минг долларга баҳоланган уйлар нархи ҳозир 3 минг долларгача тушиб кетган. Туркманистон ташқи ишлар вазирлиги олдида эса бир неча минг кишилик навбатни кузатиш мумкин. Туну - кун давом этаëтган бу навбатни маҳаллий туркманлар уруш пайтидаги нон дўкони олдидаги навбатга ўхшатмоқдалар. Аммо бу сафар одамлар нон учун эмас, балки Туркманистондан чиқиб кетиш визаси учун навбатда туришибди. Виза учун тўланадиган икки миллион манат, яни тахминан юз доллар маблағ ҳеч кимни ўйлантирмаëтгандай кўринади. Асосий мақсад- мамлакатни тарк қилиш. Бўлмаса икки ой ичида автоматик тарзда фақат Туркманистон фуқароси бўлиб қолаверасиз. Навбатда турганлардан бири, узоқ вақтдан бери Туркманистонда яшаб келаëтган рус аëли ҳасратидан чанг чиқади:

"Қолган бир ярим ой ичида биз нима ҳам қила олардик. Ҳаммамизнинг оиламиз бор.Елкамизга рюкзак осиб бошимиз оққан тарафга кета олмаймизку".

Мамлакатни шошилинч тарк қилаëтган яна бир Ашxободлик ўрта яшар киши "Oзодлик" микрофонига шундай гапиради.

"Бир тарафда онам касал ëтибди,болалар эса аллақачон Россияда.Нима қилишни билмаяпман".

Красноводск шаҳридаги инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи ташкилот вакили Маметов Туркманистондаги русийзабон аҳоли ташвишларига тўхталади.

"Русийзбон аҳолининг Туркманбоши Ниëзов имзолаган фармонга муносабати ўта салбий.Красноводскдаги Россия консулхонаси олдида жуда кўп одамлар йиғилган. Улар 22 апрел куни имзоланган фармон юзасидан изоҳ кутишмоқда."

Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришига кўра Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов юзага келган аҳволдан ташвишланиб Туркманистон ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан телефон орқали гаплашган. Россия Ташқи Ишлар вазирлиги мулозими Александр Яковенкога кўра Расмий Москва ҳали протоколни имзоламаган демак, ҳали қўшфуқаролик битими ўз кучида қолмоқда.

Аммо бу фармон Россия ҳукумати таклифига кўра қабул қилинганлигини иддао қилган аҳоли вакиллари 25 апрел куни Ашхободдаги Россия элчихонаси олдига норозилик билдириш учун тўпланган.Элчихона олдига тўпланганлар Путин портретини ëндиришган ва Россия байроғини тепкилашган, деб хабар беради "Немис тўлқини" радиосининг Ашхободдаги мухбири Ораз Сариев.

Россия оммавий ахборот воситалари қўш фуқаролик битимини бекор қилиниши билан Туркман газини Россия тижоратчилари қўлига ўтиши ўртасида боғлиқлик излаëтган бўлсалар, вазиятни кузатаëтган хорижлик таҳлилчилар буни ўтган йил охирида Туркманистон президентига қилинган суиқасд воқеаси билан боғламоқдалар.Ҳозир суиқасдда айбланган 60 киши қамоқ жазосини ўтамоқда.Расмий Ашхобод Россиядаги ва Швециядаги Туркман мухолифати вакилларини экстрадиция қилиш учун ҳаракат қилмоқда. Будапештдаги Очиқ Жамият институти вакили Эрика Далиев қўшфуқароликниг бекор қилиниши ва суиқасд ўртасидаги боғлиқликни шундай изоҳлайди.

"2002 йил ноябр ойида Ниëзовга суиқасд қилди, деб айбланган шахсларнинг кўпчилиги бир вақтнинг ўзида икки мамлакат фуқароси эди. Қўшфуқаролик тўғрисидаги битим бекор бўлиши билан Россиянинг ўз фуқароларини ҳимоя қилиши билан боғлиқ муаммолар барҳам топади".

Туркманистон президентининг 22 апрелда имзолаган фармони "мамлакат фуқароларини қаттиқ назоратга олишнинг яна бир усулига айланди," демоқда кузатувчилар.
XS
SM
MD
LG