Линклар

Марказий Осиё кимнинг таъсирида?


Абдуллоҳ Эргаш

Коллектив хавфсизлик шартномасига аъзо давлатлар раҳбарларининг Тожикистонда бўлиб ўтган саммитидан сўнг, жаҳон матбуотида Марказий Осиё яна Россия таъсир доирасига қайтмоқда, деган фикрлар пайдо бўлмоқда.

“Тожикистон ва Қирғизистонда Россия қуролли кучларининг жойлаштирилишига руҳсат берилди.” “Қозоғистон ва Туркманистоннинг эса Россия билан иқтисодий муносабатлари кучаймоқда.” Таҳлилчилар Марказий Осиё Россия таъсир доирасига қайтмоқда, деган фикрларини мана шундай далиллар билан изоҳламоқдалар. Иккинчи тарафдан эса, Марказий Осиё далатлари ҳукуматлари АҚШ билан иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдалар.

Бу таҳлиллар қанчалик ўринли? Ҳукуматлар танлаб олган “тутинган оға”ларни шу мамлакатларнинг оддий фуқаролари ҳам “оға” қатори қабул қила оладиларми? Ёки бу борада ҳукумат ва халқ ўртасида бўлиниш мавжудми?

Мана шу саволларга жавоб қидириб, маҳаллий сиёсатшунослар ва халқаро кузатувчиларга мурожаат қилдик.

Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўхронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи эксперти Филип Нубель минтақа ҳақида шундай фикр билдиради:

“Авваллари Россиянинг таъсири кучли бўлган бўлса, айни пайтда бу таъсир миқдори озайган. Лекин бу минтақада бира тула Америка таъсири ҳукмрон, дегани эмас. Айни пайтда АҚШнинггина эмас, Хитойнинг ҳам таъсири бор. Яъни минтақа бир вақтнинг ўзида Москва, Вашингтон ва Пекин эътиборини жалб қилмоқда,” - дейди бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи эксперти Филип Нубел.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Алихан Рамазанов биз ўртага ташлаган саволларга шундай жавоб беради:

“Россия собиқ совет республикаларини ўз таъсир доирасига олишга ҳар қанча ҳаракат қилмасин, натижа ижобий бўлмайди. Чунки, бугунги кунда фойдали қазилмалар, жумладан, нефт бизнесининг 80 фоизи Америка қўлидадир. Иқтисодий таъсир - энг кучли таъсир бўлиб, ўз аравасини базўр тортаётган Россия, Марказий Осиёга моддий жиҳатдан ҳеч қандай кўмак бера олмайди. Демак, Россиянинг таъсири ҳақида жиддий гап бўлиши мумкин эмас,“ дейди Алихан Рамазанов.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев кейинги пайтда Россия билан яқинлашиш сиёсатини юргизаётганлигини сиёсатшунос Алихан Рамазанов АҚШга нисбатан шантаж, деб баҳолайди.

“АҚШ инсон ҳуқуқлари, демократия борасида тазйиқ ўткизмасин, деган мақсадда президент Россия билан муносабатларни яхшилаётгандай кўринмоқчи. Аслида эса, бундан ҳеч қандай наф йўқ”, дейди Алихан Рамазанов.

Бўхронларнинг олдини олиш Халқаро гуруҳи эксперти Филип Нубел эса Қозоғистонда таъсир доираси балансга эга деб ҳисоблайди:

“Минтақа мамлакатлари орасида мустақил позицияга эга бўла оладигани Қозоғистондир. Чунки у ерда жуда катта нефт заҳиралари мавжуд. Бу ерда Хитой, Россия ва АҚШ таъсири ўртасидаги баланс ҳам бор. Қозоғистонда Россия, АҚШ ва Хитой ўз улушига эга”, дейди Филип Нубель.

У минтақа мамлакатлари ҳукуматларининг бошқа давлатлар билан яқинлашиш сиёсатини ёки таъсир доирасини шундай изоҳлайди:

“Президент Каримов расман АҚШ сиёсатини, президент Бушни қўлламоқда. Лекин Ўзбекистон аҳолиси рус ахборот майдони таъсирида қолмоқда. Шунинг учун Ўзбекистонда АҚШдан кўра кўпроқ Россиянинг таъсири кучлироқ. Туркманистон иқтисодий жиҳатдан Россиянинг таъсирида. Чунки Россия Туркман газининг энг йирик сотиб олувчисидир. Тожикистон ҳам келажагини Россия билан боғламоқда. Қирғизистон эса мураккаб ҳудуд. У бир вақтнинг ўзида АҚШ, Хитой ва Россия билан чамбар - чарс боғланган. Қирғизистон раҳбарияти ҳар уччала мамлакатнинг таъсирида бўлишдан манфаатдор. Бироқ, сиёсий манфаатлар тўқнашган жойда Россиянинг таъсири кучлироқ бўлмоқда”, дейди Филип Нубел.

Ушбу лавҳамизда Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг сиёсий ҳамкор танлашдаги расмий позициясини ўрганишга ҳаракат қилдик. Лекин расмий позиция халқнинг дунёқарашига тўғри келяптими? Бу энди кейинги лавҳамизнинг мавзусидир.
XS
SM
MD
LG