Линклар

АҚШ, Британия ва Полша Ироқ учун барқарорлаштирувчи кучлар ташкил этмоқда.

  • Ҳасанжон

Урушдан кейинги Ироқда вазиятни барқарорлаштириш мақсадида АҚШ ва унинг иттифоқчилари Халқаро барқарорлаштирувчи кучларни ташкил этмоқдалар. АҚШлик юқори лавозимли расмий амалдорнинг Франс Пресс ахборот агентлигига айтишича, улар БМТ ёки Ироқ урушига қарши бўлган давлатлар бу ташаббусни қўллаб-қувватлашини хоҳлайдилар.

Режага кўра, мамлакатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун Ироқ уч секторга бўлиниб АҚШ, Британия ва Полша кучлари томонидан бошқарилади. Хавфсизликни таъминлаш йўлидаги мазкур ҳаракатга бошқа давлатлар ҳам қўшилади. Ҳозирча Ироқ уч секторга бўлингани йўқ. Расмийлар, Ироқ диний ёки этник мезонлар асосида бўлинмаслигини айтдилар.

Британия Мудофаа вазири Жеф Хун чоршанба куни Лондонда НАТОга аъзо ўн олти давлат ва мазкур Иттифоққа аъзо бўлмаган бошқа давлатлар вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда мазкур режани олға сурди.

Айни пайтда, Юнонистоннинг Родос оролида Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари урушдан кейинги Ироқ масаласида АҚШ билан ўртадаги фарқни кичрайтириш масаласини муҳокама қилдилар.

Ироқ урушига қарши чиққан Франция, Германия ва Россия Коалициянинг барқарорлаштириш операциялари бўйича Лондонда уюштирилган дастлабки анжуманига таклиф этилмади.

АҚШ расмийларига кўра, Вашинтон БМТнинг Ироқдаги роли чекланган бўлишини хоҳлайди. Хусусан, БМТ инсонпарварлик фаолияти, уруш қочқинлари ва мамлакат ичида бошқа жойларга кўчган аҳоли муаммолари ҳамда қайта қуриш масалалари билан шуғулланиши лозим.

Жума куни Лондонда сўзлаган АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд: “Ироқда хавфсизлик яхшилангунича, инсонпарварлик ва қайта қуриш ишлари олиб борилиши учун етарли шароитлар юзага келгунича, шунингдек, ироқликлар ўтиш даври ҳукумати ва ниҳоят доимий ҳукумат ташкил этгунларига қадар мамлакатда хавфсизликни таъминлаш учун қанча зарур бўлса, шунча ҳарбий куч сақлаб турамиз”,-деди.

Британия Бош вазири Тони Блэр билан сўзлашувлар олиб борганидан сўнг Рамсфелд Ироқда қанча қўшин қай муддат сақлаб турилиши лозим бўлиши ҳозирча ноаниқлигини айтди. У сўзига қўшимча қилиб, 7 май куни Британияда ва 22 май куни Полшада режалаштириш бўйича учрашувлар бўлиб ўтишини маълум қилди.

Жума куни Лондонда сўзлаган Британия Мудофаа вазири Жеф Хун: “Биз Ироқда амалга ошираётган барча иш қонуний. Бу фаолият Гаага ва Женева конвенциялари билан ҳимояланган. У тўғри ва қонунга мос келади”,-деди.

Юқори лавозимли расмийларга кўра, халқаро барқарорлаштирувчи кучлар Ироққа киритилган АҚШ ва Британия кучлари билан биргаликда фаолият олиб боради. Расмийларга кўра, АҚШ, Британия ва коалициянинг барқарорлаштирувчи кучлари АҚШ генерали Томми Франкс қўмондонлиги остида бўлади. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, ҳозир Ироқда АҚШнинг тахминан 123 минг ва Британиянинг 23 минг аскари бор.

Барқарорлаштирувчи халқаро кучлар таркибига инженер ва тиббиёт ходимлари гуруҳлари, артиллерия мутахассислари, миналардан тозаловчи гуруҳлар, шунингдек, ядровий, биологик ва кимёвий қуролларни аниқлаш ҳамда зарарсизлантириш бўйича мутахассислар гуруҳлари ҳам киритилади. АҚШ, Британия, Полша , Италия, Испания, Украина, Дания, Голландия ва Болгария Барқарорлаштирувчи кучларга ўз қўшинлари билан ҳисса қўшишни таклиф қилган. Албаниянинг кам сонли аскарлари эса аллақачон Ироқда фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари Филиппин, Қатар, Австралия ва Жанубий Корея халқаро Барқарорлаштирувчи кучларга қўшинлар билан эмас, балки моддий-техник ёрдам кўрсатишни таклиф қилган.
XS
SM
MD
LG