Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:17

Вашингтоннинг қора рўйхатига киритилган давлатларда демократик ўзгаришлар бўладими?


Акрам Файзулло

Куни кеча АҚШ президенти Жорж Буш Ироқда ғалабага эришилганини эълон қилди. Хўш, Ироқ уруши Вашингтоннинг қора рўйхатига киритилган Шимолий Корея, Эрон ва Сурия каби давлатларга қандай таъсир қилиши мумкин? Бу режимлар ўзгарадими ëки улар Америкага қарши туриш учун ядровий қуролларга эга бўлишга уринадиларми?

Мичиган университети профессори Раймонд Тантер фикрича, Ироқда Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилгани минтақадаги бошқа режимларга жиддий таъсир қилади.

“Хавфли режимларни ҳокимиятдан четлаштириш Бағдоддан бошланди. Дамашққа Бағдод орқали борилади. Теҳронга ҳам Бағдод орқали борилади. Бағдод режими ҳокимиятдан ағдарилгани минтақадаги бошқа режимларни хавотирга солиб қўйди”, - деди профессор Раймонд Тантер.

Ироқ уруши давомида Вашингтон Сурияни Саддам Ҳусайнга содиқ бўлган айрим амалдорларга бошпана берганликда ва кимëвий қуроллар ишлаб чиқаришга уринаëтганликда айблади.

Таҳлилчиларга кўра, Вашингтон Суриядан асосан бир нарсани, Фаластиннинг Хамас ва Хезболлоҳга ўхшаган жангари гуруҳларига ëрдам беришни тўхтатишни талаб қилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Сурия бу гуруҳларни қўллаб-қувватлашдан воз кечса, Фаластиннинг янги Бош вазири Маҳмуд Аббос жангариларга қарши кескин чора-тадбирлар кўра олади. Натижада Исроил билан тинчлик ўрнатишга эришилади.

Расмий Дамашқ аллақачон Вашингтоннинг талабларини бажаришга киришган кўринади. АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл жума куни Дамашқда Сурия раҳбарлари билан музокаралар олиб борди. Учрашувдан сўнг Колин Пауэлл Дамашқда Фаластин жангари гуруҳларига тегишли бўлган айрим идоралар ëпиб қўйилганини маълум қилди. У қўшимча қилиб, Вашингтон Сурия ҳукуматидан бу борада кўпроқ ишлар қилишини кутаëтганини таъкидлади.

“Саддам Ҳусайн режими ҳокимиятдан ағдарилгандан сўнг, Яқин Шарқ минтақасида янги стратегик вазият пайдо бўлди. Ушбу вазиятда Америка Сурия билан ҳамкорлик қилишни ва турли чора-тадбирлар борасида бирга ишлашни хоҳлайди”, - деди Колин Пауэлл.

Мичиган университети профессори Раймонд Тантернинг қайд этишича, Американинг қатъий талаблари натижасида хавфли режимларнинг аксариятида ўзгаришлар бўлади.

“Хавфли режимлар ўзгаради ëки улар қулайди. Сурия ва Ливия ўзгаради. Шимолий Корея режими ҳокимиятдан ағдарилади. Эрон режими эса мамлакат ичкарисидаги ўзгаришлар туфайли қулайди. Диндор амалдорлар ўз сиëсатини ўзгартирмайди, аммо Эрон халқи пировардида режимни ҳокимиятдан четлаштиради”, - дейди америкалик мутахассис Раймонд Тантер.

Америкалик бошқа бир таҳлилчи Маурин Штейнбрунер бу фикрга қўшилмади. Унга кўра, бу давлатларнинг айримлари Америка талабларини бажариши мумкин, аммо Вашингтон ўзининг барча мақсадларига эриша олмайди.

“Эрон, Сурия ва минтақадаги бошқа давлатлар бир томондан хавфли режим бўлиб кўринмаслик, бошқа тарафдан бутунлай тиз чўкмаслик учун ўз позицияларини ўзгартириши мумкин”, - деди Штейнбрунер.

Маурин Штейнбрунернинг қайд этишича, айрим давлатлар, хусусан, Эрон ва Шимолий Корея Америка таҳдидини қайтариш учун ядровий қуроллар ишлаб чиқаришга уринмоқда.

Яқинда Шимолий Корея расмийлари Пхенян аллақачон ядровий қуролларга эга экани ҳақида даъво қилишди.
XS
SM
MD
LG