Линклар

Президент Ислом Каримов Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар қийноққа солинаëтганини тан олишдан ва қоралашдан бош тортди.


Акрам Файзулло

Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки ўзининг йиллик учрашувини Тошкентда ўтказгани учун кескин танқидларга учрамоқда.

Чунки учрашувда чиқиш қилган президент Ислом Каримов Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар қийноққа солинаëтганини тан олишдан ва қоралашдан бош тортди.


Европа банки вакиллари мазкур учрашувдан олдин, президент Каримов Ўзбекистон қамоқхоналарида сиëсий маҳбусларни қийноққа солишни тўхтатиш ҳақида ваъда беришини маълум қилган эдилар.


Ўзбекистон раҳбари инсон ҳуқуқлари ва демократик тамойилларни мустаҳкамлаш тўғрисида гапирган бўлсада, қийноқ сўзини тилга олмади. У, шунингдек, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбуслар систематик равишда қийноққа солинаëтгани таъкидланган БМТ ҳисоботига аҳамият бермади.


Ислом Каримов Марказий Осиë республикаларида инсон ҳуқуқлари масаласига Ғарб мамлакатларидагига қараганда бошқача ëндошилишига эътиборни жалб этди. У, шунингдек, ҳеч бир давлат Марказий Осиëнинг нефти ва бошқа табиий бойликларини назорат қилиш учун бу минтақада ҳукмронлик қилишга уринмаслиги лозимлигини ҳам таъкидлади: “Марказий Осиë минтақаси геосиëсий рақобат ëки ҳарбий ва сиëсий иттифоқлар тузиладиган майдонга айланмаслиги керак”, - деди Каримов.

Ўзбекистон президенти Европа Тикланиш ва Тараққиëт банкининг учрашувида қилган маърузасида, халқаро ҳамжамиятни Марказий Осиë мамлакатларида, шу жумладан, Афғонистонда ривожланишни йўлга қўйиш учун ëрдам беришга чақирди.

“Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки бошқа банклар билан, жумладан, Осиë Тараққиëт банки, Жаҳон банки ва Исломий Тараққиëт банки билан биргаликда Марказий Осиëда минтақавий иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасидаги дастурларни молия билан таъминласа, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Афғонистон ҳам бундай ëрдамдан фойдаланиши керак. Бизнингча, Афғонистон Марказий Осиë минтақасининг муҳим ва ажралмас қисми бўлиши лозим”, - деди Каримов.

Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки раиси Жан Лемиер президент Каримов Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш борасида тўхталмаганидан афсусланиш билдирди.

Европа банкининг Тошкент учрашувида чиқиш қилган Британия Халқаро Тараққиëт вазири Клар Шорт Ўзбекистонда диний эркинлик ҳурмат қилинмаëтгани, маҳбуслар қийноққа солинаëтгани ва мамлакат Адлия тизими фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир эмаслиги ҳақида хавотирланиш билдирди.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ғарб давлатларини Марказий Осиë республикаларида сиëсий партиялар эркин фаолият олиб боролмаслиги ҳусусида бонг ураëтгани учун танқид қилганида, президент Каримов жилмайиб қўйди.

Назарбоевнинг ибораси билан айтганда, “Демократия – Марказий Осиë давлатлари учун бошланғич йўл эмас, балки, мақсаддир”.

Масалага бундай ëндошиш Европа Тикланиш ва Тараққиëт банкининг Марказий Осиëдаги миссиясини қийинлаштиради. Чунки мазкур банкдан демократик ва иқтисодий ислоҳотлар олиб борилаëтган мамлакатларда сармоя ëтқизиши талаб этилади.

Каримовнинг чиқишидан кейин, Лемиер Ўзбекистонда демократик ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилмагунига қадар, Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки мамлакатда янги сармоя ëтқизмаслигини эълон қилди.

Лемиерга кўра, Ўзбекистон ҳукумати савдо тўсиқларини бартараф этиши, конвертацияга йўл очиши ва хусусий секторни ривожлантириши керак. У қўшимча қилиб, расмий Тошкент сиëсий ва матбуот эркинликларини ҳурмат қилиши, ҳамда БМТ ҳисоботида тилга олингани каби, сиëсий мухолифат овозини систематик қийноқлар орқали учиришни тўхтатиши кераклигини таъкидлади.

Human Rights Watch ташкилоти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг ҳимояси борасида ҳеч қандай натижага эришилмагани туфайли, Европа Тикланиш ва Тараққиëт банкининг Тошкент учрашуви муваффаққиятсизликка учраганини билдирди. Human Rights Watch ташкилотининг ижроия директори Кеннет Ротга кўра, Тошкент учрашуви Европа Тикланиш ва Тараққиëт банкининг обрўсига путур етказган.

Human Rights Watch ташкилотининг Лондондаги вакили Стив Кроушоу фикрича, Европа Тикланиш ва Тараққиëт банки ўзининг йиллик учрашувини Тошкентда ўтказиш орқали Ўзбекистонни демократик ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишга ундаш мумкин, деб ўйлаб хато қилган.

Лондонда чиқадиган нуфузли Financial Times газетаси бундан кейин Каримов ҳукумати чинакам ислоҳотлар олиб бормагунига қадар, Ўзбекистонда халқаро учрашув ўтказмаслик керак, деб ëзди.
XS
SM
MD
LG