Линклар

logo-print

Марказий Осиё иқтисодий форуми


Абдуллоҳ Эргаш

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Марказий Осиё иккинчи иқтисодий форуми бугун иш бошлади. Икки кун мобайнида давом этадиган форумда Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий бирлашуви масаласи муҳокама этилади. Форум ишида 10 дан ортиқ давлатларнинг раҳбарлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. Форум ишини ҳамкасбимиз Абдуллоҳ Эргаш кузатмоқда. Ҳозир эшиттиришга у тайёрлаган лавхани қўямиз.

Бугун Қирғизистоннинг жанубий пойтахти Ўш шаҳрида Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг иккинчи иқтисодий форуми бошланди.


Форумга Қирғизистон ҳукумати раҳбарлари билан бир қаторда, Марказий Осиё мамлакатлари Бош вазирлари раҳбарлигидаги делегациялар ҳам ташриф буюришган.

Форум ишида Британия ташқи ишлар вазири Клэр Шорт, АҚШ Молия вазири ўринбосари Жон Тейлор, Жаҳон банкининг ҳудудий раҳбари Денис Де Трей, Европа банкининг стратегик режалаштириш директори Мартин Райзер, Осиё банкининг директори Андриян Рутенберг, Халқаро валюта фонди миссиясининг раҳбари Эрик де Ваиерлар иштирок этишмоқда.


Нуфузли ташкилотлар ва мамлакатлар диққатини ўзига жалб қилган Марказий Осиё иккинчи иқтисодий форумида қандай масалалар кўрилмоқда? Бу ҳақда маълумот олиш учун Ўш шаҳрида ўтаётган форумни кузатаётган журналист Эркин Кўжўгелди билан телефон орқали боғландик.

“Форум ишида энергетика ва сувдан фойдаланиш, транспорт ва ахборот технологияларини, туризм ва кичик, ўрта бизнесни ривожлантириш, республикалараро божхона тизимидаги муаммолар муҳокама этилди,” - дейди журналист Эркин Кўжўгелди.

Форумда иштирок этаётган давлат бошлиқлари бир овоздан Марказий Осиё ягона иқтисодий ҳудудга бирлашиши зарурлигини эътироф этишди. Бу борада умумий гап - сўзлардан амалий ишга ўтиш вақти етганлигини билдиришди. Жумладан, Тожикистон Бош вазирининг ўринбосари Қоин Додаев шундай деди:

- Эллик миллиондан ортиқ аҳоли истоқомат қиладиган Марказий Осиё ҳудуди Америка ва Европа, Ғарб ва Шарқ ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда. Марказий Осиёнинг геосиёсий, стратегик аҳамиятга молик ҳудуд эканлиги - эътироф этилган ҳақиқатдир. Бироқ, иқтисодий жиҳатдан катта потенциалга эга бўлган Марказий Осиё тарқоқлиги туфайли тараққиётдан ортда қолмоқда, - деди Қоин Додаев.

Сўзга чиққан бошқа нотиқлар ҳам шу каби фикрларни билдиришди. Марказий Осиё бирлашмоғи зарур, акс ҳолда барча иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар натижасиз қолаверади, каби гаплар гапирилди. Халқаро анжуман минбаридан туриб айтилган гаплар янгилик эмас, ҳамма биладиган ҳақиқатдир. Бу гаплар амалга ошсагина, жамиятда чинакамига янгиланиш пайдо бўлиши ҳам ҳаммага маълум. Хўш, Ўш шаҳрида бўлиб ўтган иқтисодий форумдан сўнг, Марказий Осиё бирлиги сари ярим қадамми, бир қадамми ташланадими? Бу савол билан таниқли қирғиз сиёсатчиси Жумағул Сааданбековга мурожаат қилдик:

- Бу ерда Марказий Осиё интеграцияси ҳақида яхши гаплар бўлди. Интеграция дегани - глобаллашув деганидир. Бу эса жаҳон бозорига олиб чиқувчи йўл, бозорни тартибга келтирувчи йўлдир. Агар бириксак, 50 миллион халқ бўламиз. 50 миллионли халққа яраша бозор бўлади, бозор иқтисоднинг тараққиёти демакдир. Бозор бўлса қон юришиб, ҳаёт давом этади. Агар бирикмасак, ҳамма ўз ҳолича яшайверса, унда ўлганимиз мана шу. Буни ҳамма раҳбарлар тушуняпти. Бироқ бирлашиш учун биринчи қадамни ташлашга ҳеч ким журъат этмаяпти, - дейди қирғиз сиёсатчиси Жумағул Сааданбеков.

Ҳамсуҳбатимизнинг сўзларига ишонсак, Марказий Осиё раҳбарлари бирлашиш ғоясини ўртага ташлаган бўлсаларда, ҳали бу бирликка ўзлари тайёр эмасликлари ойдинлашади.

Ўш иқтисодий форумида Марказий Осиё мамлакатлари ягона виза ҳудудини ташкил этиш, мамлакатлараро қатновдаги транспорт воситаларидан солиқ ва божхона тўловларини олиб ташлаш масалаларини муҳокама қилдилар. Бу тўғрида махсус резолюция ҳам қабул қилинди.

Бу резолюция амалга ошадими ёки қоғозда қолиб кетадими? Бу ҳақда энди келгуси лавҳамизда суҳбатлашамиз.
XS
SM
MD
LG