Линклар

logo-print

Журналистлар ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар сони яна биттага кўпайди

  • Ҳурмат Бобожон

Эркин матбуот ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар сони яна биттага кўпайди. Ахборот хавфсизлигини таъминлаш институти, (ФХТИ) деб номланувчи янги нодавлат ташкилоти ҳозирча қароргоҳи, бюджети ва ходимларига эга бўлмасада, унинг фаолият дастури аниқ. Янги ташкилот муассиси бўлган Брюсселдаги Халқаро журналистлар федерацияси вакили Сара де Йонг журналистлар хавфсизлиги билан шуғулланувчи муассаса очишга ундаган омиллар ҳақида Озодлик мухбирига шуларни айтади: "Журналистлар жамоасида қурбонлар сони ортиб бораётгани гувоҳи бўляпмиз. Ташкилотимиз ҳисоб-китобларига кўра, 1990 йилдан бери 1200 журналист касбий фаолияти давомида нобуд бўлган. Бу ҳолатларнинг ҳаммаси ҳам уруш жараёнлари билан боғлиқ эмас, албатта. Тахминларга кўра, сўнгги 10 йил мобайнида 280 нафар журналист уруш жабҳасида ҳалок бўлган", - дейди Халқаро журналистлар федерацияси вакили Сара де Йонг.

Айни пайтда журналистлар ҳимояси билан шуғулланиб келаётган яна бир халқаро ташкилот мавжуд. Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, мана бир неча йилдирки дунёда эркин ахборот муҳитини яратиш йўлида фаолиятини давом эттириб келмоқда. Шундай экан янги ташкилотга не ҳожат? Шу саволга жавоб берар экан, Халқаро журналистлар федерацияси вакили Сара де Йонг улар ўртасида узвий боғлиқлик борлигига диққатимизни қаратади.

- Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, биласизки қўллаб-қувватловчи ташкилотдир. Айни пайтда у Ахборот хавфсизлигини таъминлаш институти муассисиси ҳамдир. Қолаверса Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бошқаруви аъзоларидан бири айни пайтда янги ташкилот бошқаруви аъзосидир, - деб таъкидлайди Сара де Йонг.

Шу ўринда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси раҳбари муовини Жоел Шимон Ахборот хавфсизлигини таъминлаш институти, деб номланувчи янги ташкилот журналистлар учун хавфсиз муҳит яратишда амалий фаолият олиб боришини айтади.

Журналистлар ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар сафига Ахборот хавфсизлигини таъминлаш институти деб номланувчи янги нодавлат ташкилоти қўшилар экан, Қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ўзининг навбатдаги ҳисоботини ёйинлади. Ҳисоботда мухбирлар фаолияти учун таҳликали бўлган 10та давлат тилга олинади. Рўйхатнинг энг уст қисмидан эса Ироқ давлати ер олган. Тўққиз журналист Ироқда уч хафта давом этган уруш жараёнини ёритаётган пайтда ҳалок бўлди. Яна тўрт нафар журналист бахтсиз ходисалар оқибатида ҳамда ҳар хил касалликларга чалиниб, оламдан кўз юмди. Гарчи, уруш Ироқда тугаган бўлсада, журналистлар ҳаёти учун хавфли вазият ҳамон сақланиб қолаётгани таъкидланади ҳисоботда. Бомбардимонлар пайти Бағдодда дом-дарак йўқолган икки журналистнинг қаердалиги ҳалигача номаълум.


Мухбирлар фаолияти учун таҳликали бўлган иккинчи давлат Кубадир. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисоботида Фидел Кастро режими ҳали ҳам эркин матбуот душмани бўлиб қолаётгани қайд этилади. Ҳисоботда келтирилган рақамларга кўра, март ойининг ўзида Кубада 28 журналист 14 йилдан 27 йилгача бўлган муддатларга қамоққа ташланганлар. Фидел Кастро Рус монополияси остида қолаётган Кубада инсон ҳуқуқлари вазиятини, ҳукумат идораларида коррупция холатларини ёритишга уринган журналистларга нисбатан тазйиқлар ушбу йилда аянчли нуқтага етди. Коммунистлар партияси тарафидан бошқарилаётган яна бир давлат – Ветнамда ҳам ўтган йили айни вазият кузатилди. Бу давлатда Коммунистлар партиясини қораловчи истаган мақола учун, хох у интернетда эълон этилган бўлсин ҳоҳ босма тарзда, журналист турли қамоқ муддатларига тортилиши мумкин.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси ҳисоботида, шунингдек, Афғонистон, Чеченистон, Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Ғазо минтақаси, Эритрея, Того, Колумбия ва Белорус давлатлари ҳам журналистлар учун ўта таҳликали худудлар экани қайд этилади.
XS
SM
MD
LG