Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:49

ОСТОНАСИ ТИЛЛО ЮРТНИ ТАНЛАЁТГАН ЎРОЛМОНЛАР


Айгерим исмли қозоқ қиз шу кунда Прагадаги ўқув юртлардан бирида таҳсил олмоқда. У ўз она тилида ҳамда русча гапира олади. Ҳозир чех тилини ўрганяпти. Бундан ташқари¸ Айгерим мўғул тилини ҳам мукаммал билади. Чунки у Мўғулистонлик. Айгерим туғилиб ўсган шаҳарчада асосан қозоқлар яшайди.

- Биз яшайдиган шаҳарчада 60 мингдан ортиқ қозоқ бор, аввал 90 мингдан ортиқ эди. Кўплаб қозоқлар Қозоғистонга кўчиб кетаётибди, - дейди Айгерим шу кунда ота-онаси истиқомат қилаётган Мўғулистондаги шаҳарча ҳақида.

Қозоғистон республикаси Миграция ва демография агентлиги раиси Алтиншаш Жаганова, 45 минг нафар этник қозоқ Қозоғистонга кўчиб келмоқчи эканлигини билдириб мурожаат қилганини, яқинда маълум қилди.

Мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев эса, Қозоғистон халқига бу йил йўллаган мактубида кейинги йилда ўролмонлар учун ажратиладиган квоталарни икки мартага кўпайтириш, бу мақсад учун ажратилаётган маблағни икки миллиард тангага ошириш вазифасини қўйди.

Ўролмон - асли қозоғистонлик бўлмаган, бироқ доимий яшаш учун бу мамлакатга кўчиб келаётган қозоқдир.

Қозоғистондан ташқарида яшаётган қозоқлар ўролмон бўлишни истаяптилар, расмий Остона эса, уларни қучоқ очиб кутиб олаяпти.

Мана бу рақамларга эътибор беринг: республика Миграция агентлиги ёйинлаган маълумотларга кўра, жорий йилда Қозоғистон 5 минг оилани қабул қилиб олишга тайёр. 2004 йилда эса, 10 минг нафар ўролмон оиласи билан Қозоғистонга кўчиб бориши мумкин. 2005 ва 2006 йилларда бу рақам 15 мингданга етказилиши мўлжалланган.

Шу кунда, лавҳамизни бошлаётиб айтганимиздай, дунёнинг турли мамлакатларида яшаётган 45 минг қозоқ оиласи билан Қозоғистонга кўчиб келиш истагини билдирган.

Хўш, нима учун қозоқлар ўзлари туғилиб ўсган юртларни тарк этиб, Қозоғистонга кўчиб келмоқдалар?

Бу саволга Прагада ўқиётган мўғулистонлик Айгеримнинг сўзлари жавоб бўлиши мумкин.

- Мўғулистондагига қараганда Қозоғистондаги шароит яшаш учун анча қулай, яхши, - дейди Айгерим, - Қозоғистонда иш топиш осон, уй олиш мумкин, молиявий ёрдам кўрсатишади.

Ҳа, "Қозоғистонга кўчиб келаётган қозоқларга мамлакат ҳукумати ёрдам кўрсатади. Ўролмонларга йўл ҳаражатлари тўлаб берилади, жон бошига 60 доллардан бир марталик нафақа тўланади. Қозоғистонга кўчиб келган қозоқ оилалари уй билан таъминланадилар, бепул тиббий кўрикдан ўтказиладилар, кўп болали оилалар ижтимоий ҳимоя органларида рўйхатга олинадилар. Бундан ташқари ўролмонлардан кўчириб келаётган юклари учун бож олинмайди, уларнинг ҳарбий хизмат ёшидаги фарзандлари уч йилгача армияга чақирилмайдилар. Ўролмон оиласидан ҳеч йўқ бир кишини иш билан таъминлашни ҳам ҳокимият ўз зиммасига олган". Бу - республика миграция агентлиги раиси Алтиншаш Жаганованинг сўзлари.

Қозоғистондан ташқарида яшовчи қозоқларни мамлакатга кўчириб келтириш - расмий Остона 1993 йилдан буён олиб бораётган сиёсатдир. Ўролмонлар орасида кўплаб собиқ ўзбекистонликларни ҳам учратиш мумкин.

Хўш, қозоқлар, шу жумладан ўзбекистонлик қозоқлар Қозоғистон ҳукумати келинглар, деб чақиргани учунгина бораяптиларми Қозоғистонга?

Бу саволга Еврайшанет сайтида мақола эълон қилган хорижлик бир журналист мана бундай жавоб беради: "Ўзбекистонда яшаётган кўплаб қозоқлар Қозоғистонга кўчиб ўтиш ниятидалар. Кўчиб кетиш истаги, асосан, иқтисодий сабаблар билан изоҳланади. Қозоғистон - Марказий Осиёнинг иқтисодий локомотивидир. Сўнгги уч йил давомида Қозоғистонда иқтисодий ўсиш кузатилди. Жорий йилда ички ялпи маҳсулот 8 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётида эса бунинг аксини кузатиш мумкин. Бунинг сабаби, халқаро экспертлар фикрича, президент Ислом Каримов маъмуриятининг ислоҳотлар ўтказишни хоҳламаётганидадир", - дейилади, Еврайшанет сайтида эълон қилинган мақолада.

Қозоғистон республикаси Миграция ва демография агентлиги маълумотларига кўра, шу кунгача Қозоғистонга кўчиб келган 230 мингдан зиёд қозоқнинг қарийб ярми ўзбекистонлик қозоқлардир.

Миграция агентлиги маълумотларига кўра, мўғулистонлик қозоқларнинг Қозоғистонга оқими кейинги пайтларда бироз сусайиб қолган. Бунинг сабабини агентлик изоҳламаган.

Хўш, мақоламиз қаҳрамони - мўғулистонлик Айгерим ҳам Прагадаги ўқиши битгач, Қозоғистонга қайтадими, Мўғулистонгами, ҳали ҳозирча бир қарорга келган эмас.

- Агар Қозоғистонда иш топилса, қандайдир ёрдам кўрсатадиган бўлсалар, у ҳолда борсам бўлади, - дейди Айгерим.

Лавҳамиз давомида келтирилган рақамлардан расмий Остона Айгеримга бажонудил ёрдам берадиганга ўхшайди.
XS
SM
MD
LG