Линклар

Ироқда оммавий қирғин қуроллари топилгани йўқ.


Акрам Файзулло

АҚШ президенти Жорж Буш ва Британия Бош вазири Тони Блэр Ироқ президенти Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан четлаштириш учун гумон этилган оммавий қирғин қуролларидан асосий сабаб сифатида фойдаландилар. Бироқ, Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганига деярли бир ой бўлганига қарамай, Ироқда бундай қуроллар топилгани йўқ.


Сешанба куни президент Буш ушбу фактни тан олди, лекин пировардида оммавий қирғин қуроллари топилишини қайд этди: “Биз Саддам Ҳусайннинг оммавий қирғин қуролларига эга бўлганини ва у бундай қуролларни узоқ йиллар давомида яширишга уринганини яхши биламиз. Вақт ўтиши билан ҳақиқат юзага чиқади ва америкаликлар Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилгани билан Америка хавфсизлиги мустаҳкамланганига амин бўладилар”, - деди Буш.


Ҳозирча Америка ҳарбийлари Саддам Ҳусайн ҳукуматида юқори лавозимларда хизмат қилган расмийлардан 19 нафарини ҳибсга олдилар. Улар орасида кимëвий ëки биологик қуроллар ишлаб чиқаришда қатнашганликда айбланган олимлар, шунингдек, бундай қуроллар яширилган жойларни билиши мумкин бўлган юқори лавозимли амалдорлар бор.


Аммо, ҳозирча, ушбу собиқ расмийлардан ҳеч ким гумон этилган оммавий қирғин қуроллари тўғрисида маълумот бергани йўқ. Президент Буш Саддам Ҳусайн ҳукуматида Бош вазир ўринбосари бўлган Ториқ Азиз ҳам ҳамкорлик қилишни хоҳламаëтганидан шикоят қилди: “Ториқ Азиз ҳақиқатни қандай айтишни билмаяпти. У ҳукуматда эканида ҳақиқатни қандай айтишни билмаган эди ва у ҳозир асирликда ҳам ҳақиқатни қандай айтишни билмаяпти”, - деди Буш.


АҚШ президентига кўра, собиқ Бағдод режимида қуйи лавозимларда хизмат қилган расмийлар Ироқда оммавий қабрларни кўрсатишгани каби, оммавий қирғин қуроллари яширилган жойларни топишда ҳам ëрдам беришлари мумкин. Лекин, ҳозирча, бундай расмийлардан бирор киши ҳам АҚШ ëки Британия ҳарбийлари билан ҳамкорлик қилишга рози бўлгани йўқ.


Вашингтонлик таҳлилчи Жон Волфстолга кўра, ироқликларнинг ҳамкорлик қилмаëтганига америкаликларнинг ўзлари айбдор: “Америкаликлар Ироқнинг собиқ расмийларига нисбатан жиноятчилар сифатида муносабат қилишмоқда. Бу расмийлар ҳозир ҳамкорлик қилсалар, кейинчалик Ироқнинг янги ҳукумати томонидан сотқинлар сифатида жазоланмаслигига кафолат йўқ, уларга амнистия эълон қилинмаган, улар ҳимояланмаган. Америкаликлар бу одамларни қуруқ гап билан ҳамкорлик қилишга жалб этолмайдилар”, - деди Жон Волфстол.


Американинг истеъфодаги генерали Эдуард Аткесонга кўра, АҚШ ва Британия ҳукуматлари Саддам Ҳусайн режими оммавий қирғин қуролларига эга экани ҳақида етарли далил кўрсатмаган: “Оммавий қирғин қуроллари ҳеч кимнинг ҳаëлига келмасдан бурун, Пентагонда бир гуруҳ ҳарбий амалдорлар тўпланишиб, Саддам Ҳусайнни ҳокимиятдан ағдариш хусусида ўзаро келишиб олдилар. Уларнинг ўзларининг бу ниятига эришиш учун баҳона қидиришди ва охири оммавий қирғин қуроллари масаласини ўйлаб топишди”, - деди Эдуард Аткесон.


Аммо Американинг истеъфодаги генералига кўра, Ироқда оммавий қирғин қуроллари топилмаган тақдирда ҳам, Буш ва Блэр ноқулай аҳволда қолмайдилар. У, Саддам Ҳусайн режими ироқлик маҳбусларни қийноққа солгани ва одамларни оммавий равишда қатл этгани маълум бўлганини эслатиб ўтди.
XS
SM
MD
LG