Линклар

Қирғизистондаги АҚШ ҳарбий базаси нега кўчириляпти?


Абдуллоҳ Эргаш

2001 йилнинг декабрь ойида Қирғизистон пойтахтидаги Манас аэропортига АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор ҳарбий кучлар базаси жойлаштирилган эди.
Бугунги кунда олинган маълумотларга кўра, бу база ўз ўрнини янгиламоқда. АҚШ ҳукумати ҳарбий база учун Қирғизистон ҳукуматидан 300 гектар ерни ижарага олди.
Кузатувчилар бу воқеадан, АҚШ ҳарбий базаси Қирғизистон ҳудудида яна узоқ йиллар қолади, деган хулосага келмоқдалар.
Мавзу тафсилотлари билан ҳамкасбим Абдуллоҳ Эргаш таништиради.

АҚШ президенти Жорж Буш Ироқда уруш тугалланганлигини эълон қилган бир вақтда, Америка Конгресси аксилтеррор коалиция қўшинларини янада кучайтириш масаласини кун тартибига қўйди.

Конгресс ҳориждаги ҳарбий базалар таъминотини янги стандартларга кўчириш ва янада яхшилаш тўғрисида қарор чиқарди. Ушбу муносабат билан Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри яқинидаги Манас аэропортида жойлашган Ганси ҳарбий базаси ҳам бошқа жойга кўчириладиган бўлди.
АҚШ илтимоси билан Қирғизистон ҳукумати Бишкекдан унча узоқ бўлмаган Сўқулуқ тумани ҳудудида, Ганси базаси учун 300 гектар ер майдони ажратиб берди. Ҳукуматлараро келишувга мувофиқ АҚШ бу ер учун йилига 5,5 миллион доллар ижара ҳақи тўлайди.

Қирғизистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишларича, АҚШ ҳарбийлари ажратилган ерни ўзлаштиришга киришганлар. Бу ерга қурол аслаҳа омбори, техник терминаллар ва йиғма уйлар қурилади. Қурилишнинг умумий қиймати 60 миллион долларни ташкил этади. Бу маблағ Қирғизистондаги қурилиш ташкилотлари томонидан ўзлаштирилади.

“Вечерний Бишкек” газетаси “ажратилган 300 гектар ернинг 30 гектарини ҳарбий база эгаллайди. 270 гектар ер эса базани қўриқлаш ҳудуди бўлади,” - деб маълумот берди.

Баъзи бир сиёсатчилар “Вечерний Бишкек” газетаси тарқатган хабардан “АҚШ Қирғизистон ерларини босиб олиш сиёсатини бошлади”, деб хулоса чиқармоқдалар.
Қирғизистон Жогорку Кенеши депутати Бакитбек Бекбоев АҚШ ҳарбийларининг олиб чиқиб кетилиши ва Россия билан ҳарбий ҳамкорлик қилиш тарафдорларидан бири. У шундай дейди:

- НАТОнинг бугунги кунда кераги қолмади. Фақат Россия армияси билан ҳамкорлик қилиш ўринли бўлади. Чунки унинг армияси ҳали ҳам анчагина қудратга эга. АҚШ ҳарбий базаси эса Қирғизистонда вақтинчалик жойлаштирилган. Бироқ аксилтеррор коалиция кучлари вақтинчалик жойлашган Манас аэропортини тарк этиб, мустаҳкамроқ жойлашишга ҳаракат қилиб қолишди. Менимча, Қирғизистон ҳудудига бир йиллик шартнома билан кириб келган АҚШ қўшинлари яна бир неча йил қолиб кетадиганга ўхшайди.

Қирғизистон ҳукумати эса, бундай хавотирларга ўрин йўқлигини билдирмоқда. Қирғизистон расмийларининг билдиришларича, аксилтерор кучларнинг мамлакат ҳудудида узоқроқ муддатга қолиб кетиши икки томонлама фойдалидир. Биринчидан, ҳарбий базадан олинаётган моддий фойда ўтган йили 20 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу йил эса бу кўрсаткич 70 миллион доллар атрофида бўлади. Иккинчидан , мамлакат ҳавфсизлиги учун аксилтеррор кучлардан яхшироқ кафолат йўқ.

Бироқ, Қирғизистон ҳукуматининг бундай баёнотларига қарамай, кузатувчилар аҳоли ўртасида Ироқ урушидан сўнг аксиламерика кайфиятлари кучайиб кетганлигини айтишмоқда. Бош қароргоҳи Брюсселда жойлашган Бўҳронларнинг олдини олиш гуруҳи эксперти Филип Нубелнинг фикрича, Қирғизистондаги АҚШ ҳарбий базасининг янги майдонга кўчиши, албатта, аксилтеррор кучларнинг бу мамлакатда узоқроқ қолишидан дарак бермоқда. Бу эса аксиламерика кайфиятларини кучайтиради.

- Қирғизистон аҳолиси Москвага кўз тикиб қолган, яъни Россияга ҳайрихоҳлик кайфиятда. Шунинг учун АҚШ бу ерда ўта нозик сиёсат олиб бориши лозим, - дейди Филип Нубел.

Кузатувчилар, АҚШ ҳарбий базасининг янги майдонга кўчирилиши ва 270 гектарли қўриқлаш ҳудуди билан ўраб олиниши, Бишкек яқинига Россия ҳарбий ҳаво базасининг жойлаштирилиши билан боғлиқ, деган фикрни ҳам билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG