Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:20

Аудиоёзувлар Саддам ўлик эканини шубҳа остига қўйди


Саддам Хусайн Бағдодда бомбордимонлар оқибатида ҳалок бўлмаган кўринади. Сешанба куни Австралияда чиқадиган "Сидней Морнинг Хералд" газетаси собиқ Ироқ раҳбарининг аудиотасмага ёзиб олинган мурожаати таржимасини эълон қилди. Газетанинг ёзишича, аудиотасма унинг Бағдоддаги мухбири қўлига тасодифан тушиб қолган. Аниқроғи, икки номаълум шахс ушбу кассетани Қатарнинг Ал-Жазира телеканалига беришлари керак бўлган. Аммо, бунинг уддасидан чиқа олмаган ўша кимсалар аудио тасмани "Сидней Морнинг Хералд" мухбирига бериб кетишган. Маълумки, Қатардаги Ал-Жазира телеканали бир неча марта Усама бин Ладин мурожаатини дастурлари орқали бериб борган.

Тикрит шевасида гапирган ўша икки шахс кассетани австралиялик журналистига берар эканлар, ундаги мурожаат 5 май куни ёзиб олинганини маълум қилишди. Гарчи, аудиоёзув ҳали махсус техник экспертизадан ўтмаган бўлсада, уни эшитган ироқликлар ҳақиқатан ҳам овоз Саддам Хусайнники эканини айтишган. "Сидней Морнинг Хералд"нинг ёзишича, кассетани жами 13 ироқлик, шу жумладан Саддам Хусайн маъмурятида ишлаганлар ҳам эшитиб кўришган. Улардан бири Бағдод университети профессори Талиб Шараадир. Саддам Хусайн билан бир неча бор учрашган Шараа аудиоёзувлардаги овоз Саддам Хусайинники эканига юз фоиз қўшилишини айтган. Қолаверса, "Сидней Морнинг Хералд"дагилар ҳам шу овозни таҳлил этиб, у Саддам Хусайнники бўлиши мумкин, деган хулосага келганлар. "Сидней Морнинг Хералд" газетаси халқаро бўлими муҳаррири Конни Леветт гапиради:

"Биз ушбу ёзувни мелбурнлик лингвист билан таҳлил қилиб чиқдик. Мутахассиснинг айтишича, овоз ҳақиқатан ҳам Саддамникига ўхшаб кетади. Сўз услуби, интонация, овоз пардаси ҳақиқатан Саддамники. Аммо, у сохта эмаслигига юз фоиз кафолат бера олмаймиз. Мелбурнлик мутахассис бу овоз Саддам Хусайнга тегишли эканига етмиш, саксон фоиз ишонишини айтди".

Мурожаат ҳажмига келсак, ёзув 15 минутдан ошмайди. Унинг инглиз тилидаги таржимаси эса бор-йўғи ярим варақни эгаллади. Саддам Хусайн ўз мурожаатида ироқликларни оккупация кучларига қарши бирлашишга даъват этади. "Мен сизларга буюк Ироқ ичкарисидан туриб мурожаат этяпман. Қайси дин, қайси миллат вакиллари бўлишингиздан қатъий назар, хоҳ араб, хоҳ шиа, хоҳ сунний, хоҳ мусулмон ва хоҳ насроний, сизнинг вазифангиз душманни тупроғимиздан даф қилишдир", - дейди аудиоёзувдаги овоз эгаси. "Саддам Хуайн овози эканига ишонаётганимиз ушбу аудиотасмада оккупация кучларига қарши исёнга даъват янграган. Агар уни диққат билан эшитсангиз, овоз эгаси бироз толиққанини сезасиз. Унда Ироқ Миллий музейи 28 апрел куни, яъни Саддам туғилган куни талаб кетилгани ҳақида ҳам сўз боради. Бундан эса аудиоёзув қачон ёзиб олингани борасида тахмин қилса бўлади". Бу "Сидней Морнинг Хералд" газетаси халқаро бўлими муҳаррири Конни Леветт эди. Америка расмийларига келсак, улар Саддам Хусайннинг ўлик эканини ҳам тирик эканини ҳам билишмайди. Олдинроқ, гўёки Саддам 7 апрел куни Бағдоднинг Мансур мавзесида бомбардимонлар остида ҳалок бўлган, деган тахминлар пайдо бўлган эди. Сешанба куни Ироқ раҳбарининг аудиотасмага ёзилган мурожаати ва ундан олдин журналистлар қўлига тушган ёзма мурожаатномаси Саддам ўлик эканини шубҳа остига қўйди.
XS
SM
MD
LG