Линклар

ҚАЙТАДАН БОШ КЎТАРАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН ИСЛОМИЙ ҲАРАКАТИ

  • Сарвар Усмон

АҚШ Давлат департаменти Қирғизистонда АҚШ фуқароларига ҳамда Американинг бу мамлакатдаги манфаатларига қарши исломий гуруҳлар ҳужум қилишлари эҳтимоли борлиги тўғрисида сешанба, 6 май куни ўз фуқароларини огоҳлантирди.

Американинг Қирғизистондаги манфаатларига таҳдид солувчи кучлар сифатида Давлат департаменти Ўзбекистон исломий ҳаракати ҳамда Шарқий Туркистон исломий ҳаракатини алоҳида тилга олиб ўтган.

АҚШ Давлат департаментининг Консуллик ишлари бўйича матбуот вакили Стюарт Пэтт эълон қилинган огоҳлантирувни шарҳлар экан мана бундай деди: "2003 йилнинг 6 майида биз Қирғизистон республикасига доир баёнот эълон қилдик. Мазкур ҳужжат Ал-Қайда террор тармоғи билан алоқаси бўлган Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Қирғизистон республикаси ҳудудидаги Америка фуқаролари ёки АҚШ манфаатларига ҳужум қилиши эҳтимоли борлигидан америкаликларни огоҳлантиради. АҚШ фуқаролари бундан буён Қирғизистонга сафар қилгудек бўлсалар, ўз хавфсизликларини таъминлаш чораларини ўйлаб қўймоқлари лозим бўлади", деди Давлат департаменти вакили Стюарт Пэтт.

Ҳужжатда Америка ҳукумати амалдорларининг республика жанубига ҳамда қирғиз-ўзбек ва қирғиз-тожик чегаралари ҳудудларига боришларига чекловлар жорий этилган. АҚШнинг Бишкекдаги элчихонасида хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда, дейилади Давлат департаментининг огоҳлантирувида.

Элчихона расмийлари Давлат департаментининг огоҳлантирувини АҚШ фуқароларини ҳушёрликка даъват қилувчи одатий баёноти, деб баҳоладилару бошқа гапга ўтмадилар.

АҚШ манфаатларига нисбатан таҳдид шу йилнинг 31 октябригача сақланиб қолиш эҳтимоли борлиги таъкидланади Давлат департаменти баёнотида.

Бироқ Қирғизистонда истиқомат қилиб турган АҚШ фуқаролари республикадаги жорий вазиятдан ташвишга тушмаяптилар.

Бишкекдаги Америка Марказий Осиё университети профессори Вильям Хансен беш йилдан буён Қирғизистонда яшайди. У Озодлик мухбири саволига жавоб берар экан, хавфсизлигига ҳеч нарса таҳдид солмаётганлигини таъкидлади.

- Сўнгги беш йил мобайнида Қирғизистонга қараганда Америка Қўшма Штатларининг ўзида кўпроқ террористик хуружлар содир этилди. Шундан келиб чиқиб ҳам Қирғизистонни АҚШдан кўра хавфсизроқ дейиш мумкин, - дейди Бишкекдаги Америка университети профессори америкалик Вильям Хансен.

Айни пайтда Давлат департаменти нима учун Американинг фақатгина Қирғизистондаги манфаатларига таҳдид борлиги тўғрисида огоҳлантирмоқда, нима учун исломий гуруҳлар таҳдиди кучли бўлган Тожикистонга нисбатан бундай баёнот чиқарилмади, деган савол пайдо бўлади.

Қирғизистон президенти мамуриятидаги Хавфсизлик ва мудофаа департаменти бошлиғи Болот Жанузаков Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Қирғизистонга ҳужуми эҳтимоли тўғрисида фикр билдирар экан шундай деди: "Ҳужум бўлади ё бўлмайди, деб айтолмаймиз. Бироқ, бизнинг асосий мақсадимиз ва асосий вазифамиз - мамлакатимизнинг, халқимизнинг хавфсизлигини таъминлашдир. Шунинг учун аскарларимиз, йигитларимиз билан, доимо тайёр бўлиб туришлари учун, машғулотлар ўтказиб турибмиз", - дейди Болот Жанузаков.

Ўзбекистон исломий ҳаракати ўз олдига Ўзбекистонда халифалик қуриш ва унинг ҳудудини бутун минтақа доирасигача кенгайтиришни мақсад қилиб қўйган. 2001 йили АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор амалиётлари пайтида ҳаракат аъзолари тор-мор этилди, деб ишонилган эди. Бироқ АҚШ ҳукумати вакиллари Ўзбекистон исломий ҳаракати қайтадан бош кўтармоқда, деб таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG