Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:25

АҚШ Ироқ хусусидаги янги резолюция лойиҳасини БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим этди.


АҚШ Ироққа қарши БМТ жорий этган ноҳарбий санкцияларни бекор қилиш ҳамда мамлакатнинг нефтдан олинадиган даромади АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари томонидан назорат қилиниши ҳақидаги таклифини Хавфсизлик Кенгаши муҳокамасига қўйди. АҚШ томонидан тайёрланган мазкур резолюция лойиҳаси БМТ Хавфсизлик Кенгашининг муҳим аъзоларига тарқатилган. 9 май куни резолюция лойиҳаси Кенгашнинг бошқа аъзоларига ҳам тарқатилди. Унда келаси 12 ой мобайнида Ироқда амалга оширилажак муҳим қайтақуриш ишлари режаси баён қилинган. Резолюция лойиҳасида асосий вазифани бажариш масъулияти Ироқни босиб олган кучлар сифатида, АҚШ етакчилигидаги коалиция зиммасига юклатилган. Асосий вазифа деганда – Ироқни маъмурий бошқариш, нефтдан келадиган даромадни ироқликлар манфаати йўлида сарфлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни тушуниш лозим бўлади.

Резолюция лойиҳасига кўра, Ироқда доимий ҳукумат тузилгунича коалиция кучлари ва БМТ махсус координатори мамлакатни вақтинча бошқарадиган ҳукумат ташкил этишга ёрдам беради. Бу вазифа қанча муддатда амалга оширилиши резолюция лойиҳасида аниқ кўрсатилмаган.

Ироқ урушига қарши бўлган Россия ва Франция, БМТ инспекторлари Ироқ тўлиқ қуролсизлантирилганини тасдиқлагунига қадар, Ироққа қарши жорий этилган БМТ санкциялари вақтинча тўхтатилишини таклиф қилган.

Шу ҳафтада АҚШ расмийлари Хавфсизлик Кенгаши аъзолари орасида янги ҳамкорлик руҳи ҳукм сураётганини билдирган эдилар. Пайшанба куни шу ҳақда гапирган АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте: “Ироқ иқтисодиёти имкониятларини кенгайтириш, мамлакатда демократик сиёсий система яратишда кўмаклашиш, урушдан кейинги қайта қуриш ишларини бошлаш учун Кенгашнинг барча аъзолари мазкур масалани конструктив ва истиқболни кўзда тутган холда муҳокама қилишга киришишларга умид қиламиз”,-деди.

АҚШ таклиф этган резолюция лойиҳасида БМТ Ироқ учун белгиланган “Нефт эвазига озиқ-овқат” дастурини яна тўрт ой бошқариши кўзда тутилган.

Агар БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюция қабул қилса, у Бағдоддаги ироқлик ёки АҚШ назоратидаги расмийларга Ироқ нефтини экспорт қилишга қонуний асос бўлади. “Нефт эвазига озиқ-овқат” дастурининг амал қилиш муддати 3 июнда тугайди. Негропонте, унгача Ироқ хусусида янги резолюция қабул қилиниши лозимлигини айтди. У сўзига қўшимча қилиб: “Ироққа қарши жорий этилган санкциялар бекор қилинишини кўзда тутган резолюция лойиҳасини узоқ муддат муҳокама этишга хеч қандай асос йўқ. Бизнингча, бу масала келаси икки ҳафтада ҳал этилади”,-деди.

АҚШ таклиф этган резолюция лойиҳасида инсонпарварлик ёрдами кўрсатишдан ташқари БМТга яна бир қатор қўшимча вазифалар топшириш белгиланган. Масалан, БМТ Бош котиби Коффи Аннан Ироққа кўрсатилаётган гуманитар ёрдамлар ва қайтақуриш ишларини мувофиқ-лаштирувчи ўзининг махсус вакилини тайинлаши лозим бўлади. Резолю-ция лойиҳасида, ҳозирда ташкил этилаётган барқарорлаштирувчи халқаро кучлар ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган. Мазкур кучларга Болгария ҳам ўз аскарлари билан ҳисса қўшмоқда. Болгариянинг БМТдаги элчиси Стефан Тафров янги ташкил этилаётган халқаро кучлар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашидан мандат сўралиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумотга эга эмаслигини айтди. Шу ҳафтада Полша ҳукумати янги халқаро кучларга БМТ томонидан мандат берилишини хоҳлашини маълум қилди.

Болгариянинг БМТдаги элчиси Стефан Тафров Озод Европа Озодлик радиоси мухбирига: “Менимча Кенгашда яхши муҳит мавжуд. Барча масалаларни конструктив муҳокама этишга тайёр-гарлик бор ва биз бунга ўз ҳиссамизни қўшамиз деган умиддаман”,-деди.

Шу ҳафтада АҚШ Давлат департаменти вакиллари Россия, Германия, Покистон ва Мексика расмийлари билан юқори даражада бир нечта учрашув ўтказдилар. Ироқ бўйича АҚШ томонидан таклиф этилган резолюция лойиҳаси келаси ҳафтада атрофлича муҳокама этилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG