Линклар

Америкалик дипломат Ироқнинг янги бошқарувчиси этиб тайинланди.


Акрам Файзулло

Ироқда турмуш шароитининг ëмонлигидан халқ норозилиги тобора ошиб борар экан, АҚШ маъмурияти ўзининг Бағдоддаги расмийларини алмаштирмоқда.

Оқ Уйнинг буйруғига кўра, истеъфодаги АҚШ генерали Жей Гарнер ўрнига америкалик собиқ дипломат Пол Бремер Ироқнинг янги бошқарувчиси этиб тайинланди.

Бағдод шаҳар ҳокими вазифасида хизмат қилган Барбара Бодин Вашингтонга чақиртирилди. АҚШнинг бошқа камида 3 нафар расмийси яқинда Ироқни тарк этиши кутилмоқда. АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Рекер мазкур ўзгартишлар олдиндан режалаштирилганини ва буни расмийлар ўз вазифаларини қониқарли бажара олмадилар, деб тушунмаслик кераклигини қайд этди.

Ироқнинг янги бошқарувчиси америкалик Пол Бремер душанба куни Бағдодга борди. У ўзининг асосий вазифаси Ироқдаги шароитни яхшилашга ëрдам беришдан иборат эканини билдирди.

- Коалиция кучлари Ироқни ўз мустамлакасига айлантириш учун эмас, балки мустабид режимни ҳокимиятдан четлаштириш учун бу мамлакатга келди. Бу иш амалга ошрилди ва энди биз ироқликларга шахс эркинликлари ва қонун устиворлиги ҳурмат қилинган жамият яратишда ëрдам беришимиз лозим, - деди Пол Бремер.

Ғарб ҳукуматлари Ироқ бошқарувчиси этиб яна бир ҳарбий амалдор эмас, тажрибали дипломат тайинлаганини олқишладилар.

Аммо вашингтонлик таҳлилчи Томас Каротерсга кўра, аксарият ироқликлар учун ким бошқарувчи этиб тайинланишининг унчалик фарқи йўқ. Улар фақат бир нарсани -нормал ҳаëтда кун кечиришни истайдилар.

- АҚШ маъмурияти истеъфодаги генерал ўрнига дипломатни Ироқ бошқарувчиси этиб тайинлаш учун кўп бош қотирди. Менимча, Америка халқаро ҳамжамиятда яхши тассурот қолдириш учун шундай қилди. Аммо ироқликлар Америкадан ўз расмийларини ўзгартиришни эмас, балки мамлакатда хавфсизликни мустаҳкамлашни ва тартиб-интизом ўрнатишни талаб қилишмоқда, - деди Томас Каротерс.

Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилганига бир ой бўлганига қарамай, Ироқда хавфсизлик масаласи жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Ўғирлик ва бошқа турли жиноятлар содир этиш ҳоллари тез-тез такрорланмоқда.

Вашингтонлик бошқа бир таҳлилчи Энтони Кордесманнинг фикрича, ҳозирча Америка Ироқда тартиб-интизом ўрнатишнинг уддасидан чиқолмаяпти.

- Америкадаги қатор тадқиқот марказлари огоҳлантиргани каби, АҚШ Мудофаа вазирлиги ва Миллий Хафсизлик кенгаши ўртасида фаолиятлар етарли мувофиқлаштирилмагани Ироқдаги тартибсизларга сабаб бўлмоқда. Америкаликлар Ироқни бошқариш ишларига тайëр эмасликлари яққол кўриниб турибди. Истеъфодаги генерал Жей Гарнер ва унинг қўл остида бўлган ходимлар маъмурий тажрибага эга эмас эдилар. Бундан ташқари, уларга етарли таржимонлар берилмаганди, - деди Энтони Кордесман.

Кўплаб ироқликлар “Америка бизнинг ҳаëтимизни яхшилашдан кўра, Ироқ нефтидан фойдаланишни ва Яқин Шарқда ҳарбий базасига эга бўлишни кўпроқ ўйламоқда”, дея шубҳаланишмоқда.

Таҳлилчи Энтони Кордесманга кўра, бундай шубҳалар пайдо бўлганига фақат Оқ Уйнинг ўзи айбдор.

- Ироқликлар Американинг Ироқдаги асл ниятлари нималардан иборат эканини билишмайди. Иқтисодий ëки сиëсий соҳалар бўйича бирор бир аниқ режа ишлаб чиқилмаган. Натижада одамларда Америкага нисбатан шубҳаланишлар пайдо бўлмоқда, - деди таҳлилчи Антони Кордесман.
XS
SM
MD
LG