Линклар

АҚШ ташкилоти кўплаб мамлакатларда диний ҳуқуқлар поймол этилаëтганини танқид қилди.


Акрам Файзулло

АҚШ ҳукуматининг халқаро эътиқод эркинлиги масалалари билан шуғулланувчи мустақил ташкилоти сешанба куни ўзининг йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида, айниқса, Афғонистон ва Саудия Арабистонида диний ҳуқуқлар энг кўп поймол этилаëтгани танқид қилинди.

Ҳисоботда, шунингдек, Қўшма Штатлар маъмурияти диний эркинликка таҳдид солаëтган авторитар режимларга ëн босаëтганликда ҳам айбланди.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин, Буш маъмурияти аксилтеррор кампанияда ҳамкорлик қилишга рози бўлган кўплаб авторитар давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон ва Покистон билан алоқаларни яхшилади.

Расмий Вашингтон алоқалари яхшилангани туфайли бу мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга нисбатан эътибор сусайиб қолди, деган даъволарни рад этди. Аммо халқаро диний эркинлик масаласи билан шуғулланувчи мустақил ташкилот бошлиғи Фелиция Гаэрга кўра, Қўшма Штатлар маъмурияти терактлар туфайли, ўзининг диний эркинлик ва инсон ҳуқуқлари борасидаги сиëсатини ўзгартирган.

- Қўшма Штатлар маъмурияти ўзининг диний эркинлик ва инсон ҳуқуқлари борасидаги сиëсатини аксилтеррор кампанияда ҳамкорлик қилишга рози бўлган давлатларга нисбатан ўзгартирганини 11 сентябр терактлари оқлай олмайди – деди Фелиция Гаэр.

Мазур ташкилот аъзоси Лайло Садат Афғонистондаги ҳозирги ҳукумат ашаддий Толибларнинг диний сиëсатини сал бошқачароқ кўринишда олиб бораëтгани ҳақида хавотирланиш билдирди. Унинг қайд этишича, Афғонистоннинг айрим ҳакамлари мусулмон бўлмаганларга қарши қийноқлар жорий этган.

- Афғонистон ҳукумати, хусусан, диний эркинлик борасида, худди толиблардек мустабид режимга айланиши мумкин. Мамлакатда диний ҳуқуқлар поймол этилаëтганига хатто баъзан Қўшма Штатлар маъмуриятининг ўзи сабаб бўлмоқда, - деди Лайло Садат.

Диний эркинлик масаласи билан шуғулланувчи мустақил ташкилот Буш маъмуриятига Афғонистоннинг барча вилоятларида халқаро тинчлик ўрнатувчи кучларни жойлаштириш орқали мамлакатда хавфсизликни мустаҳкамлашни тавсия қилди. Ташкилот, шунингдек, Оқ Уйни Афғонистоннинг янги Конституциясида инсон ҳуқуқлари тўлиқ кафолатланишини ва мамлакат Адлия тизими ислоҳ қилинишини таъминлашга чақирди.

Мазкур ташкилот бошлиғининг ўринбосари Майкл Янгга кўра, фақат Ваҳҳобий диний оқимига рухсат берган Саудия Арабистонида диний эркинлик, умуман, мавжуд эмас.

- Саудия Арабистонида ваҳҳобий бўлмаганлар ўз ибодатхоналарига эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этилганлар. Мамлакатда шиа руҳонийлари ва насронийлар ўзларининг диний қарашларини ифода этгани ëки ибодат қилгани учун қамалганлар ва қийноққа солинганлар. Саудия Арабистонининг қонунлари хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кескин чеклаб қўйган, - деди Майкл Янг.

Халқаро диний эркинлик масаласи билан шуғулланувчи мустақил ташкилот АҚШ маъмуриятини Россия ва Белорусда ҳам демократия, диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун курашаëтган кучларга ëрдам беришни давом эттиришга чақирди.
XS
SM
MD
LG