Линклар

Марказий Осиё ўзини ЎРСдан ҳимоялай бошлади.

  • Сарвар Усмон

Хитойнинг Синьхуа ахборот агентлиги хабар қилишича, Хитой халқ республикаси Давлат кенгаши Бош котиби Вэнь Цзябаонинг фармонига биноан 13 майдан бошлаб "Жамоатчилик гигиенаси билан боғлиқ фавқулодда ҳолатларда зудликда чора кўриш тўғрисида" низом кучга кирди.

Мазкур ҳужжат, "ғайри оддий пневмония" (ҒОП)ёки "ўткир респиратор синдроми" (ЎРС), деб аталаётган касаллик хавфи шу кунгача ҳам таҳлика туғдирадиган даражада сақланиб қолаётганлиги билан боғлиқ.

Синьхуа агентлигига кўра, касаллик хавфининг жиддийлигини Хитой халқ республикаси раиси Ху Цзинтаонинг ўзи ҳам эътироф этган. 12 май куни Цзигун шаҳри касалхонасига ташрифи чоғида у, "шу кунда эпидемия тарқалиши билан боғлиқ вазият жиддийлигича қолмоқда", деган.

Вазиятнинг жиддийлиги тўғрисида дунёдаги барча ахборот воситалари кун сайин бонг урмоқдалар.

Хўш, шундай ҳолатда Марказий Осиёдаги Хитой билан чегарадош давлатлар ўз аҳолисини ғайри оддий зотилжам таҳдидидан сақлаш учун қандай чоралар кўраяпти?

Гапни Қозоғистондан бошласак. Хитой билан бевосита чегарадош Шарқий Қозоғистон вилояти санитария эпидемиология станцияси бошлиғи Отт хоним Озодлик радиосига ўтган ҳафтада берган интервьюсида шундай деган эди:

"Вазият яхши. Ғайри оддий пневмония билан касалланиш ҳолатлари Қозоғистонда ҳам, хусусан вилоятимизда ҳам кузатилгани йўқ. Касаллик кириб келиши олдини олиш мақсадида керакли чора тадбирлар кўрилаяпти", - деган эди Шарқий Қозоғистон вилояти Бош санитария врачи.

Унинг сўзлаш оҳангида оптимизм қанчалик кучли бўлмасин, расмий Остона касалликнинг олдини олиш учун кескин чораларни қўллади. Ўтган ҳафта охирида Олмаота - Урумчи - Олмаота йўналишида қатновчи поездлар тўхтатиб қўйилди. Хитой йўналишидаги барча парвозлар бекор қилинди.

Хитой билан чегарадош яна бир республика - Қирғизистондир. Аввалига бу мамлакатда ғайри оддий зотилжам хавфига етарли эътибор берилмади. Ҳар ҳолда ўтган ҳафтада Озодлик радиосига интервью берган баъзи қирғизистонликлар шундай фикрда эдилар.

Бишкеклик бир талаба қиз Хитойдан келаётганлар махсус текширувдан ўтказилмаётганликлари тўғрисида куйиниб шундай деган эди: "Урумчидан учиб келган Хитой фуқароларини текширмаганлари кишини жуда ҳайрон қолдиради. Демак, касалланганлар ҳеч қандай қийинчиликсиз чегарамиздан кириб келаверишлари мумкин. Шунинг учун чегарани муайян муддатга ёпиб турсалар яхши бўлар эди", - деган эди ўтган ҳафтада қирғизистонлик талаба қиз.

Респондентимиз, афтидан бутун қирғизистонликлар нинг ташвишини изҳор этган ва ҳукумат уларни тушунганга ўхшайди. Чунки шу ҳафта бошидан, 12 майдан бошлаб, Қирғизистон - Хитой чегарасидаги Эргаштом ва Тўруғарт чегара назорат пунктлари ёпилди. Мамлакат ҳукуматининг фармойишига кўра, 15 майдан бошлаб Хитой билан автомобил ва ҳаво алоқаси тўхтатиб қўйилади. Фақат савдогарларнинг Хитойдан юк билан чиқаётган автомобиллари учун Қирғизистонга қайтиб кириб олишига рухсат берилади.

Хитойдан қайтганлар 10 кун давомида тиббиёт ходимлари назоратида бўладилар.

Хитой билан бевосита чегараси бўлмасада, Ўзбекистон ҳам бу мамлакат билан ҳаво алоқасини жорий ҳафта бошидан тўхтатиб қўйди. ЎзА ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ҳаво йўллари Хитой, Малайзия ва Таиландга парвозларни номаълум муддатга тўхтатди.

Бундай кескин чоралар балки чиндан ҳам оғриқнинг олдини олар. Бироқ, мутахассислар, Хитой чегарасининг муайян муддатга ёпиб қўйилишидан Марказий Осиё мамлакатлари аҳолиси жиддий иқтисодий зарар кўриши мумкин, деб ҳисобламоқдалар.

Биргина Қозоғистонни олиб кўрайлик. Хитой Қозоғистоннинг энг йирик иқтисодий шерикларидан бири. Ўтган йили бу икки мамлакат ўртасидаги савдо обороти 1,3 млрд долларни, яъни Қозоғистон ташқи савдо оборотининг 8,1 фоизини ташкил қилди.

Қозоғистонлик бир мутахассиснинг ҳисоб- китобларига қараганда, бу мамлакатда сотилаётган халқ истеъмоли товарларининг 70 фоизи Хитойдан олиб келинади. Қозоғистонлик тадбиркорлар мустақил уюшмасидан олинган маълумотларга қараганда, 8 минг нафар хитойлик ва қарийб 30 минг қозоғистонлик тадбиркор мамлакат бозорларида Хитой моллари савдоси билан шуғулланади.
XS
SM
MD
LG