Линклар

ЖАЛОЛОБОД МИЛИЦИЯСИНИ КАЛТАКЛАБ КЕТДИЛАР

  • Сарвар Усмон

15 май куни эрта тонг, соат 6 да ўнга яқин кишидан иборат қуролли гуруҳ Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳри Ички ишлар бўлимига ҳужум қилди. Қуролли гуруҳ аъзолари бўлимнинг Навбатчилар қисмидаги ходимларни калтаклаб, бир неча автомат ва тўппончани эгаллаб олди. Орадан ярим соат ўтгач, вилоят Ички ишлар бошқармасига ҳам ҳужум уюштирилди.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Жолдошбек Бусурманқуловга кўра, ҳужум мана бундай содир этилган.

- Эрталаб, соат 6 дан 5 дақиқа ўтганда 10 га яқин киши Жалолобод Ички ишлар бўлимига ҳужум қилиб, у ердаги навбатчиларни калтаклаб, қуролларни олиб кетишган. Орадан ярим соатча вақт ўтиб, яъни 6 яримда ўнга яқин одам Жалолобод Ички ишлар бошқармасига ҳужум қилган. Бу ерда ҳам навбатчи милиция ходимларини калтаклаб, қурол яроғларни олиб кетишган,- дейди Жолдошбек Бусурманқулов.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғидан олинган маълумотларга қараганда, ҳужумларни уюштирган гуруҳ ҳаммаси бўлиб ўндан ортиқ автомат ва ўндан ортиқ тўппончани эгаллаб олган. Қуролларни эгаллаб олгач, улар Ички ишлар бошқармасига қарашли икки автомашинага тушиб қочишган. Уларнинг ортидан қувиб борган милиция ходимлари гуруҳ аъзоларидан тўрт нафарини 15 май куни тушгача қўлга туширдилар. Бу ҳақда Жолдошбек Бусурманқулов, ушланган тўрт кишидан 5 автомат, 4 тўппонча олинди, улар Ахси туманидаги Қизилжар қишлоғи яқинида қўлга олиндилар, деб маълумот берди.

Қуролли гуруҳ аввалига милиция ходимларининг талабларига бўйсунмаган. Бироқ, қочиб бораётиб, машиналари йўлдан чиқиб кетган ва ўша ердаги бинолардан бирига урилган. Машинадан чиқасолиб милиция ходимларига қарата ўқ узганлар. Иккинчи машинани олиб қочганлар ҳозирча қўлга олингани йўқ, деди Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби.

Қуролли гуруҳни қўлга олиш бўйича амалиётларни Ички ишлар вазирининг ўринбосари Омурбек Эгамбердиев бошқармоқда.

Жалолобод вилояти губернаторининг матбуот котиби Стамбек Самудинов қўлга олинганлар тўғрисида мана бу маълумотларни берди: "Етти кишидан иборат гуруҳ бўлган. Уларнинг раҳбари Каримов Одилбек, деб тахмин қилинаяпти. У илгари судланган, милициянинг собиқ ходими", - деди Стамбек Самудинов.

Жалолобод вилояти губернатори ўринбосари Бахтиёр Солиевдан олинган маълумотларга қараганда, воқеа юз бериши биланоқ, вилоят бўйлаб хавфсизлик чоралари кўрилди.

- Банклар, электр тармоқлари, умуман стратегик аҳамиятга молик объектларнинг барчасига соқчилар қўйилди. Йўллар назорат остида. Аҳолининг бўлган воқеадан хабари бор. Мактаблар бугунча ёпилди, касалхоналарга ҳам соқчилар қўйилган, - деди Жалолобод вилояти губернатори ўринбосари Бахтиёр Солиев.

Воқеа содир бўлиши биланоқ, республика жамоатчилиги орасида турли қарама-қарши фикрлар пайдо бўла бошлади, деб хабар беришди Бишкекдаги мухбирларимиз.

Баъзилар Ахси воқеалари пайтида жабрланганларнинг апелляция шикоятларини Карвонда эмас, Мойлисув шаҳрида кўриб чиқилишидан норози бўлганларни қўллаб- қувватлаш мақсадида қилинган иш, деб баҳоласалар, баъзилар оддий бир жиноят сифатида баҳоламоқдалар.

Ҳужумни уюштирганлар Ахси туманига бориб, у ердагиларга ёрдам берар экан, деган гап, бекордан пайдо бўлгани йўқ, дейди Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенеш депутати Азимбек Бекназаров. (Гап шундаки, воқеа содир бўлиши биланоқ Қирғизистоннинг давлатга қарашли ахборот агентликлари ҳужумни уюштирганлар қуролларни олиб Ахсига қараб кетдилар, деган хабарни тарқатдилар. Депутат Бекназаров мана шу хабарга муносабат билдирди.)

- Бу ҳокимиятдан чиқаётган гап бўлса керак. Бу гаплар жамоатчилик фикрини буриш учун айтилаётибди. Бу воқеанинг суд мажлиси ўтказиладиган кунларга тўғри келишидан мен уни ҳокимият томонидан уюштирилган иғво, деган фикрга ҳам бораяпман,- дейди депутат Бекназаров.

- Хўш, нима учун воқеа тўғрисида Бишкекка берилган хабарга дабдурустдан қуролланган гуруҳ Ахсига қараб кетди, деб қўшиб қўядилар? Қаердан била қолишибди, уларнинг Ахсига қараб кетганини?

- Шаҳар ички ишлар бўлими тўнаб кетилган пайтда вилоят ички ишлар бошқармасидагилар ухлаб ётишганмиди? Ҳеч йўқ эшикларини тамбалаб олсалар бўлмасмиди?

- Нима учун вазир ўринбосари воқеа содир бўлиши биланоқ, Ахсига учиб борди?

Бу саволларни Озодлик мухбирига берган интервьюсида Қирғизистон парламенти - Жогорку Кенеш депутати Азимбек Бекназаров ўртага қўйди.

Республика Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати бошлиғи Жолдошбек Бусурманқуловга кўра, бўлиб ўтган воқеанинг сиёсатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

- Мен воқеанинг сиёсий жиҳатини шарҳлай олмайман. Бу воқеани турли ҳаракатлар ёки сиёсий партиялар фаолияти билан боғлаш тергов ишлари якунига етмагунча нотўғри бўлади, - деди Жолдошбек Бусурманқулов.
XS
SM
MD
LG