Линклар

Чечен қуролли гуруҳлари кураш стратегиясини ўзгартирмоқдалар


Абдуллоҳ Эргаш

Сўнгги ойларда Чеченистондан келган хабарлар архивига назар ташлаймиз. Биргина май ойининг биринчи ярмида 20 дан ортиқ террорчилик ҳаракатлари ва отишмалар содир бўлган. Уларда қурбон бўлган одамлар сони юз нафардан кўпроқ. Яраланганлар эса, тахминан, 500 нафарга яқин.

Террорчилик ҳаракатларининг энг йирикларини айтиб ўтайлик.

12 май. Чеченистоннинг Знаменское қишлоғида тротил юкланган юк машинаси портлаши натижасида 54 одам қурбон бўлди, 200 киши яраланди. 13 май куни яраланганлар 300 нафар эканлиги қўшимча тарзда маълум қилинди.

14 май. Чеченистоннинг Гудермес туманидаги Илисхан-Юрт қишлоғида содир этилган портлаш оқибатида 26 киши ҳалок бўлди, 15 киши яраланди.

Ҳар иккала портлаш ҳудкуш террорчилар томонидан содир этилди. Бу террорчиларнинг икки нафари аёллардир.

EURASIANET интернет нашрининг кузатувчиларга таяниб ёзишича, бу террорчилик ҳаракатлари чечен қуролли гуруҳларининг янги жанговар стратегияга ўтганлигидан далолат беради. “Чечен сепаратистик ҳаракати исёнчилик тактикасидан воз кечмоқда. Пистирмалар қўйиш ва федерал қўшинлар билан жанг қилиш жуда қимматга тушади. Шунингдек, бу жангларда қурбонлар сони кўп бўлади. Охирги пайтларда чечен ҳаракати томонидан содир этилаётган террорчилик актлари эса аҳолига кучли таъсир кўрсатмоқда”, деб ёзади EURASIANET интернет нашри.

Россия президенти Владимир Путин чечен исёнчи гуруҳлари томонидан содир этилган террорчилик ҳаракатларига шундай баҳо берди:

- Бу каби ҳаракатлар фақат бир мақсад сари йўналтирилган. Уларнинг асосий мақсади Чеченистондаги вазиятни барқарорлаштиришга, сиёсий барқарорликка йўл қўймасликдир. Биз ҳар қандай вазиятда ҳам бу мақсаднинг рўёбга чиқишига йўл қўёлмаймиз ва қўймаймиз ҳам.



Халқаро кузатувчилар Кавказ, жумладан Чеченистон ҳудудига халқаро террорчилик ташкилотларининг кириб келишидан ҳавотир билдирмоқдалар. Май ойининг бошида Франция ички ишлар вазири Николя Саркози Чеченистон ҳудудида Усама бин Ладин раҳбарлигидаги “Ал Қайда” террорчилик ташкилотининг айғоқчилари фаолият кўрсатаётганлигини айтди. Халқаро ташкилотлар ҳам шундай фикрдалар. Грузия ички ишлар вазири Коба Нарчемашвили Панкиси довонида халқаро миқёсда қидирилаётган шахслар яширинган бўлишлари мумкинлигини эътироф этди.

Москвадаги “Инсон ҳуқуқлари учун” ҳаракатининг етакчиси Лев Пономарев эса, Чеченистонда курашнинг кучайишига Москванинг ўзи сабабчи деб фикр билдиради.

- Чеченистондаги урушнинг халқаро террорчилик ҳаракати даражасига кўтарилиши, Россия раҳбарияти олиб бораётган сиёсат маҳсулидир. Яъни Россиянинг ўзи мана шунга мажбур қилмоқда, - дейди Лев Пономарев.

У сўзида давом этиб, Россия сиёсатчилари Чеченистон раҳбариятининг самарали таклифларини қабул қилмаётганлигини айтади.

- Россия раҳбарияти, биринчи навбатда Путин Чеченистон сиёсий раҳбариятининг музокаралар ўтказиш тўғрисидаги таклифларини инобатга олмаяпти. Чеченистондаги урушни фақат музокаралар орқалигина тўхтатиш мумкин. Чеченистон раҳбари Масхадов буни тушунади. Шунингдек, Чеченистондаги терроризмга қарши курашни Путин якка тартибда эмас, Масхадов билан ҳамкорликда олиб бормоғи зарур, - дейди Лев Пономарев.

Россия президенти Владимир Путин 15 май куни Чеченистонда авфи умумий эълон қилди. Авфи умумий жорий йилнинг 1 августигача давом этади. Путин имзолаган ҳужжатда исёнчи қуролли гуруҳларга қуролларни топшириш таклиф этилган. Кузатувчиларга кўра, Путин амнистияси Чеченистондаги вазиятни барқарорлаштиришда ҳеч қандай натижа бера олмайди.
XS
SM
MD
LG