Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:27

Бағдоддаги америкалик аскарлар ҳикояси.


Акрам Файзулло

Ироқда Америка ва Британия аскарларига нисбатан бўлган дастлабки душманлик аста-секин дўстликка айланаëтганга ўхшайди.

Қуролланган аскарларнинг зирҳли машиналарда юришлари камйиб қолди. Бағдод кўчаларида ироқликлар билан ҳазиллашиб, кулишиб ўтирган Америка ҳарбийларини тез-тез учратиш мумкин.

Яқинда Бағдоддаги маҳаллаларнинг бирида америкалик аскар араб тилида “Менга турмушга чиқинг”, деб ëзилган плакатни буйнига илиб олгани билан маҳаллий кишилар диққатини ўзига жалб этди. 21 ëшли аскар Тонни Смитга кўра, ушбу ëзувдан кўзланган асосий мақсад, ироқликларни шунчаки суҳбатга чорлашдан иборат.

- Биз ироқликлар билан гурунглашишга ва хизматни мароқли равишда ўтказишга ҳаракат қилаяпмиз. Ироқликлар яхши халқ, уларнинг аксарияти бизга нисбатан яхши муносабатда бўлишмоқда, - деди Тонни Смит.

Орадан қисқа вақт ўтар-ўтмас ўнлаб ироқлик ëшлар Смит ва америкалик бошқа икки нафар аскар атрофини ўраб олишди, ҳамда ҳалиги ëзувга ишора қилишиб, кула бошладилар.

Бир оздан сўнг Тонни Смит жиддийлашиб, уруш, айниқса, биринчи марта жангга кириш ўзи ва ўзига ўхшаган аскарлар учун осон бўлмаганини тилга олди.

- Бағдодга келишимизга қадар, уруш унчалик қийин эмас эди. Бағдодга келганимиздан кейин қаттиқ қаршиликка учрадик. Қаршилик кўрсатган аскарлар ироқликлар эмасди, сурияликлар эди. Аммо кейинчалик биз уларни тор-мор қилдик, - деди Тони Смит.

Америкалик 21 ëшли бошқа бир аскар Кэли Хэчил жанг давомида бошидан кечирган дамларни қуйидагича эслайди: “Мен асабийлашдим, қўрқдим. Танк ва бошқа оғир қуроллардан ўт очишимизга тўғри келди. Аммо мен ўзимни аскар эмас, оддий инсон сифатида кўп нарсаларга эришгандек ҳис қилаяпман. Мен ўз юртимга катта ëрдам бердим”, - деди Кэли Хэчил.

Хэчилнинг фикрича, ироқликларнинг Америка аскарларига нисбатан дўстона муносабатини сақлаб қолиш учун, Ироқ халқини хавфсизлик ва иқтисодий ëрдам билан таъминлаш керак. Аммо унга кўра, Ироқдаги Америка аскарлари ҳар доим хушëр ҳолатда туришлари кераклигини яхши биладилар.

- Биз ҳар эҳтимолга қарши доимо жанговар ҳолатда туришимиз керак. Чунки бизга қарши ҳали ҳам таҳдидлар мавжуд. Шунинг учун ўзимиз истагандек бамайлихотир юра олмаймиз, - деди Кэли Хэчил.

Тони Смит, айниқса, граната ҳужуми ëки худкуш-террорчилар бомба портлатиши энг жиддий таҳдид эканини қайд этди.

- Худкуш-террорчи оддий кишилар каби аскарлар олдига келиб гаплашади, аммо кейин танасига боғлаган бомбани портлатади. Икки нафар сафдошимизни шу йўсинда ўлдиришди. Мен ҳозир шундай ҳужумлардан хавотирланаяпман, - деди Тони Смит.

Хэчил ва Смит уйларини жуда соғинишганини, лекин қачон Америкага қайтишларини билмасликларини айтишди.
XS
SM
MD
LG