Линклар

Америка аскарлари Ироқдаги Эрон мухолифат жангчиларини қуролсизлантирмоқда.


Акрам Файзулло

Яқинда расмий Вашингтон Ироқдаги Эрон мухолифат гуруҳи “Мужоҳиддин Халқий” жангчиларини қисман қуролсизлантиришини эълон қилди. Ироқнинг Эрон чегарасига яқин бўлган Ашраф ҳудудида “Мужоҳиддин Халқий” гуруҳининг бош ҳарбий лагери жойлашган. Мазкур ҳудуддаги америкалик аскарларнинг қайд этишларича, келишувга биноан, гуруҳнинг мақоми қайта кўриб чиқилгунига қадар, “Мужоҳиддин Халқий” жангчилари мазкур лагердан чиқмайдилар ва енгил қуролларини топширмайдилар. Аммо улар танклар, замбараклар ва бошқа оғир қуроллардан воз кечадилар.

Тахминан 8 минг аскарга эга бўлган “Мужоҳиддин Халқий” гуруҳи дастлаб, 1979 йилда Эрон шоҳини ҳокимиятдан ағдаришда қатнашди. Аммо ушбу гуруҳ ўтган 17 йил давомида ўзининг Ироқдаги ҳарбий лагерларидан туриб, Эрон ҳукумат расмийларига қарши суиқасдлар уюштирди.

Расмий Теҳрон ушбу ҳужумлар учун уч олиш мақсадида “Мужоҳиддин Халқий” гуруҳининг Ироқдаги лагерларини ракеталардан ўққа тутди. Оқибатда 1980 йилда Эрон-Ироқ уруши бошланди ва қон тўкишлар 8 йилгача давом этди. Бу давр мобайнида Теҳрон ҳукумати Эронда Ироқ мухолифат кучларига бошпана берди.

Таҳлилчиларга кўра, Вашингтоннинг “Мужоҳиддин Халқий” кучларини ниҳоят қуролсизлантириш ҳақида қарор берганига нима сабаб бўлгани аниқ эмас. Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан четлаштирилганидан бери расмий Теҳрон Вашингтондан гуруҳ аъзоларини Эронга экстрадиция қилишни талаб этмоқда. АҚШ Давлат департаменти “Мужоҳиддин Халқий” гуруҳини террорчи ташкилотлар руйхатига киритган. Бироқ мазкур гуруҳ Эрон режимига қарши курашгани туфайли, АҚШ Конгресси ва Британия парламетида ўз тарафдорларига эга.

Женевадаги тадқиқот марказининг таҳлилчиси Шарам Чубинга кўра, Вашингтон Ироқда ўзига бевосита иттифоқдош бўлмаган кучларнинг туришини хоҳламагани туфайли, Мужоҳиддин Халқий гуруҳини қуролсизлантираëтган бўлиши мумкин. Аммо унинг қайд этишича, бу ҳақдаги қарорнинг яқинда Женевада АҚШ ва Эрон расмийлари ўртасида ўтказилган махфий музокараларга алоқаси ҳам бўлиши мумкин.

- Ҳамма гап АҚШ ва Эрон расмийлари урушдан кейинги Ироқнинг қайси масалалар хусусида келишиб олганларига боғлиқ. Балки америкаликлар эронликларга “сиз бизнинг Ироқдаги ишларимизга аралашманг, бунинг эвазига биз сиз учун “Мужоҳиддин Халқий” гуруҳини қуролсизлантирамиз”, деб айтишгандир ëки умуман, икки томон ўртасида ҳеч қандай келишувга эришилмаган, - деди Шарам Чубин.

Аммо таҳлилчининг фикрича, “Мужоҳиддин Халқий” гуруҳининг тақдири ҳали ҳал бўлмаганга ўхшайди. Унинг қайд этишича, Вашингтон мазкур гуруҳнинг тақдири ҳақида энг сўнгги қарорни беришдан олдин, келаси бир неча ой давомида Эроннинг Ироқдаги ўзгаришларга қандай муносабат кўрсатишини кузатади.

- Бу масала Америка-Эрон муносабатларига боғлиқ. Агар муносабатлар яхшиланса, америкаликлар “Мужоҳиддин Халқий” жангчиларини қуролсизлантириб, уларни Ироқдан чиқаришади. Аммо агар муносабатлар ëмонлашса, Эрон Вашингтонга қарши ироқлик шиалардан, Америка эса Теҳронга қарши “Мужоҳиддин Халқий” жангчиларидан фойдаланиши мумкин, - деди таҳлилчи Шарам Чубин.
XS
SM
MD
LG