Линклар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти сайёрамизни тамаки тутунидан холи маконга айлантириш ниятида

  • Ҳурмат Бобожон

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ассамблея йиғинига бу йил оддатдагидан кўра кўпроқ журналист тўпланди. Ташкилот вакили Кристин Макнэбнинг айтишича, журналистларни кўпроқ Жанубий Осиёда тарқалган "ғайриоддий пневмания" касаллиги билан боғлиқ вазият қизиқтирмоқда. Аммо, жаҳон ҳамжамиятини ташвишлантираётган бошқа муаммолар ҳам борки, уларни бартараф этиш 192 давлат вакиллари иштирокида иш бошлаган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ассамблея йиғини диққат марказида бўлади. "Анжуман кун тартибидан ўрин олган муҳим масалалардан бири, -дейди Кристин Макнаб, - дунё давлатларини чекишга қарши кескин чоралар кўришга чақирувчи глобал шартнома лойиҳаси ҳамда унинг аъзо давлатлар тарафидан қабул қилиниши. Ушбу халқаро конвенция борасида сўнгги уч йил мобайнида аъзо давлатлар билан музокара олиб борилганини", - айтади Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиласи.

1999 йилдан буён Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўз устави доирасида чекишга қарши глобал шартнома устида иш олиб борди . Ниҳоят феврал ойида шартнома лойиҳаси аъзо давлатлар эътиборига тақдим этилди. 38 моддани ўз ичига олувчи халқаро ҳужжат турли солиқлар, қонун ва тарғибот йўли билан тамаки махсулотларига талаб ва эхтиёж камайтирилишини назарда тутади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот вакили Жон Лиденнинг айтишича, бу борада асосий эътибор тамаки махсулотлари рекламаси таъқиқланиб, улар ўрнини чекишга қарши ижтимоий рекламалар билан алмаштиришга қаратилади.

"Марказий ва Шарқий Европанинг кўплаб давлатлари, - дейди Лиден, сўннги тўрт йил мобайнида чекишга қарши еффектив чораларни амалга оширдилар. Агар глобал шартнома кучга кирса кашандалик тўлалигича назоратимиз остида бўлади".

Лиденга кўра, кашандалик айниқса ёшлар орасида кенг тарқалмоқда. Бунга эса асосан тамаки махсулотлари рекламаси туртки бўлмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, деярли беш миллион киши ҳар йили чекиш туфайли нобуд бўлмоқда. Агар унга қарша вақтида чора кўрилмаса, 2020 йилга бориб бу рақам икки баробар ортиши мумкин. "Агар чекишга қарши чора кўрмасак 2020 йилга бориб кашандаликдан ўлаётганлар сони йилига 10мингга етиши мумкин. Шундай экан, янги глобал шартнома аъзо давлатларга чекишга қарши ўз миллий дастурларини ишлаб чиқишларига кўмак беради", - дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Кристин Макнэб.

Анжуманда кўриладиган яна бир муҳим масала, юқорида айтганимиздек, SARS, яъни "ўткир респиратор синдроми" эпидемиясини жиловлаш масаласидир. Анжуман доирасида "ғайриоддий пневмания" мавзусида амалий брифинг ўтказиш кўзда тутилган. Брифинг давомида аъзо давлатлар вакиллари, журналистлар SARS билан боғлиқ сўнгги маълумотларни олишлари, касалликка қарши тавсиялар билан ўртоқлашишлари мумкин бўлади. Аммо, Макнэбнинг таъкидлашича, кишилар ҳаётига биз учун оддий холат бўлиб кўринган омиллар Ўткир респиратор синдромидан кўра кўпроқ таҳлика солмоқда. Шулардан бири қизмиқ касаллиги. Йилига минглаб бола қизамиқдан нобуд бўлмоқда. Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кишилар ўлимига сабаб бўлаётган бошқа омилларни ҳам ўрганиб чиқди. Маълум бўлишича, йилига 1 миллион 300минг киши йўл ҳалокатидан, 800минг киши суицид - яъни ўз жонига қасд қилишдан ҳалок бўлар экан. Ярим миллион одам эса қуролли можаролар қурбони бўлаётгани аниқланди. Ушбу муаммолар ва уларни баратараф этиш келаси ўн кун мобайнида Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблея йиғини диққат марказида бўлади.
XS
SM
MD
LG