Линклар

logo-print

Руминия ва Болгария 2007 йилда Европа Иттифоқига қўшилади.


Акрам Файзулло

Европа Иттифоқининг иттифоқни кенгайтириш масалалари бўйича муттасаддиси Гунтер Верхоген душанба куни Брюсселда Руминия Ташқи ишлар вазири Мирча Жоана билан учрашди. Шундан кейин у Руминия 2007 йилда Европа Иттифоқига қўшилишини маълум қилди.

- Бизнинг мақсадимиз 2007 йилда Руминияни аъзо сифатида қабул қилишдан иборат. Шунинг учун Европа Комиссияси Руминия билан олиб борилаëтган музокараларни 2004 йил октябр ойида якунлашга ҳаракат қилмоқда, - деди Верхоген.

Руминия билан бир вақтнинг ўзида Европа Иттифоқига қўшилиши кутилаëтган Болгария ҳам аъзолик борасидаги музокараларни 2004 йил октябр ойида якунлаши керак. Аммо аъзолик музокараларини якунлаш ҳақида таклиф этилаëтган ушбу муддат Европа Иттифоқининг навбатдаги саммитида расман тасдиқланиши керак.

Руминия расмий вакили Василий Паскас мамлакати Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун астойдил ҳаракат қилаëтганини билдирди.

- Биз Европа Иттифоқига қўшилиш учун жорий йилда, шунингдек, келаси йилларда ўз олдимизга қўйган вазифаларни тўлиқ бажара олишимизга ишонаман, - деди Василий Паскас.

Бироқ Гунтер Верхоген Руминия Европа Иттифоқига қўшилишдан олдин бир неча муаммони ҳал этиши кераклигини таъкидлади.

- Мен Руминия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун жиддий ҳаракат қилаëтганини тан оламан. Аммо Руминияда ҳали кўп ишлар қилиниши керак, жумладан, маиший хизмат ва иқтисодиëтнинг айрим соҳалари ислоҳ қилиниши лозим. Бундан ташқари, Руминия Адлия тизимида олиб борилаëтган ислоҳотлар ҳалигача ўзининг самарали натижаларини берганича йўқ ва айрим сиëсий муаммолар ўз ечимини топгани йўқ, - деди Верхоген.

Руминия Ташқи ишлар вазири Мирча Жоана мазкур муаммоларни эътироф этди.

- Европа Иттифоқига қўшилган давлатлар 2004 йил октябр ойида аъзолик тўғрисидаги музокараларни якунлашга ҳаракат қилаëтган Руминияни қўллаб-қувватлашдан манфаатдорлар. Биз жаноб Верхоген тилга олган муаммоларни тан оламиз ва уларни ҳал этиш борасида жиддий чора-тадбирлар кўрмоқдамиз, - деди Мирча Жоана.

Яқинда Европа Комиссияси Болгарияни иқтисодий ислоҳотларни муваффақиятли равишда олиб бораëтгани учун мақтади. Мирча Жонага кўра, бу йилда Руминиянинг ҳам шундай мақтовларга сазовор бўлиши кутилмоқда.

- Бизнинг мақсадимиз, Европа Комиссиясининг йиллик ҳисоботида Руминияда амалга оширилаëтган ишлар, хусусан иқтисодий соҳада қўлга киритилаëтган муваффақиятлар эътироф этилишига эришишдан иборат. Биламан, бу нарса асосан бизнинг ўзимизга боғлиқ, лекин ижобий натижалар тан олиниши биз учун сиëсий жиҳатдан жуда муҳимдир ва биз бунга эришиш учун имкон борича ҳамма ишларни қиламиз, - деди Мирча Жоана.
XS
SM
MD
LG