Линклар

ҚОЗОҚ ДАШТИНИ ҚАНДАЙ ХУСУСИЙЛАШТИРМОҚЧИЛАР?

  • Сарвар Усмон

19 май куни Қозоғистон парламентида
республика ҳукуматига ишончсизлик билдириш масаласи овозга қўйилди. Натижа мана бундоқ бўлди: парламентнинг бир палатаси - Мажлис ишонмайди ҳукуматга, иккинчи палатаси - Сенат ишонади.

Қозоғистон бийлигининг икки бутоғи - парламент ва ҳукумат ўртасидаги даҳанаки жанглар тафсилотига чуқур кириб, бошингизни оғритмайлик-да тортишувга сабаб бўлган объект – Ер кодексига тўхталайлик.

Ҳа, парламент билан ҳукумат орасида "қора мушук оралаганига" шу қонун лойиҳасига парламентнинг муносабати сабаб бўлди. Ер кодекси лойиҳаси муаллифи, аслида ҳукумат эди. Парламентнинг қуйи палатаси ўша лойиҳани иккинчи ўқишда қабул қилди, яъни, бундан буён, Қозоғистонда ер хусусий мулк бўлиши мумкин, деган қарорни қабул қилди. Бироқ ҳукумат норози. Хўш, нега? Ахир, парламент ҳукумат таклиф қилган қонун лойиҳасини қабул қилмадими?

Масалага Озодлик радиоси Қозоқ хизмати ходими Султан Хан мана бундай аниқлик киритади:
- Ер кодексининг Парламент қабул қилган варианти оддий халқнинг ҳоҳиш-иродаси ифодаси бўлди. Агар кодекс ҳукумат таклиф қилаётган ҳолатда қабул қилинса, оддий деҳқоннинг ер сотиб олишга кучи етмайди. Сотиб олган тақдирда ҳам ерни ишлатишга, техникаю минерал ўғитлар сотиб олишга кучи етмайди. Ҳукумат варианти эса янги пайдо бўлган заминдорлар манфаатини кўзлаган, - дейди Қозоқ хизмати ходими Султан Хан.

Ҳукумат тақдим этган қонун лойиҳасига парламент 600дан зиёд ўзгартиш ва тузатиш киритди ва натижада лойиҳанинг сарлавҳасигина қолди ўзгармаган. Мазмуни бутунлай ўзгариб кетди. Шундан сўнг, парламентда 19 май куни кўрилган масала - мамлакат ҳукуматига ишончсизлик билдириш масаласини ҳукуматнинг ўзи кун тартибига чиқарди. Яъни, "биз тақдим этган қонун лойиҳаси ёқмаган экан, жавобимизни беринг", деган маънода. Ҳукуматнинг "бошини очиб қўйиш" учун овоз етмай қолди. Қонун ҳам муаллақ қолди.

Масала моҳиятига тўлароқ тушунишимиз учун Қозоғистон мустақилликка эришганидан сўнг бошланган ер ислоҳоти жараёнига бир назар ташлаб кўришга тўғри келади.

Аввалига совхозлар тарқатилиб, ер ва ундан ўз ҳоҳишига кўра фойдаланиш ҳуқуқи ишчиларга берилди. Бироқ, оддий деҳқоннинг ердан фойдаланишга кучи етмади. У тирикчилигини ўтказиш учун ерни ташлаб шаҳарларга кўча бошлади. Расмий маълумотларга кўра, бундай кўчманчилар сони бир миллион юз минг кишига етди. республика бўйлаб 200 дан зиёд қишлоқ ва овул бўшаб қолди. Бу ҳолатдан пулдорлар, давлат амалдорлари фойдаланиб қолдилар. Улар тобора қашшоқлашиб бораётган деҳқоннинг ер улушини арзон-гаровга сотиб ола бошладилар ва қисқа муддатда республика бўйлаб ўта йирик заминдорлар қатлами пайдо бўлди. Шу кунгача бу заминдорлар ҳужжатларда "ер ижарачилари", деб юритилар, ҳар бир заминдор ўз ерини хусусий мулк сифатида кўриш ниятида юрар эди.

Қозоғистонда ерга нисбатан хусусий мулкчилик шаклини жорий этишга ҳаракат бундан уч-тўрт йил аввал бошланган ва ўшандан буён мазкур масала республика жамоатчилигининг қизғин баҳс- мунозараларига сабаб бўлаётган эди. Мамлакат бўйлаб норозилик акциялари бўлиб ўтди. Кўплаб сиёсий партиялар ернинг хусусий бўлишига қарши эканликларини билдирдилар.

Шу ўринда мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг позициясига тўхталсак. Президент ернинг хусусийлаштирилиши тарафдори. Парламент билан ҳукумат ўртасида талаш-тортишга сабаб бўлган қонун лойиҳаси ҳам аслида президентнинг таклифи.

- Ерни хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини президент топшириғига биноан ҳукумат ишлаб чиқди ва парламентга топширди, - дейди қозоқ журналисти Султан Хан.

Демак, Қозоғистон парламенти қуйи палатаси –Мажлис ҳукумат таклиф этган Ер кодекси лойиҳасига 600 дан ортиқ тузатиш киритар экан, моҳиятан президентнинг таклифларига тузатиш киритди. 600 дан зиёд тузатиш тўғрисида батафсил маълумот беришнинг сира иложи йўқ. Шунинг учун қозоғистонлик сиёсатчилар бераётган баҳони яна бир марта айтиб қўйиш билан чекланамиз: Парламент ерни хусусийлаштиришга қарши эмас. Бироқ, у оддий деҳқоннинг манфаатини кўзламоқда. Ҳукумат ерни хусусийлаштириш тарафдори. Бироқ у таклиф қилаётган қонун оддий деҳқоннинг манфаатига хизмат қилмайди.

Хўш, Қозоғистон президенти бу масалада парламентни қўллаб қувватлайдими ёки ҳукуматними?

Республика парламенти аъзоси Жазбек Абдиев бу саволимизга мана бундай жавоб қилди:

- Бир нарса дейиш қийин. Қонун бўйича 10 кун ичида қонунни қабул қиладими ё қайтариб берадими, буни президентнинг ўзи ҳал қилади, - деди депутат Абдиев.
XS
SM
MD
LG