Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:54

Президент Владимир Путиннинг нутқи Россия сиёсатчилари ва тахлилчилари томонидан муҳокама этилди.


Россия президенти Владимир Путиннинг ўтган ҳафта сўзлаган нутқи ҳақида ўз вақтида атрофлича маълумот берган эдик. Президентнинг мазкур нутқи Россия жамоатчилиги орасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Айни пайтда, президент нутқи мамлакатдаги айрим сиёсатчи ва тахлилчилар иштирокидаги душанба кунги учрашувда чуқур муҳокама этилди. Йиғилиш қатнашчилари, келаси йили ҳукумат таркибида ислоҳотлар амалга ошириш ҳақидаги Путин режасини қўллаб-қувватладилар. Айни пайтда, улар мазкур ислоҳотлар қандай чора-тадбирларни ўз ичига олишини билмасликларини таъкидладилар. Владимир Путиннинг олий мақсадларни кўзлаган режасига кўра, Россия келажакда рақобатли иқтисодиётга асосланган дунёдаги кучли давлат бўлиши керак. Бироқ, мазкур режада бунинг учун қандай ишлар амалга оширилиши лозимлиги баён қилинмаган.

Кремл тарафдори бўлган сиёсатшунос олим Сергей Марков Сиёсатшунослик тадқиқот институти директори бўлиб ишлайди. Марковга кўра, президент Владимир Путин нутқида, ўз маъмуриятининг келгуси режаларини эълон қилган: “Менимча - Россияни дунёдаги қудратли давлатлар сафига қайтариш ҳақидаги стратегик мақсад белгиланган. Ўз навбатида, бу мамлакат миқёсида умуммиллий лойиҳа ишлаб чиқилиши ва унинг доирасида бошқа жамоа лойиҳалари ишлаб чиқилишини англатади”.

Россия президенти Владимир Путин ўз нутқида Россиянинг келажакда халқаро миқёсда рақобатбардош иқтисодиётга асосланган қудратли давлат бўлиши лозимлигини таъкидланган. Унга кўра, келаси ўн йил ичида Россияда ялпи махсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки баробарга кўпайиши лозим.

Фёдор Бурлацкий собиқ Совет Иттифоқи лидери Никита Хрушёвга маслаҳатчи бўлиб ишлаган. У Путиннинг нутқи кампаниябозликка асосланган, деган фикрда: “Мамлакатда ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш режаси ҳеч нарсага асосланмаган. Бу менга ўз кўрганларимни эслатади. Бир пайтлар Никита Хрушёв марказкўм қошидаги дастур аъзоларига ҳаммага яхши таниш бўлган таклифни йўллаган эди. Унда, ҳеч қандай асосга суянилмаган ҳолда, 20 йил ичида АҚШни қувиб ўтиш кўзда тутилган эди. Путиннинг нутқида ҳам советизм акс этган”.

Ветеран шарҳловчи Сергей Кургинян, Путинни мақташ ва уни танқид қилиш ноўрин эканини, чунки ҳукумат сиёсати - ёпиқ эшиклар ортида қарор қабул қилиш эканини, шу сабабли президент сўзлари мазкур жараёнга жуда кам таъсир этишини айтди.

Григорий Явлинский либерал “Яблоко” партияси лидери. Явлинскийга кўра, Путин ўз нутқида Россия ҳукумати “қудратли давлат” сиёсатини олиб бориши ҳақида тўғри сўзлаган. Явлинский: “Путин қонун хусусида хатоликка йўл қўйилганини дарҳол тан олди. Бу жуда аҳамиятга молик ва кам учрайдиган ҳол. Қонун эса – буюк давлатчиликни назарда тутган, яъни, сенга паспортимизни беришимиздан олдин сен атрофимизда бир оз эмакла. Биз киммиз-у, сен кимсан – деган маънода. У буни тушунган заҳоти қонунни тузатиш кераклиги ҳақида гапирди. Тузатиш - уни ярим либерал қилиш демакдир. Менимча, президент ўртага қўйган бошқа кўпгина муаммо ва вазифаларга ҳам айнан шундай ёндошилади”,-деди.

Явлинский суд органларининг мустақил эмаслиги, матбуот эркинлиги ва сайлов натижаларининг соҳталаштирилиши муаммоси, ҳуқуқ-тартибот органлари устидан назорат, шунингдек, бизнес ва сиёсатнинг бир-бири билан аралашиб кетгани - Россиянинг энг долзарб муаммолари эканини айтди. Григорий Явлинский сўзида давом этиб: “Президент Владимир Путин ўз нутқида мазкур муаммолар ҳақида нега гапирмади? У коррупция ҳақида нега гапирмади? Чунки, унда бу саволларга жавоб йўқ”,-деди.
XS
SM
MD
LG